БАХТЛИ БЎЛ СЕВГИЛИМ
Муҳаббат дард экан,муҳаббат армон,
Орзулар,умидлар тўкилган хазон,
Айрилиқ бор экан пешонамизда,
Бирга бўлолмаймиз энди ҳеч қачон,
Сен қалбимда ёнган армоним,
Бахтли бўл севгилим бахтли бўл жоним.
Қалбимиз қўрига ин қурди дардлар,
Кўнгил ойнасини босди-ку гардлар,
Қуш эдик қайирди қанотимизни,
Бизни кўролмади дўст-у, номардлар,
Ичимда қолди-ку, оҳим фиғоним,
Бахтли бўл севгилим бахтли бўл жоним.
Кўксимиз куйдирар кўнгил оҳимиз,
Бир умр ювилмас дилда доғимиз,
Сен менга армонсан,мен сенга армон,
Хазонлар тўшайди кўнгил боғимиз,
Ҳижронлар доғида куяр жаҳоним,
Бахтли бўл севгилим бахтли бўл жоним.
Жавобсиз сўроқсан саволларимда.
Аламли фироқсан заволларимда,
Кўнглимга ҳуш боқиб,кулиб,жилмайиб,
Бир умр яшайсан хаёлларимда.
Сенла ўтган умрим энг бахтли оним,
Бахтли бўл севгилим бахтли бўл жоним.
Хуршид Карим
t.me/Xurshid_Karim