#назм
ЭРТАК
Ишқнинг осмонида ойга қўшилиб,
Айланган бошингга булутлар қайтар.
Менинг қучоғимда куйдай эшилиб,
Аста шивирлайсан:
— Жонингиз қайда?
Ўғирлайсан жаъми калитларимни,
Сандиқлар очилар — сенга сир айтар.
Излайсан Қўнғирот, Ёвмудларимни,
Хориб шивирлайсан:
— Жонингиз қайда?
— Шуми? — Қиличимни кўлга ташлайсан,
— Балки бу? — Қўлингни чўзасан ёйга.
Сўнгра йиғлаб-йиғлаб сўроқ бошлайсан:
— Бир марта айтинг-чи,
Жонингиз қайда?
Ўзингни қадрингни сувга отасан,
Менинг иззатимни қорасан лойга.
Боланг ўлган каби фиғон тортасан:
— Ҳамон тирикмисиз —
Жонингиз қайда?
Оғулар қўшасан ҳамма ошимга,
Ҳар қандай қасослар туйилар майда.
Ялиниб турасан яна қошимда:
— Нега ўлмаяпсиз?
Жонингиз қайда?
Жоним сенда дейман — айланмас тилим,
Жоним сенсан дейман — юрагим тўнар...
Менинг омонатим...
Жоним!
Севгилим!
Энди сени қандай асрасам бўлар?...
Усмон Азим
@atlantida_lost