Давлатимиз ҳудудидан ташқарида тузилган никоҳлар ҳақиқий деб ҳисобланадими?Оила кодексининг 235-моддасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида тузилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар Оила кодексининг 16-моддасида (никоҳ тузишга: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида; насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида; лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди) назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл фуқаролари ўртасида бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда тузилган никоҳларнинг ҳам Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилиши белгиланган.
Ушбу модда мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг шу мамлакатда жойлашган консуллик муассасасидан ташқари, ушбу мамлакатнинг ваколатли органларида ҳам никоҳларини қайд этишлари мумкин. Бундай никоҳларнинг шакли ва моддий шартлари никоҳ тузиш жойи қонунчилиги асосида ҳақиқий деб эътироф этилади. Аммо Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида акс этган никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатларга риоя қилиш талаб этилади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан никоҳини қайд этиш, агар никоҳни қайд этиш консуллик муассасаси жойлашган ўша давлатнинг қонунлари билан тан олинганда, шунингдек ўша давлат ва Ўзбекистон Республикаси қатнашган битим ёки бу халқаро шартномаларга мувофиқ ҳоллардагина консул томонидан амалга оширилади.
Оила кодексининг 203-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш консул томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Оила кодексининг 235-моддасида кўзда тутилган, никоҳ тузиш жойига ҳавола, никоҳ қайд этилаётган мамлакатнинг никоҳ муносабатларини тартибга солувчи нормаарнинг жамига, яъни коллизион нормалари билан биргаликдаги ҳажмига ҳавола сифатида қаралади. Агарда ушбу мамлакат коллизион нормалари никоҳланувчиларнинг шахсий қонунига ҳавола қилса, шахсий қонун сифатида фуқаролик қонуни мезонини қўлловчи мамлакатлар қонунига асосан Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигида назарда тутилган никоҳ тузиш шартлари қўлланади.
Демак, чет мамлакатда ушбу мамлакат оила қонунчилигига мувофиқ равишда диний расм-русумларга биноан ёки ушбу мамлакатда белгиланган бошқа шаклда қайд этилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокидаги никоҳлар Ўзбекистон Республикасида тан олинади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларига мувофиқ, бошқа давлатда яшовчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси билан мазкур давлатнинг тегишли органларида никоҳни қайд эттирмоқчи бўлган ўша давлат фуқаросининг илтимосига кўра, консул никоҳни қайд этувчи ўша давлат органларига тақдим этиш учун ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси никоҳда турмаслиги ҳақида маълумотнома бериши мумкин.
Бундай маълумотномалар консуллик муассасаларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида берилади. Агар консуллик муассасасида никоҳланувчи шахснинг оилавий аҳволи тўғрисида маълумотлар бўлмаган ҳолларда консул бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан олади.
https://t.me/fuqarolikvaiqtisodiyprotsess