Усмон Азим ижоди


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳраманд бўламиз

Related channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


Она, келганингизда
Кўйлак олиб бермадим...
Пулим йўқ эди, она.
Она, келганингизда,
Очилиб гаплашмадим...
Вақтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Кулиб-кулиб юрмадим...
Бахтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Йиғламадим ўксиниб...
Ҳаққим йўқ эди, она.

Она, бахтиёр бўлинг!
Сизни қўлласин тақдир.
Она, бахт ўзи нима,
Она, бебахтлик надир?..


Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


Бу оқшом тунликка ҳали кўнмаган,
Ойнинг шуъласидан таралар анбар.
Балки шундай дамда Аллоҳ йўллаган
Ваҳийни туйгандир илк бор пайғамбар.

Кўлкалар дарахтлар чодирасида,
Баргларда шабада мудроғи равон.
Ҳаво титраб турар-хотирасида
Гўё оятлардан қолган ҳаяжон.

Ўйларга чўлғониб ажиб кезасан,
Юрак ошкор этар юраклигини:
Масалан, шундай дам ногоҳ сезасан
Юлдузлар не учун кераклигини.

Яланг кўнгил билан озод юрибсан,
Дунёга кўринар қалбингдаги "оҳ".
Сени тушунмоқда (англаб турибсан!)
Оқшом, дарахт, юлдуз, тангри таоло.

Руҳинг кўкармоқда. Назар ташлайсан:
Бу хушбахт дамларда тош қолган борми?
Бахтли бир соғинчда сеза бошлайсан
Дарахтни, юлдузни, Парвардигорни.

Ойдинлик руҳингдан миянгга ўтар,
Қўшиққа айланар ғамнинг нолиши.
Кўнглингга, кўнглингга, кўнглингга етар-
Сени осон топар Оллоҳ равиши...

Усмон Азим


https://t.me/UsmonAzimijodi


Усмон Азим шеъри
Дилором Омонуллаева мусиқаси
Кумуш Раззоқова ижроси

https://t.me/UsmonAzimijodi

1k 0 31 1 28

***
Сиз ёққансиз менга ҳамиша,
Фақат буни этмовдим ошкор.
Ўйловдимки юрак топишар,
Биздан кетгач сабру ихтиёр.

О, мен сизни қанчалар кутдим-
Мана-оқ соч, мана бу ажин.
Кунларимни тортқилаб ютди
Шум ёлғизлик-фаришта ғажир.

Ортингиздан кетишим мумкин,
Йўл тугаса, йўлсиз тентираб.
аммо, айтинг йиғлайсиз нечун
Манглайингиз деворга тираб?

Йўқ, ҳеч сизга етмасин озор,
Тушунаман-йиллар, андиша...
Фақат сизга айтмовдим ошкор-
Сиз ёққансиз менга ҳамиша.

Усмон Азим


https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Бу насиҳатни Элбек бахши, жигитларга эш бўлар, дилларига тугса, яхши иш бўлар, деб, неча минг йиллар қайта-қайта айтди. Энди бундай қўшиқларни айтадиганлар йўқ. Ахир, дунё одамларни не кўйларга солмади, насиҳатни оладиган қолмади. Мана энди қариганимда, Элбекнинг шу насиҳатларини қайтариб-қайтариб айтганим-айтган. Чунки биров эшитмаса ҳам, насиҳат берадиган одатим бор.

Мард жигитлар журади-ё,
журагида пиёда,
энажони, отажони
жонидан ҳам зиёда,
товдай отанг, боғдай энанг
меҳмон турур дунёда -
таянч бўлгин, товларга ҳам,
жигит, таянч керакдир.
Отангга ҳам, энангга ҳам
сендай суянч керакдир.

Шотераклар шовуллар-о,
саратонда - шамолда,
ҳеч ким билмас, нелар бор-о
худо битган аъмолда,
жигит бўлсанг, бош кўтар-о,
дунёни тут саволга -
Банда берган саволларга,
худо берган жавобсан,
Отанг учун, энанг учун
кечалар ҳам офтобсан.

Дуоларнинг улуғи-ё
падарингнинг раъйида,
Оғажоним, жаннат, ана
энажонинг пойида,
Ота-эна иззати-ё,
яхшиларга қоида,
Омон тутгин жонингни-ё,
ҳалол егин нонингни,
Падарингни ҳурмат эт-о,
сийла энажонингни.

