Габриэл Гарсиа Маркес
Менинг ғамгин фоҳишаларим ҳақида қайғули хотираларим(қисса)
(Давоми, боши олдинги саҳифаларда)
Уй кенг ва ёруғ эди, ундаги гипсли аркалар, шахмат тахтасини эслатувчи флоренцияча мозаикалар ўзгача кўрк берарди; Уйни ўраб турган айвонларга қараб тўртта ойнаванд эшиклар очиларди, у ерда онам март оқшомларида италян амакиваччалари билан севги арияларини куйлаш учун чиқишарди. Айвондан сиз Сан-Николас боғини, собор ва Христофор Колумб ҳайкалини, ундан нарида, йигирма лига узоқликда эса қирғоқларидан худдики шароб қуйилаётгандай таассурот берадиган улуғвор Магдалена дарёсининг бутун бир маҳобатини кўришингиз мумкин эди. Уйдаги ягона ноқулайлик қуёш бўлиб, у кундузи навбатма-навбат барча деразалардан мўралайди, тушдан кейин уйқу соатларида иссиқ хоналарни нимғира қоронғулик шабига чўктиришингиз учун деразаларга парда тортишга мажбур бўласиз. Мен ўттиз икки ёшимда ёлғиз қолганимда, бир вақтлар ота-онамнинг ётоқхонаси бўлган хонага кўчиб ўтдим ва шу вақтдан бошлаб ҳаётим учун кераксиз бўлган ҳамма нарсани сота бошладим, деярли ҳамма нарсани, фақат китоблар ва роликли пианола бундан мустасно.
Қирқ йил давомида мен «Диарио де-ла-Пас»да янгиликлар рукнини юритдим, бу иш кўкда учиб юрган қисқа тўлқинларни тутиб Морзе алифбосида маҳаллий аҳолига дунё янгиликларини етказишдан иборат эди.
Энди мен аллақачон қазо бўлган ўша вақтлардаги сабоқлардан кўра, нафақада кўпроқ омон қолишни афзал кўраман; лотин ва испан граматикасини ўргатганим учун менга тузукроқ ҳам тўлашмасди, деярли ҳеч нарса олмасдим - ярим асрдан кўпроқ вақт давомида бетиним ёзган якшанба ёзувларим шимилтириққа ҳам арзимайдиган мусиқа ва театр ҳақидаги қисқа эслатмалардан иборат эди, буларни ҳар гал бу ерга таниқли ижрочилар келганда уларга шунчаки беҳуда ҳавола қилардим. Шуни айтмаганда, бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмаганман, фақат ёзганман, бошқа менда бирор қобилият ёки касб бўлмаган, иттифоқо, ҳатто драматик композиция қонуниятларини ҳам умуман билмайман, бу иш билан фақат ўзимга ишонганим учун шуғулланганман холос. Ўқилган китоблар ҳаёти кўпчиликдан олган билимларим кучини асосини ташкил қилган. Ростакамини айтганда, мен ёрқинлиги ва қадр-қиммати бўлмаган авлодимнинг сўнгисиман, агар мен билан содир бўлган шу нарса бўлмаганида эди, мени авлодларга қолдирадиган ҳеч нарсам бўлмасди, лекин бахтга қарши бу нарса содир бўлди, бу - хотиралар ҳақида гапирадиган менинг буюк севгим эди.
Тўқсон ёшни қоралаган кунимда ҳам ҳар доимгидек соат бешда уйғондим. Ўша куни мен қилишим керак бўлган ягона юмуш «Диарио де-ла-Пас» газетасининг якшанба сонида мақола ёзиш эди. Эрталабки аломатлар ўзимни бахтли ҳис қилмаслигим учун етарли эди: азондан суякларим сирқираб оғрирди, орқа умровларим ёнарди, бамисоли уч ойлик қурғоқчиликдан сўнг, момақалдироқ гумбурларди ичимда. Кофе тайёр бўлгунча, мен ювиндим, сўнг бир финжон қаҳва ичдим, иккита маниок илдизидан тайёрланган бўтқа билан тамадди қилган бўлдим, дағал костюмимни кийдим.
Иттифоқо, мақола мавзуси, ҳеч шубҳасиз менинг тўқсонни қоралаганим ҳақида эди. Худди одам сув ўтмайдиган том ҳақида ўйламагани сингари, мен ҳам албатта ҳеч қачон ёш ҳақида ўйламаганман. Эҳ, шундан бери қанча сувлар оқиб кетди... Неча йил ўтди, қанча қиш...
Мурғаклигимда эшитгандимки, одам ўлса, унинг сочида уя қуриб олган битлар, марҳумнинг яқинларини шарманда қилиб, ёстиқ бўйлаб ўрмалаб қочар экан. Бу мени шунчалик ҳайратга солгандики, мактабга борганимда сочимни олдиришга ҳеч қандай тихирлик қилмадим, аксинча, итларни ювадиган аччиқ совун билан бошимни ювишларига ҳам рўйхушлик билдирдим. Энди ўйлаб кўрсам, менда ўшандаёқ, болалигимда, уят ҳисси ўлим туйғусидан кўра мустаҳкамроқ шаклланган.
Бир неча ойлар олдин ўйлаганимдек, шу маънода менинг юбилейга бағишланган мақолам аксар кексаларники сингари нола-фиғон арияси эмас, билъакс, кексаликка битилган алқов бўлса ажаб эмас. Энди мен қачондан қариб қолганимни англай бошлаганимни хотирларканман, бунга кўп вақт бўлмаганини эслайман.
Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси
(Давоми бор)
@Sherzodkomilkhalil