Ўзбекча
Фарғонада ўғирликка тушган йигит онани болалари кўз ўнгида ўлдирди
14:13
22835
У онлайн қимор ўйинларига берилиб қолган ва қарзларини ёпиш учун жиноятга қўл ургани айтилмоқда.
Фото: Видеодан кадр \ Ruxsor Tv
Фарғона шаҳрида яшовчи йигит шаҳарнинг Бешбола маҳалласида яшовчи, уч нафар вояга етмаган болаларнинг онаси бўлган аёлни ўлдирди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, онлайн қиморга берилиб қолган 29 ёшли йигит қарзга ботади. Сўнг у Фарғона шаҳридаги ўзи яшайдиган маҳаллага қўшни бўлган Бешбола маҳалласидаги хонадонга ўғирликка тушади.
У аввалига бўш хоналарга кириб пул қидиради. Ҳеч нарса топа олмагач хонадон соҳибаси 3 нафар фарзанди билан ухлаб ётган хона эшиги олдига келади.
Шу пайтда аёл тасодифан ташқарига чиқади ва ўғрига кўзи тушади. Эшиги олдида юзига ниқоб таққан бегона йигитни кўрган аёл бақиради ва шунда унинг болалари ҳам уйғонишади.
Аёл хона ичига кириб эшикни ичкаридан ёпишга уринади. Шунда йигит хонага кириб уч нафар боланинг кўз ўнгида аёлга пичоқ уради ва воқеа жойидан қочиб кетади. Оғир тан жароҳати олган аёл вафот этади. Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида тез орада йигит ушланади.
“Рухсор ТВ” телеканалида берилган лавҳада айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида йигит Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди ва 164-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топилган. Унга 17 йил қамоқ жазоси берилган.
✨
𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | @HURRIYAT_UZ