Одам боласида иккита тасарруф бор
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Албатта, Одам боласида шайтоннинг ҳам, фариштанинг ҳам тасарруфи бордир. Шайтоннинг тасарруфи ёмонликни ваъда қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқаришдир. Фариштанинг тасарруфи бўлса, яхшиликни ваъда қилиш ва ҳақни тасдиқлашдир. Кимки фариштанинг тасарруфини топадиган бўлса, у билсинки бу Аллоҳдандир. Шу сабаб Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Кимки шайтоннинг тасарруфини топадиган бўлса, Аллоҳ номи билан шайтони рожимдан паноҳ сўрасин», дедилар. Сўнгра «Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир» оятини ўқидилар (Имом Термизий ривояти. Имом Термизий Бу ҳадис ҳасан ғариб», дейди).
Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, Пайғамбар алайҳиссалом айтдиларки, Одам боласида иккита тасарруф бор. Бири шайтонга, иккинчиси фариштага тегишлидир. Шайтоннинг тасарруфи шуки, у инсонни ёмонликдан қўрқитади. Масалан, «Агар сен фақат ҳалол мол десанг, оч қоласан», «Агар закот берсанг, молинг тугайди», «Агар урушга бориб ўлиб кетсанг, бола-чақанг нима еб, нима ичади?» деб қўрқитади. Фариштанинг тасарруфи эса, бандани хотиржам қилади, уни Аллоҳ таолонинг ваъдаларига чорлайди.
Шу туфайли Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким ўзида фариштанинг тасарруфини топса, Аллоҳ таолога унинг шукрини адо қилсин. Агар шайтоний тасарруфларни топса, Аллоҳ номи ила ундан паноҳ сўрасин», демоқдалар. Демак, ким шайтоний васвасани ўз қалбида топса, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак бўлади.
Сўнгра Пайҳамбар алайҳиссалом:
«Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир», оятини ўқидилар.
“Мишкот ал-масобиҳ шарҳи” китобидан.
https://t.me/Al_bukharytours