Яқинда Twitter'да (ҳозирги Х) қуйидаги фикрни билдиргандим:"Каттақўрғон шаҳрини онлайн картада кўрсангиз, энг яшил ҳудудлар – бу қабристонлар. Менимча, кўпгина кичик шаҳарларимзда ҳам шундай. Бу кетишда, бир оздан кейин барча шаҳарларимиз шундай бўлади. Бу жуда символично!"
Энг қизиғи, Каттақўрғон орқали икки катта канал ўтади ва шаҳар яқинида катта сув омбори мавжуд. Шундай бўлса-да, шаҳарда яшил ҳудудлар кўпаймаган. Ҳатто мавжуд боғ ҳам сийраклашиб бормоқда.
Юқоридаги твитни ёзишга эса, Андижон шаҳридаги боғ ўрнига ёки унинг атрофига кўп қаватли уйлар қурилиши ҳақидаги хабар туртки бўлди. Агар пойтахтдаги Миллий боғнинг бир қисми йўқотилган, Абдулла Қодирий боғининг аҳволи аянчли ва Бобур парки "аккупация" қилинган бўлса, вилоятларда ҳам шунга йўл қўйилаётгани ажабланарли эмас.
Энг ачинарлиси, боғ ва паркларни яратиш йиллар талаб қилади, лекин уларни йўқ қилиш бир неча кун ичида амалга оширилади. Ҳозирги экологик муаммолар ва ичимлик суви танқислиги фонида янги боғ барпо этиш жуда мураккаб жараён.
Урбанистика нуқтаи назаридан боғ ва парклар жамоат жойларидир. Улар шахсий бизнес ҳудудлари эмас, балки аҳолига очиқ бўлиши керак. Агар у ерларга уй ёки тижорат объектлари қурилса, вақт ўтиши билан ушбу ҳудудлар хусусий мулкка айланади. Панжаралар, шлагбаумлар пайдо бўлади ва "қора халқ" учун кириш чекланади. Агар интернетда тарқалган Андижондаги боғ атрофига қуриладиган бинолар лойиҳаси рост бўлса, бу ерга аҳоли аниқ кира олмайди.
Ҳар бир яшил ҳудудни қурилиш учун сотиб юбориш мумкин, чунки бу жуда фойдали. Аммо боғ яратиш учун сармоя ва вақт талаб этилади. Масалан, Нью-Йоркдаги машҳур
Central Park ни
Фредерик Ло Олмстед 15 йил давомида барпо этган.
Хулоса шуки, нафақат боғлар, балки барча жамоат жойларига кўз олайтиришни тўхтатиш керак. Яқинда ҳамма жойимиз дом бўлиб қолади. Кейин фақат уйда ўтирамиз. Чунки борадиган жаомат жойларини ўрнида қўрилган хонадонда ўтирган бўламиз.