Шавкат Мирзиёев бугун Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига борди.
Марказда 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.
Ташриф чоғида ҳарбий техниканинг янги намуналари, мудофаа соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳа ва режалар тақдимот қилинди.
Давлат раҳбари бу биринчи қадамлар бўлганини айтиб, мудофаа тизимининг рақобатбардошлигини ошириб бориш бўйича кўрсатмалар берди. Ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, бунда инновацион технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, буюртма асосида соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиб, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Янги иш ўринлари яратиш, мутахассисларни тизимли тайёрлаш, янги техникалар бўйича илмий лабораториялар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган "IDEX-2025" кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда. Хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган "Арслон 8×8" ва "Арслон 6×6" зирҳли транспортёрлар, "Тўфон" ўзиюрар гаубицаси шулар жумласидан.
@davlatsiyosati