Eshmon Malla


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Telegram


Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Telegram
Statistics
Posts filter


Хазина

НЎҒАЙ МАҚОЛЛАРИ

Яхшы ман сўйлесанг балга секер қатқандай,
Яман ман сўйлесенг ийтке суек атқандай.


Яхши билан гаплашсанг болга шакар қўшгандай,
Ёмон билан гаплашсанг итга суяк отгандай.


Яхшы кўргенен айтар,
Яман бергенин айтар.


Яхши кўрганин айтар,
Ёмон берганин айтар.


Яманнынг таяғы сегиз: бири тиймесе, бири тиер.

Ёмоннинг таёғи саккизта: бири тегмаса, бири тегар.

Манба: “Ма’навий ҳаёт” журнали,
2024 йил 4-сон


https://t.me/Eshmonmalla


Томир

НЎҒАЙЛАР КИМЛАР?

Нўғайлар – туркий халқ. Тили – туркий тилнинг қипчоқ лаҳжаси.
Асосан Кафказ, Идилбўйи (Волгабўйи) ҳудудлари ва Марказий Осиёнинг шимоли-ғарбида яшайди. Туркияда юз минг нафардан зиёд нўғай бор. Уларнинг кўпи 1917 йилги инқилобдан сўнг Иккинчи жаҳон уруши даврида қочиб борганлар авлоди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Руминия, Болгария давлатларида ҳам нўғай диаспораси бор.
Ҳозирги кунда дунёда нўғайлар сони 300 минг нафардан кўп. Қизиғи, бу ҳисобларда фақат паспортига нўғай ёзилган одамлар қайд этилган. Қозоқ, қирғиз, қорақалпоқлар орасида ҳам нўғай уруғлари мавжуд, уларнинг келиб чиқиши Нўғай ўрдаси ва нўғай миллати билан боғлиқ.

Турмуш тарзи

Нўғайлар азалдан чорвадор бўлган. Улар асосан ўтовларда яшаган. Евроосиё бўйлаб тарқалиш ареали кенг бўлгани учун ўтовлари ҳам хилма-хил.
Европа ҳудудидаги нўғай ўтовлари керагасининг баландилиги билан ажралиб туради. Улар Шарқ ўтовларига нисбатан чиройлироқ бўлган ва ичкариси ҳам европача нақшлар билан безатилган. Ўтовлар қаерда бўлишидан қат’и назар, тепасига уруғининг тамғаси қўйилган.
Ҳунармандчилик кенг ривожланган. Гилам тўқиш, кийиз босиш, турли кийимлар тикиш, айниқса от анжомлари ясашда нўғайлар уста бўлган. Бу қардошларимиз ясаган эгар ва қамчилар Марказий Осиё ва Европада машҳур бўлган.
Ўрислар қамчини “нагайка” дейиши ҳам шундан “Нагайка” аслида нўғойи дегани.

Нўғай таомлари

Нўғайлар асосан сутли, гўштли, хамирли овқатларни хуш кўради. Сутли таомлардан ширчой, ювирт (йогурт), айрон, қимиз, бўза кўп исте’мол қилинади. От гўтидан қази, тўлдурма (дудланган қази) ва қовирмиш (қовурилган қази) тайёрлашади. Э’тиборли меҳмонлар учун тузланган қўй калла (каллапойча) тортилган.

Нўғайча – ўзбекча ба’зи сўз ва иборалар

Батыр – ботир
Ауыл – овул
Қар – қор
Сўғыс – уруш, жанг
Қыс – қиз
Ассаляму алейкум! – Ассалому алайкум!
Исан-амансызба? – Эсон-омонмисиз?
Эртенг яхшы бўлсын! – Хайрли тонг!
Кун яхшы бўлсын! – Хайрли кун!
Кеш яхшы бўлсын! – Хайрли кеч

Анвар БЎРОН
(“Ма’навий ҳаёт” журналининг
2024 йил 4-сонидан олинди)


Ўлмас сатрлар

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ОРЗУ


Тиниб қолди сен ҳақда қўшиқ,
Сўниб қолди ранглар сен ҳақда.
Ҳуснинг фақат дилда жилвали,
Исминг дилда жарангламоқда.

