ШАХСИЯТИ ДИЛБАР, ИЖОДИ БЕТАКРОР
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 16-аср ўзбек шеъриятининг энг буюк сўз санъаткоридир. У Низомий, Хусрав Деҳлавий, Лутфий, Навоий анъаналарини юксак маҳорат билан давом эттирди. Бор-йўғи 47 йил умр кўрган бўлса-да, икки девон, “Мубаййин”, “Рисолаи Волидиййа”, “Бобурнома” каби нодир асарларни яратди. Аруз, қофия, мусиқа ва ҳарб ишига оид рисолалари билан илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Унинг лирик мероси ҳажми у қадар катта бўлмаса-да, мавзулар олами, шаклий такомили ва бадиияти жиҳатидан ниҳоятда гўзаллиги, мукаммаллиги билан ажралиб туради. Бобур шеъриятининг муҳим жиҳатларидан бири унинг шеърлари тарихий воқеа ва ҳодисалар билан чамбарчас боғланиши ҳамда ўша давр воқелигини содда ва равон услубда ифодалашидадир. Тирик ва фаол сўзлар ила ҳайрат маҳсули шеър яратиш – чинакам маҳорат. Бу Бобур шеъриятининг умрбоқийлигини таъминлаб турган бош мезондир.
Бобур шеъриятида олти байтли ғазаллар кўпчиликни ташкил этади. Буни Бобур ғазалиётига хос алоҳида хусусият сифатида эътироф этиш жоиз. Бобур шеъриятининг характерли белгилари, ғоялар олами сифатида яна қуйидагиларни айтиш мумкин: унинг табиатга яқинлиги, ҳис-туйғуларини табиатнинг серхаёл ва улуғвор оҳангларига мослаб ифода қилиши, айрилиқ ва соғинч, интизорлик изтироблари муносабати билан туғилган ҳасрат аралаш шодлик туйғуларининг ошиқона кечинма ва некбин кайфиятларда қуйилиб келиши, “нафс буйруғи била” юриб, “нафс ёғини мағлуб” эта олмаган пайтларини мардона тан олиши, “давлатқа етиб”, шоҳ бўла туриб ғафлатда қолиб, шароб ичиб ва бошқа номуносиб ишлардан тавба қилган пушаймонлик ҳолини ғурур дарғаси ва номус сарварининг ўтли овози ила баралла айта олиши асрлар оша авлодлар эътиборини тортиб келмоқда.
Ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатлари билан рўбарў келган шоирнинг эътиқоди поклик ва нопоклик, маърифат ва жаҳолат курашларида тобланади. Уни ана шу чин эътиқод Оллоҳга яқинлаштиради. Сабр ва матонат билан даҳри дун машаққатларига елка тутганлиги учун қийин вазиятларда Ҳақ таоло уни қўллайди.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор шахсияти Бобур эътиқодининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган ва нажоткор зот сифатида унга мадад бериб турган. Бобурда Хожа Аҳрорнинг “Волидиййа” асарини назм билан туркийга таржима қилиш фикри уни иситма тутиб турган кунлари келади ва у буни амалга оширади. Бунда ҳам каромат содир бўлади: Бобур Мирзо асарни таржима қилиб бўлиши билан соғайиб кетади.
Энг қалтис ва оғир вазиятларда ҳам қалбига ижодни сиғдира олган Бобур Мирзо шахсиятидаги мардонавор руҳ, шижоат, катта умид, умид ортидаги ойдинликка ишонч, жон томирларига туташ ватани ва заҳматкаш элига жонидо муҳаббат, қатъият акс этган асарлари асрлардан асрларга ўтиб, бу уйғоқ туйғулар гоҳида мунг, гоҳида шиддаткорлик ила юрагимизга киришга шайланиб туради. Бу Бобур Мирзо шахсияти ва ижодиётининг абадийлиги шаҳодатидир.
Наззора БЕКОВА,
БухДУ ўзбек тили ва адабиёти кафедраси
профессори, филология фанлари доктори
Уланиш учун: https://t.me/ijod_bustoni