#hadis_sharhi
🗣
Ёлғон қасам ва гуноҳи кабираларАбдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтирмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, одам ўлдирмоқ ва ёлғон қасам ичмоқдир". (Бухорий ривояти)
💬 Шарҳ:
Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр бу ҳадисда ҳикоя қилишларича, саҳрода яшовчи аъробийлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, гуноҳи кабиралар — энг катта гуноҳлар қайсилигини сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг катта гуноҳ Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиш ила
Аллоҳга ширк келтиримоқ эканини хабар бердилар.
Аъробий у зотдан янада кўпроқ билиб олишни хоҳлаб, Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги ўринда қайси гуноҳ энг каттаси эканлигини сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ота-онага оқ бўлмоқ", дедилар. Яъни, уларга ёмон муомала қилиш, ҳақларини адо қилмаслик, одамлардан уларга лаънат олиб бериш, яхши ишларга буюрган пайтда исён қилиш, уларга ғазаб қилиш, ҳожатларини чиқармаслик, уларга раҳмдиллик қанотини паст тутмаслик.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларида давом этиб:
"Одам ўлдириш", дедилар. Ноҳақдан қон тўкиш улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Бу ишга қўл урган кимсаларга турли хил азоблар ваъда қилинган.
Аъробий мазкур гуноҳлардан ташқари яна қайси гуноҳлар энг каттаси эканлигини сўради. Унга жавобан Пайғамбаримиз:
"Ёлғон қасам", дедилар. Бир ишнинг ёлғонлигини билиб туриб, уни ҳақ деб қасам ичиш. Ҳадиси шарифда бу "ғомус" деб сифатланди. Луғатда غمس — "ботирмоқ" деган маънони англатади. Ғомус қасамини ичган шахс ҳам ўзини дўзахга ботирган бўлади.
✍️ Ибн Ҳиббон ривоятида ҳадиснинг ровийси Фирос ибн Яҳё Ҳамдоний ғомус қасамининг маъносини ўзининг устози Омир ибн Шураҳбил Шаъбийдан сўради. Шаъбий:
"Биродарининг молини ноҳақдан тортиб олиш учун ёлғондан қасам ичиш" деди.
Ёлғон қасам ичиш борасида умумий қайтариқлар жуда кучли. Агар мусулмон биродарининг молини тортиб олиш учун ёлғон қасам ичса, гуноҳнинг шиддати янада қаттиқ бўлади.
Абдуллоҳ Абдулвоси, ҲИМ талабасиt.me/muhaddisuz