Йўллар висол ҳақда куйламас,
Шивирламас бахт деб бирон барг.
Сўзлар ше'рмас, товушлар қабри,
Мў'жизалар бўлди жувонмарг.

Дийдор энди бахш этмас иқбол,
Айрилиқ ҳам келтирмас зиён.
Бу кулфатга чидаб бўлмайди,
Кўтараман мен унга исён!

Енгаман. Сўнг орзуларимда
Келтирасан сўлмаган гуллар.
Сен келар йўл чанглари висол
Алангаси бўлиб ловуллар.

Айтмаганинг розларни тинглаб,
Хаёлингни қилгум тавофлар.
Сўзсиз мактуб жўнатиб сенга,
Олажакман сўзсиз жавоблар.

Мў'жизалар ҳаётга қайтиб,
Йўлларингга энтикиб қарар...
Қанча амримаҳол бўлмагин,
Сен келасан, бахтим, муқаррар.


Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг "Манчестер сити" клубига ўтгани расман э'лон қилинди.
Ватандошимизга келгуси фаолиятида омад ва ютуқлар тилаймиз.
Баракалла, Абдуқодир!


https://t.me/Eshmonmalla


Ўтмишни унутмаймиз

ЭНГ АЗИЗ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ҲУЖУМ ҚИЛИШГАН

СССР даврида ўзбек халқига аёвсиз ҳужумлар бўлган. Миллийлигимизга кучли зарбалар берилган. Жумладан, энг азиз инсоний бойлигимиз, қадриятимиз бўлмиш исмларимизга. Ўристилли ёхуд советқул ФҲДЁ ходимлари саводсиз бўлмаган, балки номимизни атайлаб бузиб ёзишган. Бу қўйларга (эҳтимол, молларга) бўлаверади, дейишган.
Афсуски, уларнинг та'сирига тушиб қолган, ғурури ўлдирилган ва поймол этилган миллатдошларимиз зеҳниятидан бу иллатни қувиб чиқариш қийин кечаётир. Орамизда исмини тўғри ёзолмай юрганларнинг, бегона бир тилни она тилимиздан устун санайдиган қултабиат миллатдошларимизнинг ҳалиям кўп экани шундан.
Аммо ишончим комил, иншооллоҳ, улкан халқ, қадимий ва катта миллат сифатида биз албатта ўзлигимизга қайтамиз.


Forward from: BoburAkmalov
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Нега Ҳусанов эмас, Кхусанов? Нега Аҳмедов эмас, Акхмедов?
Яхши мулоҳазалар, тўғри танқид

@boburakmalov






Ўлмас наволар

Биз ёмон қўшиқчи кўпайиб кетди деймиз, лекин ёмон қўшиқларга муросасиз эмасмиз. Ҳа, айтаверади-да, деб қўямиз. Ўғлимиз ё қизимиз, укамиз ёки синглимиз нимани эшитаётганига кўп-да э'тибор бермаймиз.
Тобора илдиз отаётган дидсизлик касаллигини ёшлик бебошликларига йўямиз. Бугун маза-матрасиз, шовқин-суронли, алжирашлардан иборат нарсаларни эшитаётган қулоғи товушли чиқиндиларга ўрганиб қолиши мумкинлиги хаёлимизга келмайди. Ҳолбуки, онгга ўтириб қолган бемаза сўз ҳам, оҳанг ҳам киши руҳини бузмай қолмайди.
Фарзандларимизга ёшлигидан асил сан'ат дурдоналарини эшиттириб борайлик, токи қулоқлари ҳам, юраклари ҳам гўзал оҳангларга ўргансин.
Қуйида тақдим этилаётган бир жуфт дилбар қўшиқ бу борада сизга ёрдамчи бўлади, деб ишонасиз, азизлар.

