hasan.juraev


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Art


Ҳасан Жўраев театр кундаликлари.
Муҳокама/Обсуждение - @teatr_uzb
Видео - @teatraluz
Youtube - https://www.youtube.com/@hasanjuraev
Mover - mover.uz/channel/hasanjuraev
Алоқа учун @Rnmnnnn @uzteatral

Related channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Art
Statistics
Posts filter


- Йўқ, бу ақлга сиғмайди, ақлга сиғмайди! Ёки мен жинни бўлганманми, ёки... ёки...
- Жан, Александрнинг гапини қайтарма. Ишон, у оқ-қорани сен-мендан кўра яхши билади.

Чехов. "Ваня тоға"
(Тўла Хўжаев таржимаси)
Ҳамза театрида қўйилган спектаклдан лавҳа (1958 йил). Войницкий ролида Шукур Бурхонов, Серебряков - Қудрат Хўжаев, Войницкая - Марьям Ёқубова.


Суҳбат чўзилиб кетган назаримда, натижада суҳбатни охирида қандай фикр айтилмоқчи ўзи деган савол жавобсиз қолгандек. Суҳбатни бошида айрим яхши фикрлар айтилди, кейин эса узундан узоқ цензура атрофидаги гапларга ўралашиб қолинди. Цензура бу театрлар учун 3-4чи муаммо.

Асосийси, театрларда ижодий муҳит йўқлиги, изланиш йўқлиги, режиссерлар учун етакчи жаҳон театрларида, етакчи режиссерлар олдида стажировкада бўлиш имконияти йўқлиги. Ёш дейилаётган режиссерлар айрим давлат театрларида бош режиссер этиб тайинланганидан кейин ҳам театрда сифат ўзгариши бўлгани йўқ, ўша-ўша юзакилик.

Давлат театрларида ёш режиссер постановка плани, бирор аллома юбилейига буюртма спектакли, театр директорига ижодий масалаларда бўйсиниш омиллари туфайли бўш, саёз спектакллар штамповкасига ўтиб қоляпти. Натижада театрда ўз “ижодий” тақдирига кўникиб улгурган актерлар сингари, режиссерда ҳам ўз ўртамиёна ижодига, Стокгольм синдромига учраган одамдек, кўникиш пайдо бўляпти. Бунинг устига шундай саёз спектакллар учун давлат унвонлари берилиши, мукофот билан тақдирланиши ёш режиссерда ўртамиёналик ижод чўққиси экан, деган нотўғри тасаввур беряпти.

Спектакллар учун ажратилаётган давлат буюртмаси режиссерларни сифатли, бадиий юксак спектакллар яратишга эмас, буюртма маблағни ўз муддатида “ўзлаштириш”, вазирлик бадиий кенгашидан “ўтказиб олиш” ва яна саёз спектакллар оқимини давом эттиришга имкон яратяпти.

Суҳбатда давлат театрларини бюджетдан ажратиб, ўзини молиялаш тизимига ўтиш муҳокама қилинди. Бу радикал чора, лекин ўн йиллаб давом этаётган театрлардаги ижодий инқироз туфайли эҳтимол шу чора тўғримикан, деган савол юзага келади. Албатта, бу тартиб жорий қилинадиган бўлса давлат томонидан катта ёшдаги театр санъаткорлари учун ижтимоий ҳимоя чоралари кўрилиши керак.

Театрда ижодий лабораторияларни ташкил этиш, ўз кучини синаб кўриш истаги бўлган режиссер, рассом, актерлар жамоасига кичик саҳна, театр фойеси каби жойларда спектакл эскизини яратиш, томошабин, театр мутахассислари учун эскизлар кўригини ўтказиш, яхши баҳоланган эскиз асосида спектакл яратиш учун шароит қилиб бериш каби имкониятлардан кўп бора айтилишига қарамай давлат театрлари юз ўгириб келмоқда. Театр раҳбарлари учун ижодий лабораториядан кўра вазирлик мансабдорлари билан “иноқлик” афзал.

https://m.youtube.com/watch?v=bZ5sPXUOfns


Бугун Татаристонда Камал театри янги биносининг очилиш маросими бўлади. Янги бинода биринчи спектаклни 27 март Халқаро Театр куни намойиш қилиш режа қилинган.

Камал театрининг янги биноси 7 қаватдан иборат, жами сатҳи 56 минг м², тўртта томошабин зали бор, улар энг замонавий технологиялар асосида қурилган. Бинода кўргазма, концерт, аудиовизуал тадбирлар ўтказиш, фильм ва клипларни суратга олиш учун жойлар бор.


2025 йилда ТУРКСОЙ давлатлари халқаро театр фестиваллари Қозоғистонда ўтказилади. Талабалар театрларининг III фестивали май ойида ўтади. Танлов Олма отадаги Бадиий академия базасида ўтказилади. Фестивалда ҳар бир республикадан фақат битта студентлар театри қатнашади. Фестивалга юбориладиган спектакллар 15 апрелга қадар танлаб олинади.