Бошингга иш тушганда-ё,
опа-синглинг куйинар.
Сенга айтмас, паналарда
кўз ёшлари қуйилар.
“Эгачим” деб, бир олқасанг,
неча-неча суйинар -
Опа-сингил номусинг-о,
ота-онанг орингдир,
Ору-номус, билгин, оғам,
бу дунёда борингдир.

Ака-уканг бир яйрасин –
сизга мададкорман, де,
Зўру зардан ҳайиқманглар,
ёнингизда борман, де,
Бу элнинг ҳам, бу юртнинг ҳам
хизматига ёрман, де -
Айланайин бўйингдан-о,
бу дунёга тўзимсан,
Бу дунёнинг дардларига,
оғам, малҳам ўзингсан!

Ҳалол дунё барпо бўлган
яхшиларнинг кўнглидан,
Ҳар муродинг бўлса, жургин
улуғларнинг йўлидан,
Сахий бўлгин – ҳар иш келар
саховатнинг қўлидан -
Мендан ўтар сўзимсан-о,
мендан қолар изимсан!
Мурувват ҳам ўзингсан-о,
оқибат ҳам ўзингсан!

Жураккинанг зириллайди
Дўмбиранинг торида,
Ҳали ёшсан, тўлиб-тошдинг
Ўз кўнглингнинг корида,
Иззат қилгин, қадрига ет
Бу дунёни борида -
Ақлу ҳиммат ўзингсан-о,
Меҳру қурбат ўзингсан,
Бу камбағал дунё учун
Асли давлат ўзингсан!

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Бу дунё - бозор.

Текинга
ҳеч нарса
бермайди.

Ахир, ўтган умримга
қанча кунимни бердим,
қанча юрагимни бахш этдим шеърга.
Сўзлаш учун сўзимнинг зиёси
қанчалар оқди,
кўриш учун
кўзларимнинг нури
тўкилди қанча.
Қанча қон йиғладим
бир зарра
бахт кўйида...

Сени деб эса
ақлимдан
неча бор айрилдим,
муҳаббат.

Бу дунё - бозор.

Ҳеч нарсам қолмаса,
мени бўш қутидай
ташлаб кетаверади -
бу савдогар
дунё.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Қуридим — куз каби
Сарғайдим, сўлдим.
Беҳиштга тўлдим мен,
Дўзахга тўлдим.

Оҳ, менман дунёга
Зарра кўнмаган —
Ҳеч ким менинг каби
Тирик бўлмаган.

Қанотин куйдирган
Қушману, бироқ
Учдим барча қалбдан
Баланду йироқ.

Ҳар сўзга бус-бутун
Ўзни этдим сарф —
Менман шеърларимда
Бораётган саф.

Қаҳратон қишларнинг
Музида қизиб
Яшадим. Ҳаётим
Ўлимдан қизиқ.


Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Куйдиради қуёш. Ит соя излаб, ер кавлайди. Қўйлар бир-бирларининг пинжига бош тиқиб, қуёшдан асрарлар ўзларини. Шамол йўқ. Олисларда ёлғиз-ёлғиз қуюнлар эриниб айланар. Олисларда жимирлаб кўринади тоғлар. Олисларда...
Менинг лабим эса қақраган. Ўроқ ўраман. Бармоқларим тиканга тўлган.
Сомон йиғаман. Олисларда эса...
Кетиш керак.
Саратони тугамайди бу жойларнинг. Бу ерларнинг суви йўқ. Бу ерлар сувини менга бермайди. Чанқаб ўлиб кетаман бу жойларда. Тупроқлик оғир. Бу ёнишда бир парча сопол бўлиб қолишим мумкин.

Сувга тўйдим. Сувдан бошқа менда ҳеч нарса йўқ. Шаклсизман. Истаган идишнинг шаклига кираман. Турфа халқоб бўламан. Соҳиллар хоҳишига кўра айланаман аллақандай кўлга. Хуллас, суягимдан жудоман. Суягимни оқизиб юборди бу умр...

Кетиш керак.
Ҳавога кетиш керак. Қанотларимни ёйиб учгани. Аммо бу ҳаво дегани бунча бўш. Тутиб бўлмайди - бағри кенг дунёга жой берган бағридан. Аммо вазн пайдо қилдингми сиғмайсан унга. Ташлаб юборади ерга бир тош каби. Қушлар-ку, майли! Тутунларга нима бор? Буғилиб кетдим! Чанглар нима қилади бу ерда! Ўпкам тўлди...

