Ислом молияси | Islom moliyasi


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Economics


Ислом молияси соҳасида билим ва кўникмаларни шакллантириш. Назария ва замонавий амалиёт, манбалар ва янгиликлар
📱t.me/IslomMoliyasi
🖥islommoliyasi.uz
🔵fb.me/IslomMoliyasi
🔴youtube.com/c/IslomMoliyasi
🔘t.me/islamic_finance_plus
⌨️ @IM_contact

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Economics
Statistics
Posts filter


#эслатма

ИСЛОМДА БИТИМ ИШТИРОКЧИЛАРИ (ТОМОНЛАР)ГА НИСБАТАН МУАЙЯН ТАЛАБЛАР МАВЖУД БЎЛИБ, УШБУ ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНМАСА БИТИМ ҲУҚУҚИЙ КУЧГА ЭГА БЎЛМАЙДИ


Шаръий нуқтаи назардан жоиз бўлган шартномани тузувчи томонлар (масалан, харидор ва сотувчи)нинг мавжуд бўлиши шартноманинг муҳим рукнларидан биридир. Ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан шартнома томонларига нисбатан белгиланган муайян шартлар мавжуд бўлиб, улар музокара олиб бориш, олди-сотди қилинаётган/айирбошланаётган молларни баҳолаш ва савдо қилиш орқали ўзлари мустақил қарор қабул қилиш қобилиятига эга бўлишлари лозим. Демак, бунинг учун томонлар ҳур (озод), балоғатга етган, оқил (яъни ақли ҳуши жойида) ва битим тузиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак.

@IslomMoliyasi канали


Ислом молиясининг асосий тамойиллари
Poll
  •   Бизнес фаолият шерикчилик асосида амалга оширилиши керак
  •   Шартнома ва битимларда шаффофлик ва томонлар учун тенг шарт-шароит таъминланиши лозим
  •   Даромад томонлар ўртасида тенг тақсимланиши лозим
  •   Барча битимлар савдо асосида амалга оширилиши керак
  •   Барча шартнома ва битимлар мусулмонлар ўртасида амалга оширилиши шарт
  •   Юқоридагиларнинг барчаси ислом молияси тамойиллари ҳисобланади


Суҳбат давомида жумладан қуйидаги маълумотлар ёритилган:

01:45 — Жаҳонгир Имомназаров ким?

04:56 — Ислом молияси(@IslomMoliyasi) телеграм каналининг ташкил этилиш тарихи

08:40 — Ўзбекистондаги ислом-молияси йўналишида фаолият юритувчи муассасалар

18:01 — Муробаҳанинг Ислом молиясида кўп ҳам ёқланмаслик сабаби

19:20 — Ислом молиясига кириш китоби ҳақида

31:03 — Савол сўраш маданияти

40:51 — Ислом банкларининг анъанавий банкларга таъсири

01:04:28 — AAOIFI шаръий меъёрлари ҳақида

01:12:20 — Ислом молиясини ўрганишда араб тилининг аҳамияти

@IslomMoliyasi канали


Ассалому алайкум!

Яқинда "Ислом молияси" лойиҳаси ҳамасосчиси, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Жаҳонгир Имамназаров билан Муҳаммад Одил Ҳамид суҳбатининг аудио шаклини эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик (аудио суҳбатни юклаб олиш тингловчиларга анча енгиллик беришини инобатга олдик, чунки ушбу суҳбат 1,5 соатдан ортиқ давом этган).


