Ўзбекистон бокс федерацияси World Boxing аъзоси бўлдиБу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган ташкилотнинг расмий сайти хабар тарқатди.
Хабарда келтирилишича, “дунё олимпия боксида катта мавқеига эга Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг World Boxing аъзолигига қўшилиши бокснинг Олимпия оиласида қолишига бўлган ишончни мустаҳкамлади”.
Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ЎзА мухбирига билдиришича, мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари Халқаро бокс ассоциацияси тизимидаги мусобақаларда иштирок этишни давом эттираверади. Ўзбекистон бокс федерациясининг World Boxing аъзолигига ўтиши эса бокснинг Олимпия ўйинларидаги ўрнини сақлаб қолишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, World Boxing ташкилотининг амалдаги раҳбари нидерландиялик Борис ван дер Ворст бундан бир ой муқаддам, яъни октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкентда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари билан учрашув ўтказганди.
@uzasport