Дастуримизда:
1. Ма'муржон Тўхтасинов. "Муҳаббатнинг саройи"
2. Аҳрор Усмонов. "Ҳаловатларим"


Ўтмиш сабоқлари

ДУШМАН БАШАРАСИ

Чор Россиясининг Туркистондаги хунрезликлари ҳақида баъзи маълумотлар

Рад этиб бўлмайдиган далил ва ҳужжатлар генерал Скобелевнинг туркман қардошларимизнинг жаллоди бўлганини яна бир марта исботлайди. Генерал Скобелевнинг яқин хешларидан бўлган Адам Жулйет Ламбер “Генерал Скобелев” китобида қуйидагича ҳикоя қилади:
«Жаноб Марвин билан суҳбат чоғида генерал Скобелев Ўрта Осиёни бўйсундириш ҳақида ўз қарашларини  очиқдан-очиқ қуйидагича ифодалади:
“Гап шундай, жаноб Марвин, фақат буларни газетангизда босиб чиқара кўрманг. Жаҳон жамоатчилиги назарида ғирт ёввойига айланиб қолишни истамайман.
Менинг ақидам шундай: Осиёда осойишталик ўрнатиш масаласи тўғридан-тўғри ОДАМЛАРНИНГ ҚАНЧА КЎП ҚИРИЛИШИГА БОҒЛИҚ. Зарба қанчалик кучли бўлса, душман шунчалик тез бўйсунади. БИЗ КЎКТЕПАДА ЙИГИРМА МИНГ ТУРКМАННИ ЎЛДИРДИК. ТИРИК ҚОЛГАНЛАР БУ САБОҚНИ БИР УМР УНУТМАЙДИГАН БЎЛАДИ...”.
Марвин сўзида давом этиб мана буларни ёзади: “Бу хусусда шуни айтишим лозимки, Скобелев мен билан суҳбат чоғида “КЎПЛАБ АЁЛЛАР ЎЛДИРИЛДИ. АСКАРЛАР ДУЧ КЕЛГАН ОДАМНИ ҚИЛИЧ БИЛАН ЧОПИБ ТАШЛАЙВЕРИШДИ”, деб тан олган эди. Бошқа дивизиядагилар ҳеч кимга шафқат қилишмади: аскарлар худди машинадек ишлаб, ХАЛҚНИ ҚИЛИЧ БИЛАН РОСА БУРДАЛАШДИ”.
А.Н.Куропаткин ёзади: “Қалъа ичига назар ташлаш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдаларга тўлиб кетганди”.
Н.И.Гродеков қўшимча қилади: “Душман қамал пайтида милтиқ ва замбарак ўқларидан қай даражада даҳшатли талафот кўрганини қалъани эгаллаганимиздан кейин билдик. ҚАЛЪА ИЧИДАГИ БАЪЗИ УЙЛАРДА ҲАТТО ЎН БЕШТАГАЧА ЎЛИК ЁТАР ЭДИ...”
Жанг арафасида Скобелов: “Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман қонини дарёдек оқизаман”, деб мақтанган эди. У Кўктепада жон бераётган мулланинг “Саккиз минг бегуноҳ одамни ўлдирганинг учун виждон азобида қолмайсанми?” деган саволига юзсизлик билан, “Йўқ, саксон минг бўлмаганига ачинаман!” деб жавоб берган эди.

“Туркистон Чор Россияси
мустамлакачилиги даврида”
китобидан.

https://t.me/Eshmonmalla


Дурдона

Шавкат РАҲМОН

“БАХТ” СЎЗИ ҲАҚИДА

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.

Оғир ботмасмикан
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига?

Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.

https://t.me/Eshmonmalla


Қайдлар

Ба'зи шоир ва ёзувчиларни исте'доди, маҳорати (ижодий техникаси), билимига тан бериб ўқийсан, яна ба'зиларни ҲИС ЭТИБ. Мен бу ўринда "ҲИС ЭТИБ" иборасини грамматик қоидаларга зид ўлароқ, катта ҳарфлар билан ёзишни хоҳлайман. Ҳа, мана шуниси одамга кўпроқ нарса беради.

***
Бизда қалб тарбиясига деярли э'тибор берилмайди. Ота-оналар болам ўқимишли бўлсин, катта одам бўлсин, бой бўлсин дейди. Бунинг учун пул, мол-дунёни аямайди. Аммо камдан-кам кишилар "ўғлим ё қизим раҳмдил инсон бўлсин", "ўзгалар қалбини англаш сан'атини эгалласин", деб ният қилади.
Қалб тарбияси — буюк иш. Бадиий адабиётсиз бу ишни уддалаб бўлмайди.
Қалби тарбияланмаган инсондан яхшилик кутилмайди. Ундан халқни эзадиган монополист, ўзидан ўзгалар манфаатига тупуриб қўйган коррупционер, халқ ва миллатга душманликни комил даражада адо этадиган Ватан хоинлари чиқиши мумкин, холос.


