Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича ҳуқуқшунос Умида Ҳакназар электромобиллар утилизацияси учун йиғим миқдори оширилгани ҳақида
Ўзбекистонга импорт қилинадиган электромобиллар утилизацияси учун йиғим миқдори оширилиши амалда ЖСТ тамойилларига зид ва
халқаро савдода камситишга йўл қўймаслик бўйича асосий қоидани бузади.
Бундай чора тарифлар ва савдо бўйича Бош келишувнинг (ГАТТ) III моддасида мустаҳкамланган миллий режим тамойилини бевосита бузиш ҳисобланади. Бу тамойил солиқ ва йиғимлар импорт қилинадиган маҳсулотларга ҳам, маҳаллий маҳсулотларга ҳам тенг қўлланишини талаб қилади. 2030 йилгача маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ундан озод қилган ҳолда фақат импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими жорий этилиши яққол дискриминацияни ифодалайди.
Бу, шунингдек, энг кўп қулайлик режими тамойилини ҳам бузади, чунки утилизация йиғими бир текис қўлланмаяпти: хусусан, BYD каби баъзи ишлаб чиқарувчилар истисно қилинмоқда, бу баъзи мамлакатлар ва етказиб берувчиларни бошқаларга нисбатан афзал қилиб қўяди.
Ўзбекистонда ҳалигача электромобиль аккумуляторларини қайта ишлаш инфратузилмаси мавжуд эмас. Бундан келиб чиқадики, йиғимни жорий этиш ҳақиқий экологик чоралар билан қўллаб-қувватланмаган ва кўпроқ импортни чеклашга қаратилган протекционистик чорага ўхшайди, бу эса охир-оқибатда истеъмолчилар зиммасига юк бўлади.
Умида Ҳакназарнинг қўшимча қилишича, ягона қонуний протекционистик чора музокаралар жараёнида маълум даражада «боғланган» импорт божлари қўлланиши ҳисобланади ва уларни кейинчалик ўзгартириш ЖСТ аъзолари билан қўшимча музокаралар олиб боришни талаб қилади.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ўз истеъмолчиларига «қайғуриши» ва кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, электромобилларга ноль ставкадаги импорт божларини қўллаётгани туфайли утилизация йиғими жорий этилиши ўзини оқлаши ҳақидаги аргумент «ҳеч қандай танқидга дош беролмайди».
«Амалда регулятор бу йиғим „яширин бож“ эканлигини очиқ тан олмоқда, бу эса халқаро савдо қоидалари билан бевосита тақиқланган. Шундай экан, импорт учун маълум ставкадаги божни таклиф қилиш ва музокаралар давомида ҳамкорлар билан келишиб олиш яхшироқ эмасми? Ҳар ҳолда бу инсофдан бўларди», — деб ҳисоблайди у.
Батафсил бу ерда:
https://www.gazeta.uz/uz/2025/02/14/recycling-fee/