УСТОЗГА НИСБАТАН "ҲУРМАТСИЗЛИК" ҚИЛГАН ШОГИРД...
(Ҳаётий воқеа)
Баҳром университетни битириб, иш қидира бошлади. Тасодифни қарангки, газетада нашр муҳаррири бўлиб ишлайдиган таниши Нодир акани кўриб қолди. Гаплашиб қолишди ва у шартнома асосида газетага мухбир бўлиб ишга таклиф қилинди...
Газетада ойлик ишбай бўлиб, белги (символ)лар бўйича маълум бир нормани бажаргач, келишилган миқдордаги сумма тўланаркан. Нормадан ортиқ ёзилган ҳар бир белги учун эса қимматроқ нархда қалам ҳақи ҳисобланаркан. Баҳром жону дили билан ишга ёпишди...
3-4 ойда ичида газетанинг паст-баландини анча ўрганиб олди ва мухбир учун белгиланган ишлардан ташқари бошқа юмушларни ҳам бажара бошлади. Таҳририятга рекламалар олиб келди, обуна бўйича хизмат сафарларига чиқиб, тарғибот ишларини олиб бориши натижасида обуначилар сонининг ошишига ўз ҳиссасини қўшди...
Тахминан олти ойлардан сўнг биринчи маротаба мухбир бўла туриб нашр муҳарриридан кўп ойлик олди. Ваҳоланки, нашр муҳаррирининг ойлиги мухбирнинг ойлигидан 3 баравар кўпроқ эди. Шогирд устозидан яна кетма-кет 2 маротаба кўпроқ ойлик олгандан сўнг, Нодир ака Баҳромни ўз хонасига чақиртирди...
- Ука, сизни ким бу ерга ишга таклиф қилгани ёдингиздами?
- Албатта, мен сизнинг бу яхшилигингизни бир умр унутмайман.
- Сиз менга шогирд бўлганмисиз?
- Албатта устоз!
- Нега унда шогирд бўла туриб, устозга нисбатан ҳурматсизлик қилаяпсиз?
Нодир аканинг бу гапларидан Баҳром хайрон бўлиб қолди. Қачон ҳурматсизлик қилганини эслашга ҳарчанд уринмасин, эслай олмади. Кейин секингина Нодир акага юзланди:
- Узр устоз, қачон сизга ҳурматсизлик қилдим, эслай олмадим?
- Қилғиликни қилиб қўйиб, яна ўзингизни билмаганга оласиз-а? Бу ерда менинг лавозимим сизникидан юқори, тўғрими?
- Тўғри.
- Шунинг учун ҳам менинг ойлигим сизникидан катта, тўғрими?
- Тўғри.
- Мен эрталабдан кечгача бировларнинг, жумладан сизнинг ҳам мақолаларингизни таҳрир қилиб ўтираман, барча мақолаларга масъулман, сиз эса фақатгина ўзингизнинг мақолаларингиз тўғрисида қайғурасиз, тўғрими?
- Тўғри.
- Унда айтингчи, нега энди мен шунча меҳнат қилиб, кўз нуримни тўкиб сиздан кам ойлик олишим керак? Бу ишингиз устозга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади...
Баҳром энди гап нимадалигини тушунди. Демак, унинг елиб-югуриб, рекламалар топиб, ҳомийларни жалб қилиб, обуначилар сонини кўпайтиргани орқали раҳбариятдан қўшимча рағбатлантирилганлиги ва бунинг натижасида устозидан кўпроқ маош олаётгани Нодир акасига ёқмаган экан-де...
Лекин Баҳромнинг миясида бир гап айланарди: наҳотки мен ҳаракатчанлик ва меҳнатсеварлик эвазига устозга нисбатан "ҳурматсизлик" қилган бўлсам?...
БЕҲЗОД ҲОЖИМАТОВ.