Куйгили гаплар

УЙ БИЛАН ТЎЙ

Устоз Хайриддин Султоннинг бир ҳикояси қаҳрамони "Ўзбек халқининг миллий ғояси — тўй экан" дейди киноя билан. Ва бу фикрини асослаб, ўзбек тўй, тўй ва яна тўй деб яшаши, бутун умрини шунга бағишлашини айтади. Аччиқ ҳақиқат.
Мен бу қаҳрамоннинг гапига қўшимча қилиб, ўзбек халқининг яна бир ғояси бор, бу — уйдир, дейман.
Уйга, ҳовли-жойга бизчалик сиғинадиган яна кимдир борми дунёда? Ба'зи уй-жойларни кўриб,
ўҳ-ҳу, шу ерлардаям одам яшармикан, дейсиз.
Айримлар йиллаб уй қуради, миллионлаб пул сарфлаб безайди, емай-ичмай, ўзининг, болаларининг ризқини қийиб қилади шу ишни. Кошки унда 150 йил яшаса. 50 йил ҳам яшолмайди. Беш йил ҳам яшаб улгурмаганларни кўп эшитганман.
Бу омонат ҳаётда ортиқча пул, вақт, куч-қувват сарфлаб қаср қуришнинг нима кераги бор экан? Менимча, бунда қулай, мазза қилиб яшашдан кўра, мақтаниш, ўзини кўрсатиб қўйиш истаги кучли бўлса керак. Қулайлик истаган одам, ихчам, иссиққина уй солади. Катталиги стадиондай, аммо қиш-қировли кунларда ичи музлаб ётадиган чиройли кошонадан нима наф?
Ёки кўрган одам "Э, Фалончининг уйи баланд, ҳовлиси кенг экан, қойил!" дейиши носнинг кайфидек одамга кайф бермаса, бошқа ҳеч қандай фойдаси йўқ.
Одам 180 ёки 220 йил умр кўрмайди. Ёки қураётган уйим бола-чақам учун дейдиган бўлсангиз, дўстлигимни айтаман, уларни ўйлаб каллангизни ачитиб ўтирманг. Келгуси авлод сиз миллионлаб пул сарфлаб қурган уйда яшамайди. Уларнинг ҳаётга, унинг не'матлари, жумладан, тураржой-уйларга нисбатан ўз қараши ва қаричи бўлади. Сизнинг шахсий дидингиз, орзу-ҳавасингиз ўзингиз учун қадрли, қурган уйингиз ўзингизнинг кўзингизга ой бўлиб кўринади, холос. Дейлик, сиз ўзингиз, бобонгиз қурган уйда ўтирмаяпсиз-ку, тўғрими? Яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, уни реконструксия қилиш — қайта қуриш орзунгиз борлигига негадир ишонгим келади.
Ақллилик қилаётган бўлсам, узр сўрайман, шунчаки, биз орзу-ҳавас деганда, бирор юз йиллардан бери уй билан тўйдан нари ўтолмай ҳалаклигимиздан куйиб кетаман.


Тил мў'жизалари

“КУЗАТУВ”ДАГИ “КЎЗ”

Тилимизда фаол ишлатиладиган “кузатиш”, “кузатув” ҳамда “кўз”, “кўрмоқ” сўзларининг ўзаги бир бўлиб, уларнинг бари қадимги туркий тилдаги “қара, назорат қил” маъноларини англатган “кў” феълидан келиб чиққан.

Мисол:

Ўл отиғ кўзаткан-ўл. – У доим отига қараб юради.
От кўзатгучи – отни кузатувчи, отга қаровчи, отбоқар. 

(Манба:
“Туркий сўзлар девони")

https://t.me/Eshmonmalla


Она табиат ва биз

Бўш пайтларимизда озроқ лайлакчилик билан ҳам шуғулланиб турамиз.
Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Яллама қишлоғи.

Ўткир Болтанинг норасмий ва салгина расмий саҳифасидан олинди.


Муборак кун ҳикмати

УЗОҚ ЯШАШ СИРИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса (севинтирса), қариндошларига силаи раҳм (яхшилик) қилсин", дедилар.

