1913 йил 22 февраль – Санкт-Петербургда Бухоро амири томонидан бунёд этилган масжид тантанали очилди. Унда отаси Абдулаҳадхондан сўнг тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1920) билан бирга Хива хони Асфандиёрхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1918) ҳам иштирок этди.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат – Бухоро ва Хива ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашиб, суҳбатлашган (аслида бу икки ҳукмдор 1911 йил январда шу шаҳарда илк бор учрашган, лекин айрим сабабларга кўра суҳбатлашмаган).
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ХIХ асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, шаҳар мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди. Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқада бўлган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари 1885–1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади.
Акбар Замоновнинг ёзишича, шу тариқа, мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади.
Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилда оламдан ўтади. Бироқ масжид қурилиши тўхтамайди.
Kanalga ulanish⤵️
@har_sohadan_2020