ЗАКОТНИ МУДДАТИДАН ҚАНЧА ОЛДИН БЕРИШ МУМКИН

CАВОЛ: Закотни олдин бериб қўйиш мумкин, дейилади. Мен ҳозир закотга қодир эмасман. Лекин озроқ пулим бор. Шуни келажакда бой бўлиб қолсам, шундаги закотимдан деб берсам бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган ҳолатда берилган пул закотдан ўтмайди. Закотни олдиндан бериш деган гап нисобга етган маблағи бор, лекин бир йил тўлмаган шахсга айтилган. Закот нисобига эга шахс бир неча йиллар учун закотини бериб қўйиши мумкин. Аммо қўлидаги маблағи нисобга етмаган одамларнинг олдиндан закотдан деб камбағалларга пул бериши закотдан ўтмайди, балки нафл садақа бўлиб ўтади. “Раддул муҳтор” китобида бу ҳақда бундай дейилган:
"ولو عجل ذو نصاب زكاته لسنين أو لنصب صح؛ لوجود السبب قوله: ولو عجل ذو نصاب قيد بكونه ذا نصاب؛ لأنه لو ملك أقل منه فعجل خمسة عن مائتين، ثم تم الحول على مائتين لايجوز".
“Нисоб эгаси закотини бир неча йиллар ёки бир неча нисоб учун олдиндан берса, закот беришга сабаб(нисобга етган мол) топилгани учун бу иш жоиздир. Иборада нисоб эгаси деб қайдлаб айтилганининг сабаби шуки, агар инсон нисобдан кам миқдордаги маблағга эга бўлиб, икки юз дирҳам учун деб беш дирҳам закот берса, шундан кейин икки юз дирҳамга эга бўлиб, бир йил тўлса, жоиз бўлмайди (яъни берган пули закотдан ўтмайди)”. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №7: «Ҳавала» (учиинчи қисм)

7. Ҳаваланинг қарздор (муҳил) ва қарз берувчи (муҳал) ўртасидаги муносабатларга таъсири:

7/1 Ҳавала битими тўғри тузилса, муҳил қарз мажбуриятидан ва унга боғлиқ ҳар қандай даъволардан озод бўлади. Бошқача қилиб айтганда, қарз берган томон қарзни қарздордан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Лекин (ҳавала битими тузиш пайтида), қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ)нинг тўловга қодир бўлиши шарт қилинган бўлса-ю, сўнгра унинг тўловга қодир эмаслиги аниқланса, бу ҳолатда қарз берувчи қарздор (муҳил)дан қарзни қайтиб талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8227-2/

@IslomMoliyasi канали


#савол_жавоб

​​МАҲСУЛОТНИ СОТИБ ОЛИШГА ВАКИЛ БЎЛГАН КИШИ УНИ ЎЗИГА СОТА ОЛАДИМИ?

❓CАВОЛ: Мени бир киши машинасини сотиб бериш учун вакил қилди. Бу машинани ўзим вакиллигим орқали ўзимга сотсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ, бу дуруст эмас. Сабаби, битта одам икки томондан савдолашувчи бўла олмайди. Масалан, бир киши машинасини сотиш учун бошқа бир одамни вакил қилса, у вакил ўша машинани бировга сотаверади. Лекин бу вакиллиги билан ўзи учун сотиб ололмайди. Чунки битта одам савдода икки томондан иштирок эта олмайди. Сабаби, савдода топшириш, қабул қилиб олиш каби бир-бирига зид ҳақлар бор. Бу савдо жоиз бўлса, бир тараф ҳам топширувчи, ҳам қабул қилувчи, ҳам харидор, ҳам сотувчи бўлиб қолади.

Агар ўша вакил машинани сотиб олишни истаса, машинани берган кишининг ўзи билан савдолашади. Валлоҳу аълам.

☪️ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

@IslomMoliyasi канали


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №7: «Ҳавала» (иккинчи қисм)

5. Ҳаваланинг турлари ва уларга тегишли ҳукмлар

5/1 Ҳавала 2 турга: чекланмаган (мутлақ) ва чекланган Ҳавалага бўлинади...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8218-2/

@IslomMoliyasi канали


МУЗОРАБАДА ХАРАЖАТЛАР ҚАЙСИ МАБЛАҒДАН ҚОПЛАНАДИ?

CАВОЛ: Бир киши пул тикиб, бошқаси шу пулга тижорат қилиш кўпайган. Харажатлар учун сармоя пулидан сарфланадими ёки иш юритувчи ўзининг ёнидан сарфлайдими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тижорат билан боғлиқ ҳар қандай харажатлар сармоядан олинади. Харажатдаги асосий нарса бу борада тижоратчилар орасида жорий бўлган урфга қараб белгиланади.