Манба:  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Ҳадис ва ҳаёт" китоби, 34-жуз.


Асил кўмчу сўзларим

ТУРКЧА — ЎЗБЕКЧА "ЧАЛҒИТУВЧИ" СЎЗЛАР ЛУҒАТИ

Baba — (бобо эмас) ота
Dede — (дада ёки ота эмас) бобо, каттаота
Zor — (зўр эмас) қийин, мушкул
Kaldırmak — (қолдирмоқ эмас) — кўтармоқ
Akciğer — (оқ жигар эмас) ўпка
Karaciğer — (қора жигар эмас) — жигар
Hayir — (хайр эмас) йўқ
Sağır — (сағир эмас) қулоғи оғир, кар

Savcı (совчи эмас) — прокурор
Köy — (айнан кўча-кўй эмас) қишлоқ. Лекин кўча-кўйдан келиб чиққан бўлса керак.

Турк тилига қизиқадиган дўстларингизга юбориб қўйинг.


https://t.me/Eshmonmalla


Дам олиш кун мутолааси

Анвар ОБИДЖОН


САЛОМНОМАЛАР
 
Қўрқоқларнинг қўрқоғи ғилай Қуёнга салом,
Йўқдир яқин ўртоғи, шўрлик Чаёнга салом.
 
Шохдан шохга югурган, думида уй супурган,
Ёнғоқ чақиб тупурган шўх Олмахонга салом.
 
Арғамчидек буралар, янтоқларга ўралар,
Қўнғиз ўтса мўралар, бўғма Илонга салом.
 
Ҳўкизларни йиқитган, Қашқирларни қўрқитган,
Бор жонзотни ҳуркитган шоҳ Арслонга салом.
 
Буғуларнинг қондоши, очликка зўр бардоши,
Камроқ бўлса ҳам оши, эркин Қулонга салом.
 
Хумбош ҳамда хирқироқ, озиқ тиши ошпичоқ,
Очкўзлиги сал чатоқ, хасис Қобонга салом.
 
Нафси ўлжа тилаган, қўлин қонга булаган,
Аста мўйлов силаган писмиқ Сиртлонга салом.
 
Мешкай қорни қовоқдир, бурни таппак товоқдир,
Икки лунжи лавоқдир, гўл Каркидонга салом.
 
Гулдор тўни келишган, қуртларни еб тўлишган,
Чирик дарахтни тешган Қизилиштонга салом.
 
Чидаб совуқ-ушукка, инсоф тилаб Мушукка,
Нонни судрар тешикка, олғир Сичқонга салом.
 
Ўғриларнинг устаси, қушнинг хунук тусдаси,
Кўриб қўйинг нусхасин, сур Зағизғонга салом.
 
Туну кун ер қазиган, захда ётиб озиган,
Кўп тиришиб, оз еган гўсхўр Юмронга салом.
 
Игна-бигиз сотувчи, кузда лойга
ботувчи,
Илон пойлаб ётувчи Типратиконга салом.
 
Бебаҳодир пўстини, пойлар ҳатто дўстини,
Сипо деманг сиз уни, айёр Қоплонга салом.
 
Ризқин мағрур излаган, юксакларни кўзлаган,
Рақибини тузлаган ботир Тарлонга салом.
 
Булбул каби изиллар, тоғ-тошларда ғизиллар,
Йиртқичлардан безиллар, дўстим Жайронга салом.
 

НОДОН ДЎСТ
 
Бир Хўтик бор эди нодон, улғайиб гўл Эшак бўлди,
Мақтанчоғу ўзбилармон, ўта қайсар, сўтак бўлди.
 
Ёқимлидир ашулам деб, кўрар қаттиқ ҳанграшни эп,
Ажриқ қолиб шўрани еб, ғажигани терак бўлди.
 
Қувонганда у, албатта, толиққунча отар шатта,
Оғилхона тўзиб баттар, туёқдан ер кавак бўлди.
 
Келиб бир кун деди Тойчоқ: «Экансиз-ку жуда қувноқ,
Қилмайсизми мени ўртоқ?» Эшакка дўст керак бўлди.
 
Той Эшакка бўлиб улфат, бошга тушди неча кулфат,
Похол унга эди намат, энди тупроқ тўшак бўлди.
 
