Яна Ямал ҳақида. Юлдузлар икки хил бўлади. Биринчи тоифа, масалан, деярли ҳамма, Пирло, Кроос, Скоулз, Левандовски, Мбаппе, ҳатто Криштиану. Улар майдонда ҳаммасини қила олишади. Заргарона пас дейсизми, бор, ўша паллада биз уларнинг майдонни қандай кўра олишига ҳайрон қоламиз. Бу қобилият. Гол уриш учун нима керак бўлса, аъло даражада амалга оширишади, футболни сув қилиб ичиб юборишган гўё. Техника зўр, зарба зўр, тактик билимлар, бош билан ўйнаш, эътироз йўқ. Вақт ўтган сари бундай футболчилар чархланади, ўсиб боради, кучаяди. Кеча уролмаган голларини эртага уради. Топ!
Иккинчи тоифа бор. Улар футболни болаларча ўйнашади. Ташқарига чиқиб, болалар футбол ўйнаётганини кўрасиз, уларнинг ичида энг зўри бўладику, шу бола. Фарқи, улар худди ўша ишни, болалар майдонидаги ҳаракатларни энг юқори даражадаги ўйинларда амалга оширишади. Улар чархланмайди, ўсмайди, шунчаки майдон, рақиб ўзгаради, тамом. Эсингизда бўлса, бразилиялик Роналдо шундай, болаларча голлар урарди. Дарвозабонни алдаб ўтиб. Марадона шундай футболчи бўлган. Кейин Кака. Охиргиси Месси бўлса керак. Янгиси Ламин Ямал.
Мен унинг бемалол ўн йилдан кейинги ҳолатини тасаввур қила оламан. Худди шундай, ҳозиргидек бўлади. Фақат шунақа голлари, шунақа паслари, шунақа ўйинлари сони жуда кўп бўлади холос.
@aslanov_futbol