Кетиш керак.
Оловга кетиш керак. Ёнгани! Фақат ёниш поклайди одамни. Фақат ёниш вужудни йўқ қилар. Бир мен куйсам нима бўпти! Қисматдан қочиб бўлмайди! Кули ҳам қолмади вужудимнинг! Ким айтди руҳ учади деб. Руҳим бенажот ёниб турар аланга ичида. Олов тарк этар мени. Мен нимага айландим? Бир бир парча сополга...

Кетиш керак.
Ўша саҳрога. Мен бир парча сопол -тупроққа кўмилиб ётай. Ҳеч нарсага умид қилмасдан... Дунёни шундай ўзимга йиғиб ётайки, келгусининг хаёлкаши мени топиб олса, сўз тополмай қолсин бироз, бироз лаблари титрасин, севгилисига бу сополни сўзлаб берса, кўзлари бироз ёшлансин унинг... Сўнг музейда қўйсинлар - сув топиб тупроқ топмаган, тупроқ топиб сув топмаган мени; ҳавони юмшоқ деган, оловни бўшанг деган мени. Мени...
Сополнинг тагида бу лавҳа турсин:
"Бу одам дунёнинг тўрт унсуридан тўймай, бешинчи унсур излади. Эҳтимол ўзи айлангандир бешинчи унсурга. Эҳтимол юқоридаги тахминларимиз фақат тахминдир. Унга меҳр билан тикилинг... Эҳтимол меҳрдан бошқа ҳеч нарсанинг кераги бўлмагандир унга".


Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar


Сўз кимга керакдир?
Лаб очмагин.
Жим.
Тақдир сўзга лойиқ қолдирмади сир –
Мен ҳам ёмғир каби бир ёғиб ўтдим,
Сен ҳам ёмғир каби йиғлаб ўтдинг бир...

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar


* * *
Ишқингизда
”оҳ” чекдим.
Воҳ, қандай чекдим!
Бурқсиб борар тутуни.
У ҳам мени чекар…
Иккаламиз аямай
чекамиз бир–биримизни.

Нима қилай?
Сизни йўқотганимдан буён
узлуксиз инграйман:
қанча тортмай –
биргина ”оҳ” поёнига етмас!
Мени эса
кулга айлантирди
ёлғизгина нола...

Хуллас,
кўйингизда
шундай ҳодисалар
рўй берди,
бепарво хоним...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Қисматни тортқилаб гувлади шамол,
Онлар тошқинланди,
мавжланди аср:
Кузак бир лаҳзада кетди бемажол –
Дунёда оқибат қолдим бефасл.

Тўфонли тақдирдан кетиб ихтиёр,
Беқадр тўзганда бу дам ”оҳ”ларим,
Безамон яшашга айладим қарор –
Руҳни озод этсин
вақтнинг чоҳлари!

Чунки жон озурда
йўқотишлардан –
Ногаҳон вақт яна кажлиғ этмасин:
Мени айирмасин гўзал тушлардан –
Сени ҳам,
армонга олиб кетмасин…

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Сен яшар кўчадан мастона юрдим,
Толига суяниб энтикдим-турдим.
Мен кўрган маконни кўнглимга солиб,
Энг ёруғ, энг тоза бир дунё кўрдим.

Сен яшар кўчанинг тошлари кўпдир,
Тошига тўкилган ёшлари кўпдир.
Ҳар битта тошидан сени сўрасам,
Бекинган дардингнинг фошлари кўпдир.

Сен яшар кўчада бир йил кун бўлди,
Сўнгра асрлардан узун тун бўлди.
Соғинчнинг ҳолидан бир бор ҳабар ол
Тун ичра ўксиниб, бағри хун бўлди.

Сен яшар кўчанинг бир эшиги берк,
Эшикни очолмас на гадо, на бек.
Кимга очилади, ўзи билади
Қулфини очиб қўй – эшикка бер эрк.

Сен яшар бу кўча энг севимли байт,
Ёдаки ўқийман – юрагимда қайд.
“мен билан юр” десам – сенсиз юрмайди,
Бу сенсиз кўчани нима қилай, айт?

Сен яшар кўчага бўлмайди тўйиб,
Уни олиб кетдим, елкамга қўйиб.
“Оҳ” урсам, эсимга тушган чоғларинг,
Йиғлай…
Деворига бошимни қўйиб...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Саратонда совуқ қотдим.
Қишда ёндим.
Бу ёз недир? Бу қиш недир?
Недир ёнғин?

