#ТабрикЯНГИ ЙИЛ ЮРТИМИЗГА БАХТ ВА ҚУВОНЧ ОЛИБ КЕЛСИН!
Қадрли юртдошлар! Мана, ВАҚТ дея аталмиш чопағон отнинг елиб, кўз очиб юмгунча ортда қолдираётган 2024 йилини ҳар биримиз ўзгача кайфият, фахр билан сарҳисоб этса арзигулик юксак натижалар билан якунлаяпмиз. Шундай шукуҳли онларда, энг аввало, кўпмиллатли, олийжаноб ва бағрикенг халқимизни табриклаб, ўзимнинг энг яхши тилакларимни йўллашга муяссар бўлиб турибман!
Албатта, ҳар бир Янги йил – орзулар рўёби, эзгу мақсадлар сари қадам ташлаш учун янги бир саҳифа сифатида ҳаётимизга муҳрланади. Ўзига хос мужда ва ниятларга қалбимизни эш қилиб, эшик қоқаётган янги 2025 йилга пешвоз чиқаяпмиз. Бу, шубҳасиз, ўз олдига юксак режалар қўйиб, элу юрт манфаати, жамият ривожи йўлида камарбаста бўлаётган ҳар бир юртдошимизга бегона эмас. Зеро, инсон орзулар билан тирик, эзгу мақсадларимиз эса бизни шу юрт, шу Ватан олдидаги бурчимизни адо этишда муҳим пойдевор вазифасини бажаради.
Дарҳақиқат, ушбу нурафшон лаҳзаларда ортга назар солиб, босиб ўтган йўлимизда қўлга киритган муваффақиятларимиз, қилган ишларимизни сарҳисоб қилиш, эриша олмаганларимизнинг сабабларини таҳлил қилган ҳолда Янги йилда амалга оширишга эътибор қаратамиз. 2024 йил ҳақида гап борар экан, биринчи навбатда, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбир – Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органлари сайловининг мутлақо янгича, демократик талаблар ва жаҳон сайлов қонунчилигидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар асосида ўтганини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади.
Албатта, 2025 йилда олдимизда турган вазифалар, шубҳасиз, янада масъулиятлидир. Бу йил биз адолатпарвар жамият қуриш йўлидаги ҳаракатларимизни янада кучайтиришни мақсад қилганмиз. Бунда, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларини касбий муҳофазасини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, аёллар ва болалар, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий тизимни янада такомиллаштириш энг биринчи галдаги мақсадимиздир.
Янги йил – бу бирдамлик, ишонч, меҳр-оқибатга чорловчи айём. Биз адолат, тинчлик ва тараққиёт учун бўлган интилишларимизда янада жипслашамиз. Юртимизда ҳар бир фуқаро учун фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида фидойилик билан меҳнат қиламиз.
Азиз ҳамюртлар! Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик ва қувонч олиб келишини тилайман! Барчамизга улкан мақсадларимизга эришиш учун шижоат ва омад ато этсин! Улкан ниятлар билан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб аталган янги — 2025 йилимиз бунёдкорлик, тараққиёт ва адолат йили бўлишига ишонаман!
Янги йил ҳаммамизга муборак бўлсин!
Робахон МАХМУДОВА,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси🌐 Adolat.uz |🔵 Facebook | 🚀Telegram |📷 Instagram |🐤 Twitter | 🎬 YouTube