Тупроғи табаррук
остонам, Хивам!
Қадим шаҳарларнинг тамал тоши, сен,
Маърифат офтоби, илм боши, сен,
Ал Хоразмий бобом қалб қуёши, сен,
Кўҳна ва навқирон, дурдонам, Хивам!
Ўқиб, таълим олиб ҳужраларингда,
Алломалар камол топди бағрингда,
Ҳикматлар битилган кошинларингга,
Ҳар ҳужраси олтин кошонам, Хивам!
Қалбимиз ардоғи эй, улуғ Маъмун,
Сенинг ҳимматингдан авлодлар мамнун,
Зоти шарифларни бердинг эл учун,
Боболардан мерос нишонам, Хивам!
Нажмиддин Кубронинг номуси, ори,
Паҳлавон Маҳмуднинг қадди, виқори,
Заҳматкаш, меҳнаткаш эл ифтихори,
Олам ичра танҳо, бир донам, Хивам!
Ичон, Дешон қалъанг, кўҳна деворинг,
Асрларга тангдош Калта миноринг,
Асли мўжизадир дунёда боринг,
Тилдан тилга кўчган афсонам, Хивам!
Жисму жаҳонини чулғаб ҳаяжон,
Бағрингга талпинар ҳазрати инсон,
Қутлуғ даргоҳингдан аримас меҳмон,
Тупроғи табаррук остонам, Хивам!
Беги Дўст шеъри.