Бу бемаҳал фаслларим
Қайдан барпо?..
Аҳволимга ҳайрон боқар
Айёр дунё.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


ЯШАШ

Олов эдим – ўчдим,
Юлдуз эдим – учдим;

Кўк эдим – ер бўлдим,
Сўз эдим – шеър бўлдим;

Тоғ эдим – қумман, қум -
Ҳар заррам мунгдир, мунг;

Қийноқлар тўфони – жонимда,
Замонлар алдоғи – онгимда.

“Воҳ, жоним!..“
демоққа ҳақлиман.
Негадир бахтлиман, бахтлиман!

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

2k 0 24 4 52

ҚАЙТИШ

Уйда чироқ ёнди. Қайнади қозон.
Плитада олов гулдай сарсари.
Столга тўшалди оппоқ дастурхон,
Чангдан холи ўлди токчалар - бари.

Бўшлиқ қаршисида бўш турган ойна
Юзини ним тўсган чойшабни юлди.
Юзингни лаҳзада акс эттирди ва
Тақлид ҳам айлади: жилмайдинг - кулди.

Дераза дунёга боқди чароғон,
Балконга ювилиб кирлар осилди.
Дазмол буғлар тараб югурди равон -
Ғижим кўйлакларнинг қаъти ёзилди.

Хиргойи зўриқмай, сокин куйлади -
Хонани тўлдирди бир илиқ туйғу.
Газетни ўқиркан эркак, ўйлади:
- Чўчитиб бўлмайди – бахт қушидир бу.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Гуллаган боққа қор ёғди.
Демак,
бу гулларнинг ҳалокати
керак бўлган
дунёга.

Бу йил мева бермайди,
фақат япроқ ёзар боғ,
кўлка берар.

Бу йил фақат
қушлар ин қуяди унга.

Боғ эса
болаларни соғиниб яшайди бу йил,
меваларга тош отадиган
болаларни...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


ЯНА БИР РИВОЯТ
1
Нега бунча кўнглинг озода,
Бахтлимисан, шунча шаҳзода?

Тушларида сени кўриб маст
Етти иқлим маликалари.
О, кўнглингга нечун ўтирмас
Бу саройнинг таҳликалари?

Эркин яшаш борми дунёда?
Тегрангга боқ сергак, шаҳзода!

Қисмат эса сиғмас ташхисга:
Тақдир – душман – бахтингни сўйган –
Кўнглингдаги париваш қизга
Подшоҳ отанг уйланиб қўйган.

Бунча тахир ичганинг бода,
Англадингми ғамни, шаҳзода?

Бир шоҳтоймас сархуш кўйлайди:
“Ваҳ, жоним-а!..” – такрору такрор.
Ўгай онанг фитна ўйлайди,
Қотил кезар тегрангда бедор.

Нечун бошинг эгдинг ғамбода,
Дўстларинг ҳам ёвми, шаҳзода?

Ака-уканг қилич қайрашар –
Ўт тушади бор кирдикорга:
Отангни маҳв этиб, яйрашар,
Бир-бирини тортади дорга.

Ағёр дунё! Дастингдан дод-а,
Кетаяпсан, қайга шаҳзода?

Куйиб–куйиб юрак кул бўлган!
Қўлда асо, бошингда кулоҳ –
Тангри билан вужудинг тўлган,
Рақсу само: – Хақ дўст, ё оллоҳ!

Фақат сен бут, дунё парконда,
Аммо ғаминг беҳад, шаҳзода.

Сен девона – саройдан қочган,
Хазинани сочган бемиқдор.
Чўнтагингда – ўлмай деб очдан –
Қора кунга асралган динор.

Оғирмасми динор мабода?
Тангри ўзи бор-ку, шаҳзода!

Кимни кўрсанг – кўнглинг дўстхона,
Ким учраса – азиз, мукаррам.
Саҳро кечиб боряпсан, мана,
Икки дарвиш йўлдошинг билан .

О, нега сен бунчалар содда –
Оралади шайтон, шаҳзода!

Қаро тунда,эвоҳ, ётибсан,
Бошинг пачоқ, кўзларинг очиқ...
Қоронғуга қоқилиб дам-дам,
Икки дарвиш боради қочиб.

Сен барчани билдинг озода,
Жаннат насиб этсин, шаҳзода.

Тангри билан бўлмас ярашиб,
Юволмасанг кўнгил кирини.
Икки дарвиш динор талашиб,
Ўлдиради бири-бирини.

