Битта сўз кам унга, иккитаси кўп,
Аёл бу гўдакдир — улғайган гўдак.
Аёл доимо ҳақ, баҳслаша кўрманг,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Жанжалми, кетдими уйдан ҳаловат?
Тақ этиб қўйилса пиёла, чойнак.
Совиган чойда ҳеч эримас новвот,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Гумонлар ўт ёқса ўчоғингизда,
Қўзғолон кўтарар ошиқ у юрак.
Муз ҳам эримасми қучоғингизда,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Битта ўпич билан яна хоқонсиз,
Қулга айланади малика бешак,
Қолмайин десангиз илож, имконсиз,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
— Сиздан яхшиси йўқ, — деса бўлади.
— Фақат сизни дея уради юрак!
Шу заҳот зилзила, бўрон тинади.
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Минглаб ваъдаларга ишонмас ҳаргиз,
У қатра меҳрни муштоқ кутади.
Осмондан ой олиб беролмасангиз,
Маҳкам бағрингизга босинг, етади!
Seni Sevaman