Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётган боғча опалар ҳақида вазирликка юзлаб мурожаатлар тушадиБу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг ўқитувчилар билан айни дамда бўлиб ўтаётган мулоқотида
маълум қилинди.Вазир ўтган йилда 7 мингдан ортиқ давлат ва 38 мингдан ортиқ хусусий боғчалар ташкил этилганини айтиб ўтар экан, хусусий боғчалар фаолиятига берилаётган имкониятлар сабабли қамров 77% га ошганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, аниқланаётган муаммоларни ҳам санаб ўтди:
- Хусусий боғчаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини бепул қамраб олишга етарли эътибор қаратилмаяпти.
- Болаларнинг реал сонини яшириш ҳолатлари бор.
- Баъзи оилавий боғчаларда давоматни сунъий ошириб кўрсатиш ҳолатлари мавжуд.
- Таълим ва тарбия жараёнларида давлат ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари учрамоқда.
- Боғчаларда турли тадбирларни ўтказиш, тарбияланувчиларнинг туғилган кунларини дабдаба билан нишонлаш каби ҳолатлар ҳам кўпайган.
- Айрим тарбиячилар болаларга нисбатан қўполлик, тарбиясизлик ҳолатлари учрамоқда. Вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушган.
Натижада 32 нафар раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилди, 3 нафари жавобгарликка тортилди, 15 нафарига интизомий чора кўрилди, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинган.
Вазир ўз нутқида болалар билан ёмон муносабатда бўлмасликка чақирган.
«Бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз зарур: болаларга ҳар қандай шаклда куч ишлатиш, уларни турли усулларда жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмас.
Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходимлар бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этишлари шарт», деган у.
Telegram |Instagram |
You Tube |
Facebook |
X