НАМОЗДА ҚИБЛАГА ЮЗЛАНИШНИ НИЯТ ҚИЛИШ
CАВОЛ: Уйда ўқийдиган намозларимда “…юзимни қиблага қаратган ҳолатда холис Aллоҳ учун” деб ният қиламан. Масжидда ҳам шундай дейишим керакми? Масалан аср ёки шом намози учун?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маълумки, қиблага юзланиш намознинг шартларидан биридир. Бунга барча уламолар ижмо қилишган. Лекин намозда қиблага юзланишни ният қилиш шарт ёки шарт эмаслиги борасида ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларимизда икки хил гап бор: Абулкарим Журжоний "Киши намозда қиблага юзланганини ният қилиши шарт", – деган бўлсалар, Имом Сарахсий, Аллома ибн Нужайм, Аллома Шайхизода, Аллома Ҳаскафий ҳамда Ибн Обидийн каби муҳаққиқ уламолар шарт эмас, деган фикрни қатъий айтганлар (манба: “Баҳрур роиқ” (3/324), “Мажмаъул анҳур” (1/125), “Раддул муҳтор” китоблари (3/89)).
Мулла Хисрав ўзининг “Дурарул ҳуккам” номли асарида Аллома Фахриддин Қозийхондан қуйидагича нақл қилиб келтирган:
قَالَ قَاضِي خَانْ أَمَّا اشْتِرَاطُ نِيَّةِ اسْتِقْبَالِ الْقِبْلَةِ اخْتَلَفُوا فِيهِ قَالَ بَعْضُهُمْ إنْ كَانَ يُصَلِّي إلَى الْمِحْرَابِ لَا يُشْتَرَطُ وَإِنْ كَانَ يُصَلِّي فِي الصَّحْرَاءِ يُشْتَرَطُ
яъни: “Қозихон айтадилар: “(Намозда) Қиблага юзланишни ният қилиш шартлиги борасида уламолар турлича гап айтдилар: баъзилари меҳробга қараб намоз ўқиганда шарт бўлмайди, дейишди. Баъзилар эса саҳрода намоз ўқиганда шарт дейишди” (“Дурарул ҳуккам шарҳ ғурарул аҳкам” китоби (1/275)).
Шунга кўра Сиз намозни масжидда имомга иқтидо қилиб ўқиган пайтингизда қиблага қараб намоз ўқишни ният қилишингиз ва “...юзимни қиблага қаратган ҳолатимда...”, – дейишингиз шарт эмас. Балки бунинг ўрнига имомга иқтидо қилишни ният қилишингиз лозим бўлади. Масалан: “Аср намозининг фарзини шу имомга иқтидо қилган ҳолда, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”, – дейсиз. Чунки, имомга иқтидо қилувчи киши ушбу намозида ҳозир бўлган имомга эргашаётганини ният қилиши шарт бўлади. Бу ҳақида уламоларимиз шундай дейишган:
اتفق الفقهاء علي ان نية المؤتم الاقتداء بالامام شرط لصحة الاقتداء (الموسوعة الفقهية 6ج 20ص)
яъни: “Фуқаҳолар шунга иттифоқ қилганларки, имомга эргашиш тўғри бўлиши учун имомга эргашувчи имомга иқтидо қилишни ният қилиши шартдир” (“Кувайт фиқҳ энциклопедияси” (6/20)). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати
КАНАЛГА УЛАНИШ УЧУН 👇👇
@HASANHONQORIMASJIDI