Дўконнинг ижара ҳақи, ишчи ёлласа, унинг ҳақи, электр тўлови, юк олиб келиш учун техника ёлласа, унинг ҳақи каби тижоратни ривожлантириш учун сарф-харажатлар музораба молидан олинади. Лекин шахсий мақсадларда фойдаланса, бу иш юритувчининг ўзидан кетади.

Масалан, ўзи ишламай бошқа ишчини ёллаб, ўзи шахсий ишлари билан юрса, мазкур ишчининг пулини ўртадаги пулдан эмас, ёнидан тўлайди. Чунки бу ҳолатда зиммасидаги ишни бажармаяпти.

Тижорат учун сафарга чиқса, у ердаги еб-ичиш, турар жой харажати ҳам сармоядан кетади. Фақат мазкур ҳаражатлар маъруф тарзда, яъни савдогарлар савдо учун борганда қилинган миқдорда харажат қилади. Саёҳат, дам олиш учун қилинадиган харажатлар қилинмайди.

Шунингдек, тижоратни ривожлантириш учун қилинадиган харажатлар учун ҳам ўртадаги сармоядан ишлатилади. Масалан, манфаатли ҳамкорлар билан алоқани мустаҳкамлаш учун зиёфат қилиб бериш каби ишлар.
Ўз шаҳрида еб-ичиш, кийим-кечак, турар-жой, машинанинг бензини каби шахсий мақсадлар учун бу маблағдан ишлатмайди. Олган бўлса, тўлаб беради. Бу ҳақда “Ҳидоя” ва унинг шарҳи “Иноя” китобида қуйидагилар айтилган:
Музориб шаҳарда иш юритса, унинг сарф-харажатлари сармоя молидан бўлмайди. Агар тижорат учун сафарга чиқса, еб-ичиши, кийими, улови каби харажатлар сармоя молидан бўлади. Чунки иш юритувчи (музориб) тижорат учун сафарга чиқмоқда. Нафақа таом, ичимлик, кийим, сотиб ёки ижарага олинадиган улов каби доимий эҳтиёжларга сарфланадиган маблағдир. Буларнинг барчаси маъруф (тижоратчилар одатда қилган) тарзда ишлатилади. Сармоя сарф этиладиган харажатларга тижоратнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган кийимини ювиш, ҳаммом, хизматчи, сартарош, уловининг озуқаси каби нарсалар ҳам қўшилади. Чунки сочи узун, кийими кир-чир, пиёда юрадиган киши камбағал саналиб, у билан ҳамкорлик қилувчилар кам бўлади. Демак, ҳамкорларни ўзига жалб қиладиган сарф-харажатлар ҳам нафақага киради”. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

"Ислом молияси"дан қўшимча маълумот: музораба шартномаси ҳақида эслаб олмоқчи бўлганлар телеграм саҳифамизга (@IslomMoliyasi) ёки сайтимизга (https://islommoliyasi.uz/uz/) кириб мудораба ва музораба деб қидирувга беришса керакли мақола ва маълумотлар чиқади (баъзи жойларда мудораба, баъзи жойларда музораба деб ёзганмиз, шунинг учун икки хил кўринишда ёзиб қидириш керак бўлади).


#қисқа_савол_жавоблар

МАШИНАНИ БИР-БИРИГА АЛМАШТИРИШ

CАВОЛ: 2022-йилда ишлаб чиқарилган Cobalt автомашинасини 2014-йилги Cobalt га устига пул олиб алмаштириш мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Савдо нақд кўринишда бўлса, модели бир хил автомашиналарни устига пул олиб айрибошлаш жоиз. Лекин бу савдо насия шаклда бўлса, жоиз бўлмайди, рибо ҳосил бўлади. Чунки автомашиналарнинг жинси (модели) бир хил бўлсада, улар тарозида тортиладиган ё ҳажм билан ўлчанадиган маҳсулот эмас. Шунинг учун уларни зиёда билан алмаштириш жоиз, лекин жинси бир бўлгани учун насияси дуруст эмас. Фиқҳий манбаларимизда шунга ўхшаган мисол: нақд савдода битта қўйни иккита қўйга алмаштириш дурустлиги айтилган (“Мухтасарул виқоя”, “Фиқҳул буйуъ” китоблари). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №7: «Ҳавала» (биринчи қисм)