Туркий давлатлар театрларининг III халқаро фестивали эса Актау шаҳрида сентябр ойида ўтказилиши режалаштирилган. Бу йилги фестивалда Россиянинг туркийзабон республикалари – Татаристон ва Бошқирдистон театрлари иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга, фестивал меҳмони сифатида Тожикистондан театр таклиф қилиниши мумкин. Ушбу фестивал учун танлов ва номзодлар июн ойида амалга оширилади.


Режиссер Тимофей Кулябиннинг Новосибирскдаги «Красный Факел» театрида қўйган “Онегин” (2012) спектаклида Пушкин асарининг замонавий талқинини кўрамиз. Бугунги Онегин ҳеч нарсадан завқ олмайди, бир хил ўтаётган кунлар, еб-ичиш, клубларда рақс тушиш, тўшакдаги қизлар, уларнинг ясама оҳ-воҳи, ҳаммаси ўша-ўша. Ушбу спектаклда Онегин ва Ленский муносабатларига бағишланган мизансаҳналарга тўхталмоқчиман.

Сценография ечимига кўра саҳнада уч тарафдан гипсокартон девор билан хона интерьери ташкил қилинган, деворлар кулранг, саҳна юзи ҳам шу рангда, бир бурчакда Евгенийнинг иш столи, ўртада стол ва курсилар, яна бир бурчакда патефон, қарама-қаршида эса зинапоя. Режиссер Римас Туминас Вахтангов театрида саҳналаштирган “Евгений Онегин” спектаклидан (“Ўзим иқрор бўлай, одамлар кўп вақт/Бекорчиликдан дўст тутинар кўп вақт” Ойбек тарж.) фарқли равишда Кулябин ўз спектаклида Онегин ва Ленскийнинг танишуви, дўстлигига алоҳида урғу беради.

Мизансаҳналарнинг бирида қишлоқдаги уйида яшаб, ҳаётдан зериккан Евгений навқирон, шоиртабиат, томирида ҳаёт жўш ураётган Владимир Ленский билан учрашади. Патефондан янграётган Мадоннанинг “Jump!” (Сакра!) қўшиғи садолари остида йигитнинг стол ва курсилар аро “паркур” ҳаракатларини, деворга шеърий сатрлардан айрим сўзларни бўр билан ёзишини Онегин аввалига киноя билан кузатиб, кейин ўзи ҳам Ленский сўзларига ҳазил қофияларни деворда ёза бошлайди. Улар ўртасидаги илиқлик, ўзаро қизиқиш пайдо бўлади. Шундай “мушоира” жараёнида ёзувлар билан тўлиб кетган хона деворлари янги дўстликнинг рамзи сифатида намоён бўлади. Евгений ҳаётдан яна маъно топгандек бўлади.
Онегиннинг қасоскор, Ольганинг беқарор, енгилтабиат ҳатти-ҳаракати туфайли дуэль тайин бўлган. “Душманлар! Кўпданми қоннинг чанқоғи/Айирди уларни бир-бирисидан?” Дуэлдан олдинги мизансаҳнада Ленский, яна Онегин билан танишув саҳнасидек, чуқур ўй-ҳаёллардан чалғиш учун бўр билан нималарнидир ёзмоқчи бўлади, секунданти “картабоз” Зарецкий билан “паркур” ҳаракатларига уринади, лекин барчаси бефойда – бўлиб ўтган воқеалардан эсанкираган Ленский сакраётиб, ҳар сафар йиқилади, деворга ҳам бирор сатр ёзолмайди.

Дуэль якунлангач, хонага дадил қадамлар билан челак ва латта кўтарган йиғит-қизлар кириб келади, улар яна ўша “Jump!” қўшиғи ритмида хонани йиғиштириш, деворларни тозалашга киришади. Ҳозиргина дўстини отиб ўлдирган Онегин энди кўзи олдида дўсти ҳақида хотираларни ҳам “ўчирилишини” кўради. Евгений уларга қаршилик кўрсатади, уларни тўхтатишга уринади, бу уринишлар зое. Режиссер талқинида саҳна юзаси, девордаги ёзувлар – барчаси Онегин ва Ленскийнинг бирга ўтказган кунлари, суҳбатлари, муносабатларининг метафорик ифодаси. Режиссер дўстликнинг пайдо бўлишидан, фожеавий якунигача бўлган жараённи мусиқа, ҳаракатлар, шеърий роман сатрлари билан йўғрилган бадиийлик орқали, ёш, маҳоратли актерлар ижроси орқали таъсирчан ифодалайди.

