Ҳалол топилганнинг баракаси бор,
Томчилаб томгани умрингга етар.
Бироқ, иймонингга тушириб ғубор,
Ҳаромдан топганинг ҳаромга кетар.
Буюрмайди, ҳатто, молу давлатинг,
Чўкиб борар ҳар он тоғдек савлатинг,
Тунлари бедорсан - йўқ ҳаловатинг,
Ҳаромдан топганинг ҳаромга кетар.
Уради бир куни болангга касри,
Бузилади, ҳатто, авлодинг насли,
Куйиб кул бўлади саройинг, қасринг,
Ҳаромдан топганинг ҳаромга кетар.
Давлатинг соврилар фахшу зинога,
Улфату ичкилик, кайфу сафога,
Қилгам дуоларинг етмас самога,
Ҳаромдан топганинг ҳаромга кетар.
Балки, қўли узун тўрасан бугун,
Казо-казоларга жўрасан бугун,
Лек тавба қилмасанг, кўрасан бир кун,
Ҳаромдан топганинг ҳаромга кетар.
©️ Вафо Мўмин