Ушбу меъёрнинг мақсади – қарз мажбуриятларини (бошқа шахсга) ўтказиш (ҳавала)нинг мазмун-моҳияти, ҳукмлари, турлари, шартлари, унинг рухсат этилган ва ман этилган шаклларини ҳамда ушбу амалиётнинг Ислом молия муассасаларида қандай қўлланишини баён этиш...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8208-2/

@IslomMoliyasi канали


#мулоҳаза

Исломнинг Жануби-Шарқий Осиёда (Малайзия, Индонезия) тарқалиши ушбу ҳудудларни қурол билан эмас, балки қалблар ва дилларни гўзал ахлоқ билан забт этиш орқали бўлган.

Қандай қилиб дейсизми? Савдо ва савдогарлар орқали!

Оддий ишлар билан шуғулланувчи оддий инсонлар узоқ ва бегона ўлкаларда исламни ёйдилар. Улар даъватчи/тарғиботчилар бўлишган эмас.
Улар фақат:
- адолатли ва хушмуомала бўлишган;
- маҳсулотларини ҳалол тортиб, молларининг камчиликларини очиқ айтишган;
- берган ваъдаларига, ҳатто бу уларнинг манфаатларига зид бўлса ҳам вафо қилишган;
- уларга баландпарвоз гаплар керак бўлмаган — уларнинг амаллари уларнинг ўрнига гапирган.

Мана шулар сабаб миллионлаб инсонлар Индонезия ва Малайзияда исламни қабул қилишган. Бу қандайдир мажбурият туфайли ёки қандайдир маркетинг сабаб содир бўлмаган. Maҳаллий аҳоли ҳалол савдогарларни, адолатли тадбиркорларни ва оддий инсонларнинг гўзал ахлоқини кўрган ва шунинг ўзи улар учун етарли бўлган..


📝"Ислом молияси"дан изоҳ:

1. Ислом молия активлари умумий ҳажми: 4,9 триллион АҚШ долларини ташкил этди;
2. Ислом молия активлари йиллик ўсиши суръати: 11% га тенг бўлди;
3. Ислом молия институтлари сони: 1,981 га етди (Бу ислом молия экотизимида фаолият юритувчи умумий институтлар сони, шу жумладан, банклар, инвестицион компаниялар ва бошқа молиявий муассасалар);
4. Камида бир турдаги ислом молиясига оид қонун-қоидага эга мамлакатлар сони (яъни ислом молияси бўйича бирорта бўлса ҳам меъёрий ҳужжат/қонун/тартибга эга бўлган мамлакатлар): 57;
5. FinTech Sandbox’ (қумдон)га эга мамлакатлар сони (яъни инновацион молиявий технологиялар учун махсус муҳитга эга мамлакатлар): 72;
6. Марказлашган Шариат қўмитасига эга мамлакатлар сони: 23;
7. Ислом банклари фаолиятининг ошкоралиги (очиқлиги) индексининг (ўртача) кўрсаткичи: 69%;
8. Шариат қўмиталарида фаолият олиб борувчи уламолар сони: 1,512;
9. ESG (экологик, ижтимоий ва бошқарув масъулияти қоидалари)га мувофиқ равишда чиқарилган ва хозирда муомалада бўлган сукукларнинг умумий қиймати: 35.9 млрд. АҚШ доллари;
10. ESG талабларига мувофиқ бўлган ислом жамғармаларининг умумий қиймати: 8.0 млрд. АҚШ доллари;
11. Соҳанинг барқарорлигини баҳолаш тизими (қоидалари)га эга мамлакатлар сони: 50;
12. Ислом банклари томонидан тайёрланган ўртача барқарорлик ҳисобот индекси: 48%;
13. Умумий ижтимоий масъулият маблағлари, яъни ислом молияси тизими доирасида жамият учун сарфланган умумий маблағлар: 1.3 млрд. АҚШ долларига тенг;
14. Ислом молияси бўйича жонли (офлайн) шаклда ўтказилган тадбирлар сони: 531;
15. Ислом молияси бўйича онлайн тарзда ўтказилган тадбирлар: 387;
16. Ислом молияси бўйича янгиликлар: 10,534;
17. Ислом молияси бўйича таълим муассасалари сони: 1,007;
18. Ислом молияси бўйича амалга оширилган илмий ишлар ва илмий тадқиқотлар сони: 5,162;
19. Ислом молияси бўйича (яъни ихтисослашган) журналлар сони: 347.

