#Ўзбекистон_ёшлари
#Юрт_келажагиКўксарой қароргоҳида Президентимизнинг мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти ва унда билдирилган халқчил ташаббуслар нафақат ўғил-қизларимизни, балки биз, парламент аъзоларини ҳам руҳлантириб юборди.
Ёшлар қачон муваффақиятга эришади? Улар қачон масъулиятни ўз зиммасига олади? Қачонки, уларга ишонч билдирилиб, ўқиш ва ишлашлари учун шароит яратилса, "сиз уддалайсиз" дея мотивация бериб турилса. Давлат етакчисининг ҳар бир ташаббус ва таклифида ишонч ҳам, мотивация ҳам юксак даражада бўлганига гувоҳ бўлдик.
Мулоқотда тарбияси оғир ёшлардан тортиб, хориждан қайтиб келганлари, тадбиркорлар, олимларгача, ҳатто бўлажак ва бугунги ёш депутатлар тақдирига дахлдор масалалар атрофлича муҳокама қилинди, ўз навбатида, фаол, интилувчан ёшларимизнинг таклифлари тингланди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган учта йирик ҳужжатга имзо чеккани ҳақидаги хабар, аъзоларининг 39 фоизини ёшлар ташкил қиладиган “Адолат” СДП вакилларига ўзгача руҳият бағишлади.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилди. Энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар бериш, уларнинг стартап лойиҳаларига эса 2 миллиард сўмгача инвестиция киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида янги тизим яратилмоқда. Бу йўналишга 100 миллион доллар ресурс ажратилиши режалаштирилиб, битирувчи ёшларнинг ташаббусларини лойиҳага айлантириш учун янги банк хизматлари пакетлари жорий этилаяпти.
Бу, ўз навбатида, битирувчиларни иш билан таъминлаш, ёшлар(айниқса, ёш тадқиқотчилар ва олимлар)нинг ташаббус ҳамда ғояларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётга татбиқ этишда фаол бўлган партиямиз учун кенг имкониятлар яратмоқда. Шу боис, биз белгиланган мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни мақсад қилдик.Шунингдек, парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятида ҳам ёшлар масаласи муҳим йўналиш сифатида қаралиши лозимлиги таъкидланди.
Бундан буён ёшларга дахлдор қонун лойиҳаларини Ёшлар парламенти аъзолари билан бирга муҳокама қилиш ва ялпи мажлисда лойиҳа бўйича ёшлар вакилларининг фикрини ҳам эшитиш амалиёти янада оммалаштирилиши партиямизнинг "Ёшлар қаноти" ҳамда фракция аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул органлар раҳбарларининг ахборотини эшитиш, барча маҳаллий кенгашлар ҳузурида ёшлар гуруҳларини ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббус ҳудудий партия ташкилотларидаги фаолларимиз ҳамда маҳаллий кенгашга сайланган депутатларимиз фаолиятини яна бир бор таҳлил қилишга ундайди.
Президентимиз ишонч билдираётган ёшлар мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишига ишонамиз. Уларнинг куч-ғайрати, ижодкорлиги янгидан-янги чўққиларни забт этишимизга ёрдам беради.
Робахон МАХМУДОВАAdolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube