«Wizz Air» билан учманг!
Ҳеч қачон! Ҳеч қаерга!
Шўрим қуриб, Малдивидан Абду Дабига худди ана шу «Wizz Air» компаниясининг самолётига чипта олибман. Ўзи отам раҳматли бекорга “Арзон беиллат бўлмас”, деб айтмас эдилар, амал қилмадим.
Чипта бизда-ку, деб учишга икки соат қолганда аэропортга келдик.
– Учишга уч соат қолгунича интернет орқали самолётдан жой брон қилишларинг керак эди, – деди рўйхатдан ўтказаётган «Wizz Air» компанияси ходимаси.
– Бизга фарқи йўқ, энг охирги қаторнинг энг охирги жойи ҳам бўлаверади, истаган жойингни ёзиб беравер! – дедим.
– Ўша жойни ҳам брон қилиш керак эди!
– Энди-чи, энди нима қилишим керак? – сўрадим.
– 100 доллар тўлаб, жой оласиз!
– Э, қисталақ, иккита жойни олиш учун 100 доллар тўлайманми? Тўламасам, нима бўлади?
– Сизни самолётга чиқара олмаймиз, қолиб кетасиз, тамом-вассалом!
Бир ўрис гапга аралашди:
– Ошна, индамай, 100 доллар тўлаб, самолётга чиқавер, биз кўрдик, бир нечта йўловчи олдинги рейсдан қолиб кетди, булар 100 доллар олмаса, самолётга чиқармайди.
100 Евро берсам, қайтимини ҳам бермади:
– Бизда Евро билан долларнинг курси бир хил.
Абу Дабида ҳам ишкал чиқмасин, деб чипталарни интернетдан олиб берган танишимиздан аниқлаштириб олдик, “Транзит билан учиб кетувчи йўловчилрга регестрация керак эмас экан”, деди танишимиз. Абу Дабига келиб, чипталаримиз транзит бўлгани учун энди тўғри самолётга чиқиш эшиги олдига бордик.
Учишга озгина қолганида «Wizz Air» компанияси ходими келиб, “Транзит билан учаётган йўловчилар ҳам регистрациядан ўтишлари шарт”, деб қолди.
– Аёлим ҳам бориши керакми ё ўзим бориб келсам бўладими? – деб сўрадим.
– Аёлинг бориши шарт эмас, – деди «Wizz Air» компанияси ходими.
Регистрацияга бордим, регистрациядан ўтказди, аёлимнинг паспортини узатсам:
– Аёлинг ўзи келиши шарт! – деди «Wizz Air» компанияси ходими.
– Энди уни олиб келишга улгурмайман, ёзиб бера қол! – ёлвордим турли тилларда.
«Wizz Air» компанияси ходими эшитишни ҳам истамай, тескари ўгирилди.
Яна эшикка чопдим. Ҳансираб етиб бориб, аёлимни эргаштириб, регистрацияга чопдик.
– Регистрация ёпилди! – деди «Wizz Air» компанияси ходими.
– Ҳали самолёт учгани йўқ, барака топгур, регистрация қила қол! – ёлвордик унга.
Қулоқ ҳам солмади. “Клосс!” деди, тамом.
«Wizz Air» компанияси масъул ходимига учрашдик. Нима қилиб бера олишини сўрадик.
– Эртанги рейсга янги чипта бера оламан, бошқа ёрдам бера олмайман, – деди «Wizz Air» компаниясининг масъул ходими.
– Қўлимиздаги чипта-чи, у нима бўлади?
– Куйди!
– Маълум фоизини ҳам қайтариб бермайсизми?
– Қаердан олган бўлсангиз, ўша ерга мурожаат қиласиз бу масалада.
Наилож, иккита янги чипта олдик. Шўрим қурсин, яна «Wizz Air» компанияси самолётига чипта берибди!
“Чўртисним”, дедик ва жомадонларни олиб келайлик, десак, энди бизни самолётга чиқиш эшиги томонга ўтказишмади.
Ана холос. Энди бола-чақага олган совғаларимиз нима бўлади?
Куёвимиз билан боғландик, у Канададаги аэропортда ишлайди, буларнинг тилини билади.
– Кутиш залидаги каттасини топиб, телефонни унга беринг! – деди куёвим.
Топдик. Куёвим у билан чуғурлашди.
– Фалон ерда “Топилмалар бюроси” бор экан, шунга учрашар экансиз, – деди куёвим.
Топдик.
– Буюмларингиз уч сутка ичида бизга келади, – деди “топилма”.
Яна куёвим билан аэропорт маъмурини боғладим. Барака топгур, яхши одам экан, нарсаларимизнинг телефонимизда қолган суратини (яхшиям суратга олган эканмиз!) телефонига суратга олиб, бир ходимини эшикка юборди. Ярим соатда у ходим эшик олдида қолиб кетган жомадонларимизнинг янги суратини олиб келди.
– Шуми? – сўради аэропорт маъмури.
– Шу, – дедим топилганидан суюниб.
– Энди буни полиция ходимлари олиб, текшириб, “Топилмалар бюроси”га келтириб беради, кейин оласизлар, – деди маъмур.
Бюро олдида икки соат кутдик. Ниҳоят, келди.
– 30 доллардан 90 доллар тўлайсизлар, – деди “топоғон”.
Савдолашмоқчи эдик, полиция чақираман, деди. Ноилож, яна 90 доллар бериб, ўз жомадонларимизни сотиб олдик.
Ҳамма нарса тургандек, аммо невараларни хурсанд қиламиз, деб Малдивидан олган, Ўзбекистонда йўқ меваларни полициячилар олиб қўйишибди. Улар ҳам болаларини хурсанд қилмоқчи бўлишгандир-да?