🌐 Манба: ISLAMIC FINANCE DEVELOPMENT REPORT 2024

@IslomMoliyasi канали


#фойдали_маълумот

ИСЛОМ БАНК-МОЛИЯ ТИЗИМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ
(01.01.2024й. га бўлган ҳолат)

@IslomMoliyasi канали


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №6: «Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш» (якуний қисм)

9. Ички ёки ташқи (ташаббус асосида) ўзгартириш (қайта ташкил қилиш) қароридан олдин вужудга келган ношаръий (молиявий) мажбуриятлар муолажаси:

9/1/1 Агар мажбуриятлар рибовий фоизлар шаклида бўлса, банк бундай фоизларни тўламаслик учун шариатга мувофиқ барча воситалардан фойдаланиши керак. Ушбу ҳукм қарзлар ёки кредитларнинг танига тааллуқли эмас. Банк рибовий фоизларни тўламайди, ўта мажбурлик ҳолатлари бундан мустасно...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8199-2/

@IslomMoliyasi канали


​​#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Микромолиявий хизматларга оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда микромолиялаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Аммо нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига нисбатан ўрнатилган айрим чекловлар, шу жумладан қўшимча молиявий ресурслар жалб этиш имкониятларининг чекланганлиги мазкур ташкилотлар томонидан кенг доирадаги истеъмолчиларга микромолиявий хизматларнинг кўрсатилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, етарли салоҳиятга эга микромолия ташкилотларининг тижорат банки даражасига босқичма-босқич “ўсиши” учун имкониятларнинг мавжуд эмаслиги соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу боис “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида боғловчи “занжир”ни яратиш, шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар, шу жумладан депозит жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатиш ваколатига эга бўлган юридик шахс – микромолия банки институтини жорий қилиш, микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Қонунда микромолия банки тушунчаси, микромолия банки устав капиталининг энг кам миқдори, микромолия банки белгиланган пруденциал нормативларга риоя этиши, кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда.

Шунингдек, республика ҳудудида банкларнинг ёхуд нобанк кредит ташкилотларининг фирма номлари билан чалкаштириб юбориш даражасидаги ўхшаш бўлган фирма номларидан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши микромолиявий хизматлар оммалашишига, аҳоли кенг қатламларининг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланишига, ундан ҳудудларда фойдаланиш кўламининг кенгайишига хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
24.01.2025й.

@IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

Розиман деса ва ичидан рози бўлмаса?

Шайҳ жаноблари, пул муомаласи ва савдо сотиқ муомаласида саволим бор.
Сиз сотган маҳсулот ёки ҳизмат учун мижоздан ҳизмат ҳаққингизни айтсангиз ва пулингизни олгандан сўнг "рози бўлинг" десангиз? Мижоз ҳам "мен розиман" десаю, аммо ичида норози бўлса? Унда олган пулимиз ҳаром бўлиб қоладими? Ёки мижоз тилида айтиб дилида қайтгани учун мунофиқ бўлиб қоладими? Хуллас, мижозни розилигини сўрасак, розиман деса ҳисобми? Раҳмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Исломда одамларнинг ташқи ҳолатига қараб ҳукм чиқарилади. Ниятига қараб эмас. Харидор розиман дедими, етади. Унинг ичини ёриб кўриш керак бўлмайди. Унинг мазкур нарсанинг олишининг ўзи розилиги аломатидир. Рози бўлмаса, олмасин.
_____
"Ислом молияси"дан изоҳ: агар инсон ўз танловида эркин бўлса, яъни сотувчи томонидан ёки бошқа шахслар томонидан уни мажбур қилиш ҳолати бўлмаса, у ҳолда харидор истаса ўша молни сотиб олсин, истамаса сотиб олмасин. Лекин мажбурлаш ҳолати бўлмаган ҳолатда харидорнинг ўша нарсани сотиб олиши унинг розилигини англатади, яъни сотувчи унинг қалбидаги ҳиссиётларига масъул эмас.