2
Бечоралик зоридан кеч,
Подшоҳликнинг оридан кеч,
Бу дунёнинг коридан кеч,
Аямай кеч, боридан кеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч...

Бир динорни билган зиёда –
Шаҳзода!..

14.10. 2020
Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Мен уйғонсам,
уйим уйғонган бўлади.
Ошхонада чой қўяётган бўлади уйим,
“Кўчага
дори ичмасдан
чиқиб кетмасин”, деб ташвишланаётган бўлади.
“Кайфияти кўтарилсин” деб
бирор қизиқ гап тайёрлаётгандир эҳтимол.
Ҳа, яна кийимларимни ҳам
дазмоллаб қўйган.

Уйим - бу тўрт девор эмас,
Уйим - жиҳозлар, буюмлар, китоблар эмас.
Уйим – мана шу аёл.
Унинг исми - Раъно.
Кўнглим ёришмоғини истасам,
такрор-такрор айтаман
унинг исмини.

Эллик йилки,
шу уйимни
кўчадан
соғиниб
қайтганим-қайтгандир.

Усмон Азим
08.05.2016.

https://t.me/UsmonAzimijodi

2.4k 1 53 12 103

*  *  *
Сенсиз боғда кезар бенаво 
Ақлу ҳушдан айро сукунат.
Яна туман. Яна ҳўл ҳаво.
Ва рутубат.
Оғир рутубат.

Мен ҳоридим ғамингни ёзиб,
Узилгудай умрим торлари.
Юрагимга кирмоқда босиб,
Ҳўв, тоғларнинг совуқ қорлари.

Осмонларда бўлсанг ҳам эшит –
Мен соғиндим сени. Ўртандим.
Шеър руҳимдан сатрлар эшиб,
Ўзимни осмоқни ўргандим.

Ахир, қандай жойлай тасвирга
Сенсиз умр ҳалокатини -
Кирмоғини соғинч тақдирга,
Ва узлуксиз талофатини.

Тошқинланди.
Сиғмагай энди 
Руҳ кўникиш андазасига..
Мана, яна бош уриб келдим, 
Сенсиз боғнинг дарвозасига.

Бу боғ сени эслайди ҳануз,
Сен ҳақингда сўзлар – бесадо,
Чайқалади суви йўқ ҳовуз,
Туман тўзғир, жунжикар ҳаво.

Ҳасрати кўп боғ суҳбатининг!
Эзғилайди сабрим тошини.
Мен йиғлайман - рутубатининг
Елкасига қўйиб бошимни.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


МАРД ИНСОН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Адолатли - имони бор,
Лафзи бордир – сўзи сўз!
Ёмонларга – қаноатли,
Яхшиларга содиқ дўст;

Ростин айтар – бошига тоғ
Қуласа ҳам қайтмайди!
Сотаверар уни риё,
Бировни у сотмайди.

Марду майдон! Чўчимайди!
Дунё билан этар баҳс...
Унинг ўзи бир дунёдир,
Унга дунё керакмас.

Давлат ваъда этар дунё,
У боқмайди қайрилиб,
Бойваччадай юраверар –
Бор-будидан айрилиб.

Ҳалол яшар, завол яшар –
Зарра этмайди парво.
Унинг ўзи шўр дунёдир,
Унинг ўзи зўр дунё!

Бу заминнинг дарду ғаму
Фақат унга қолгандай -
Қул дунёда, кул дунёда
Ўзи ёлғиз ёнгандай.

Тўпиғига чиқмагандир,
Бозорларнинг ғавғоси
(Келиб-кетиш, ахир, бир бор,
Бир бор умр савдоси!).

Йўлларида адил юрар -
Кирмагандир тўсатдан! -
Бу йўлларни қорни эмас,
Орли кўнгли кўрсатган!

Боши узра айланади,
Қанот қоқмай калхатлар.
Бир “оҳ” урса, нафасидан
Йиртилади сарҳадлар.

Пасаяди осмонлар ҳам -
Уфқ кўксин ёради!..
Юрагидан шафақ оқиб,
У осмондай боради.

Уйда эса онажони
Ўртаниб айлар дуо:
- Осмондай шу дилбандимга,
Дунёдай шу фарзандимга -
Бир дўст бергин, Худо-ё!

Отаси ҳам пичирлайди:
- Болам умри фидодир!
Унга осмон керак эмас,
Унга дунё керак эмас,
Бир дўсти бор - Худодир.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

20 last posts shown.