Булбул, сен ҳам нодон эдинг, дўст ёмони бўлмас дердинг,
Той ҳолини ўзинг кўрдинг, энди фикринг бўлак бўлди.

***
Сигаретинг сўнггиси бўлса,
Икки тортим қолдир, оғайни.
Қандай яхши
Кўкда ой тўлса,
Сайру суҳбат пайтидир айни.

Шодон эсанг, яширма ҳаргиз,
Кулишайлик,
Суҳбатни безат.
Ғаминг бўлса тортмагин ёлғиз,
Икки тортим менга ҳам узат.

***
Кўзларинг маст,
Кокилинг шодон,
Гап бошладинг дилкаш, меҳрибон.
Ўзни бунча тутяпсан яқин...
Эрга теккан бўлмагин тағин?!


Огоҳлик — давр талаби

ҚАРТ ОДАМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Маҳмуд Қошғарийнинг "Турк сўзлари девони" асарида "қарт" сўзининг икки хил маъноси бор дейилган. 1.Яра. 2.Хулқи бузуқ, нияти бузуқ, расво одам.
Бизнинг замонамизда ҳам ана шундай қарт одамлар бор.
Улар турли-туман ғоялари, ишлари, қилғилиқ ва қилмишлари билан эл-юртга зарар келтиради. Лекин буни ўзларича ватанпарварлик, халқпарварлик ниқоби остида амалга оширишади. Масалан, биз таълимга фалон-писмадон давлатлар технологиясини олиб келяпмиз, дейишади. Аммо чиқарган дарсликларини болангиз тугул душманингизга ҳам раво кўрмайсиз.
Мактаб дарсликларини расво қилганлар энди халқни давлатга қарши қайрашни бошлаганга ўхшайди. Буни ниҳоятда маҳорат билан, тизимли ва режали тарзда қилишмоқда. Аввал мамлакат ва миллат, халқ келажагига болта урилади (дарсликлар мисолида), ҳукуматни, давлат органларини обрўсизлантириш учун оддий фуқаролардан қурол сифатида фойдаланиб, фитна чиқарилади. Айёрликда шайтонга дарс берадиган бу кимсалар ўзига тегишли ОАВ, сотқин блогерлар имкониятидан максимал даражада фойдаланиб, жамиятни икки-учга бўлиб ташлайди. Ўзларининг кир ниятлари, мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Улар учун фақат битта эътиқод бор: шахсий манфаат. Битта амбиция бор: жамиятни парчалаш ва келажакда унинг устидан ҳукмронлик қилиш. Бу йўлда пул, мол-дунёни аямайдилар. Эски технология. Аммо халқ огоҳ бўлмаса, давлат ўз вақтида кескин чоралар кўрмаса, бунақалар мамлакат бошига кўп кулфат келтиради.

Эшмон Малла


Оқибат

«ТУПРОҚ ОПКЕЛИНГ...»

Катта қизим узатилгандан сўнг биринчи марта усиз Самарқандга кетдик. Худди бир тарафим йўқдай. Йўлда эканмиз, иккинчи қизим кеча опаси билан гаплашганини, қайтишда сизга нима олиб келайлик, дадам сўраяптилар, деса, бир сиқим тупроқ опкесинлар, деганини айтиб қолди. Нима қиларкан, десам, ҳидлайман, депти. Бу гапни эшитиб, қўлим рулдан чиқиб кетишига сал қолди.
Она қизим! Ургутнинг майизи, ёнғоғи, чаккисини, сариёғини, чапчак нонини яхши кўришингни биламан. Сен шу каби нарсаларни эмас, боболаринг ётган, қариндош-уруғлар азиз билиб кўзига суртган тупроғини сўрабсан. Раҳмат! Қизим бешта тилни мукаммал билади, деб мақтанишларим сенинг бу одамийлигинг, юртсеварлигинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Ота она юзини ёруғ, қаддини баланд қиладиган ўғил эмас, қиз фарзанд бўлади, дейдилар Ҳазрати Ғаззолий. Сен шу ориф зотнинг гапини, айни пайтда китобхон, қур'онхон эканлигингни исботладинг.
Ватанни севиш шундай бўлади.
Қиз фарзанд — меҳмон, уни  икки карра яхши кўринг, оқибати эса минг карра бўлиб қайтади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

20 last posts shown.