Уруш бошланганидан сўнг Кулябин кўпгина бошқа режиссерлар қатори Россияни тарк этди. Бугунги кунда режиссер Европа театрларида (“Авлиддаги Ифигения” Эпидавр театри, “Учинчи империяда қўрқув ва умидсизлик” Баден театри) спектакллар қўймоқда.




Татаристоннинг Камал театри "Науруз-2025" халқаро театр фестивалида қатнашиш учун театрлардан ариза қабул қилишни бошлади, аризаларни 1 февралгача юбориш мумкин. Фестивал 2025 йил июн ойида ўтади.
https://kamalteatr.ru/projects/nauruz/xvi-mezhdunarodnyy-teatralnyy-festival-nauruz-2025/


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Кеча 2 декабр куни "Культура" каналида "Кузатувчи" (Наблюдатель) кўрсатуви намойиш қилинди. Унда дунёдаги таниқли шекспиршунос олим Алексей Бартошевич иштирокида Москва театрларида Шекспир асарлари бўйича қўйилган янги спектакллар муҳокама қилинди. Муҳокама савияси, спектакллардан лавҳалар, режиссерлар ва театршунос билдирган мунозарали фикрлар яхши таассурот қолдирди.

Афсуски, бизда Шекспир ижоди билан тузукроқ таниш театршуноснинг ўзи йўқ, Драма театрида қўйилган "Ромео ва Жульетта"ни айтмаса, Шекспир бўйича қўйилаётган спектакллар ниҳоятда ғариб, айрим режиссерларимиз асарга ўз ёндошувини асослаш у ёқда турсин, ўзларига буни эп ҳам кўришмайди, чамаси. Ҳали ўзбек тилига таржимонини кутиб ётган Шекспир асарлари ҳам талайгина.

Шунинг учун "Маданият ва маърифат" каналининг "Биргаликда ўқиймиз", "Очиқ намойиш"даги айрим эътиборга лойиқ муҳокамаларни айтмаса, ушбу видеодаги каби савияли, яхши спектакллар асосида олиб бориладиган муҳокамалар ҳақида ҳозирча фақат ҳавас қилишимиз мумкин.


Чехов номидаги халқаро театр фестивали 2025 йил дастурини эълон қилди. Унда кўплаб Осиё, Лотин Америкаси, Европа, Африка, ҳамдўстлик давлатлари театрлари қатнашади. Олдинги икки фестивалда Ўзбекистондан Сирдарё вилоят театри ўз спектаклларини кўрсатган эди, 2025 йил дастурига ўзбек театрлари киритилмаган. Фестивалда қўшни Қозоғистондан "StarTDrama" лабораторияси "Султан Бейбарыс" спектакли билан қатнашади. Фестивал спектакллари 23 майдан 25 июлгача намойиш қилинади.


Озарбайжоннинг Шеки шаҳрида 1 декабр куни 4- халқаро театр фестивали бошланди. Фестивалда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Эрон театрлари қатнашяпти. Ўзбекистондан фестивалда Самарқанд мусиқали драма театри "Ишқ бўстони" (Алишер Навоийнинг "Лисонут тайр" асари асосида, режиссер Ш. Санақулов) спектаклини кўрсатади. Фестивал 5 декабргача давом этади.

Самарқанд вилоят театри жамоасига омад тилаймиз.


Режиссер Сайфиддин Мелиевнинг сўнгги спектаклларида аёл образи диққат марказида туради, уларнинг ҳар бирининг тақдирида ўхшашлик бор, улар қатъиятли, аёллик бахтини излайди, севади, лекин уларнинг ҳаёти фожеали якун топади. Агар “Ҳамма қўшиқ ишқ ҳақида” қаҳрамони ўз севгиси йўлида жиноятга қўл урган бўлса, “Қизил олма”да оғир касаллик уни энди топган ёридан ажратади, “Райҳон иси таратган аёл”да эса қаҳрамон мавжуд урф-одатлар қурбони бўлади.
С. Мелиев ўз ижодида аёл образига кўп марта мурожаат қилган. “Медея” спектаклида қадимги грек афсонаси ўзбек заминида, миллий урф, қўшиқлар орқали юксак фожеа даражасида кўрсатилган. “Тўмарис”да босқинчилик уруши шароитида ўз қабиласи, халқи учун етакчилик қила олган миллий қаҳрамон гавдаланган. “Ўлан”да сўнгги нафасигача, катта оиладаги можароларга қарамай, ҳаммани бирлаштира олган, маънавий устун бўла олган момо образини кўрамиз. Бу спектаклларнинг ҳар бири режиссер маълум бир поғонани босиб ўтганини кўрсатарди.