@IslomMoliyasi канали


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №6: «Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш» (бешинчи қисм)

7. (Анъанавий банкларни ислом банкларига) ўзгартиришнинг инвестицияларга таъсири:

7/1 Фоизли қарзга асосланган инвестиция воситаларидан фойдаланиш тўхтатилиши шарт ва бундай воситаларни Музораба, Мушорака, Мушарака Мутанақиса (камайиб борувчи шерикчилик), қишлоқ хўжалиги (шу жумладан боғдорчилик) билан боғлиқ шерикчилик (Музораъа, Муғораса, Мусоқот), насия савдо асосида молиялаштириш, Муробаҳа, Салам, Истисна, Ижара, Ижара Мунтаҳия Биттамлик ва шу каби шариатда рухсат этилган молиялаштириш ва инвестиция воситаларига алмаштириш керак...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8193-2/

@IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

БИРОВЛАР ҲАҚИНИ ЎЗИГА БИЛДИРМАЙ БЕРИШ

CАВОЛ: Ўзгалардан яширинча олинган пул ва бошқа турли буюмларни қайтариш ноқулай бўлса, ўзига билдирмасдан бериб қўйса ҳам бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ўзгалардан ноҳақ олинган ҳақларни эгасига билдирмасдан бериб қўйиш дуруст. Фақат унга етиб бориши аниқ бўлиши керак. Шу билан зиммадаги бировнинг ҳаққи соқит бўлади. Уламолар, бир киши бошқанинг чўнтаги ва сумкасидан билдирмасдан бирор нарсани олиб қўйганидан кейин, билдирмасдан қайтариб солса, зиммасидан соқит бўлади, деганлар. Ҳатто: “Сизга ҳадя”, деб ўша олган нарсасини бериб юборса ҳам зиммасидаги қарзидан қутилади. Аммо бировнинг ҳаққига тажовуз қилгани учун истиғфор айтиб, тавба ҳам қилади (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

"Ислом молияси"дан қўшимча изоҳ: ўзгаларнинг ҳақи жуда оғир масала. Зеро, машҳур ҳадисда ривоят қилинишига кўра, жаннатга лойиқ инсон ҳам зиммасида бировнинг ҳақи (масалан қарзи) қолган бўлса, ўша қарз (гарчи у кичик миқдорда бўлса ҳам) туфайли жаннатдан тўсилиб туради. Шунинг учун ўзганинг ҳақидан ҳар қандай тақиқланмаган йўллар билан тез қутулиш чорасини кўриш керак экан. Уялиб, истиҳола қилиб ёки арзимас миқдордаку деган ўй бировни ҳақини қайтармасдан ўтириш қиёмат куни қаттиқ хасрат надоматга сабаб бўлиши мумкин экан. Аллоҳ асрасин.


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №6: «Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш» (тўртинчи қисм)

6. Ўзгартиришнинг фоизли дебиторлик қарзларига таъсири ва уларнинг шаръий муқобиллари:

6/1 Банк фоиз тўлаш мажбурияти эвазига жалб қилган пул маблағлари бўйича аввал тузилган анъанавий битимларнинг барча оқибатлари, ушбу битимлар жисмоний шахслар, банклар ёки марказий банк билан тузилган бўлса ҳам, бартараф этилиши (тугатиши) керак. Мазкур шарт, банкни қайта ташкил этиш қароридан олдин қабул қилинган (фоизли) депозитлар, имтиёзли акциялар, фоизли инвестиция сертификатлари ва облигацияларни қамраб олади. (9-бандга қаралсин)...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8187-2/

@IslomMoliyasi канали

20 last posts shown.