“ArtHouse Hamsa” ижодий устахонаси ташкил этилганидан бери иккинчи премьера намойиш қилинди. “Райҳон исини таратган аёл” спектакли А. Дюманинг “Камелияли хоним” асари асосида саҳналаштирилган. 1848 йилда ёзилган “Камелияли хоним” романи пьеса ва опера (“Травиата”) шаклида жаҳон театри саҳналаридан тушмай келмоқда. Спектаклда А. Дюма асари миллий замон ва маконга кўчирилиб, воқеаларнинг умумий негизи сақланган. Инсценировка бўйича жуда бой додҳонинг хотини бўлмиш аёл ва воҳадан пойтахтга келган йигит ўртасида ногаҳон муҳаббат юзага келади, лекин уларнинг муносабати қарама-қаршиликлар, аёлнинг путур етган соғлиги боис узоққа чўзилмаслиги бошидан аён.

Спектакл биринчи навбатда ўзининг ёрқин ранглари, эстетикаси билан эътиборни тортади, саҳна сатҳи ва декоратив элементларда тўқ қизил ранг устунлик қилади, оҳори тўкилмаган либослар ҳам рангбаранглик бағишлайди. Бундай рангларнинг танланиши, француз воқелигидан келиб чиқадиган бўлсак “будуар”, ёки ўзбекчасига “ичкари”, хоналар безагидан келиб чиқилган бўлса, ажабмас.

Спектаклда рақс, кичик хореографик этюдлар орқали персонажларнинг руҳий ҳолати кўрсатилади. Юлдуз Ражабова ижросидаги Аёл йигит билан рақс давомида бир дақиқа кулиб турган бўлса, кейинги сония кўзларида ташвиш, касалмандлик акс этади. Хуршида Арабшоеванинг Хизматчи образида аёлнинг оғир дамларида ёрдам берувчи сирдош инсон намоён бўлади, улар бир-бирининг қошига ўсма қўяди, хурсандчилик вақтида биргаликда рақс орқали ўз шодлик, кўнгилҳушликларини кўрсатади.

Йигит ва Аёлнинг висол оқшоми, хайрлашув кечаси мизансаҳналарида нозик нақшлар билан безатилган елпиғич декоратив элементи ҳам хореографик ҳаракатлар иштирокчиси, ҳам шарқона пинҳоналик, ҳам ишқ метафораси. Йигит ва Аёл иштирокидаги саҳналарда самимийлик бор. Аёл танишув мизансаҳнасида йигитга бир яхши гапирса, яна бироздан сўнг шаддодлиги тутиб, “сизга мендан ўзи нима керак” деб, тергагандек бўлади. У йигитга ўз мойиллигини кўрсатиб, орқа дарвозанинг калитини узатар экан, яна сал ўтмай, ўз бахтига ишонмай турган йигитчага эшик ичкаридан тамбаланиши мумкинлигини айтиб, эсанкиратиб қўяди. Аёл йигит тимсолида узоқ вақт излаганини топгандек, севиш, севилиш бахтига эришгандек. Лекин уларнинг муҳаббати олдида енгиб бўлмас тўсиқлар борлигини билади, шундай бўлса-да, у бир кунлик бахт оғушида маст.

Жўрабек Арзиев ижросидаги Додҳонинг ҳаракати, сўзида вазминлик сезилади, у ортиқча гапирмайди, финал саҳнасида қўлининг кескин ҳаракати билан аёл ҳаётига нуқта қўяди. Додҳо эпизодик персонаж, лекин шу икки кўринишда бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлади, актер ўз образини қисқа бўёқларда ҳажмдор гавдалантиради.Додҳо нафақат ўз даврининг одами, бугунги кунда аёллар ҳуқуқсизлигини табиий деб ҳисобловчилар, ижтимоий тармоқларда аёлларга нисбатан зўравонликни оқловчилар ундан узоқ кетмаган.

Яна бир эпизодик персонаж Она ўз ўғлини турмуш қурган аёл домидан қутқариш учун аввалига Аёлга таҳдид қилади, кейин унга ўзининг оналик бурчини эслатиб, ўғлини тинч қўйишга ўтинади, сўнгги саҳнада эса Додҳони бошлаб келиб, ўзининг маккорлигини намоён қилади. Гулхумор Абдуллаева ушбу персонаж характерининг турланишини кичик мизансаҳналарда ишонарли кўрсатган. Финалдаги унинг айёрона кулгисидан кейин эса томошабинда шундай нафрат туғиладики, актер учун ўз қаҳрамонига нисбатан бу каби кучли эҳтирос уйғота олишининг ўзи катта гап.

Турли театрларда шаклланган, ўзбек актерлик мактаби ҳамон яшаётганини кўрсатувчи актерлар ансамбли (Юлдуз Ражабова, Хуршида Арабшоева, Жўрабек Арзиев, Гулхумор Абдуллаева, Раҳматжон Абдуқодиров) спектаклнинг ютуқларидан бири. Биз улардан кейинги спектаклларда ҳам жонли образлар, хилма-хил характерлар кутамиз.

















20 last posts shown.