Икки дўст болалигида, ўзлари яшайдиган худуддаги бой қўшниларини кўриб, уларга хавас қилиб, орзулар қиларди:
"Келажакда биз ҳам бой бўламиз, бизнинг ҳам қўша-қўша машиналаримиз, икки-уч қаватли уйларимиз бўлади, ана ўшанда ушбу бой одамлар бизнинг ҳам дўстларимизга айланади, тўй маросимларимизда биз билан ёнма-ён туради, кўрганлар хавас қиладилар"
Йиллар ўтиб, болакайлар улғайиб борар экан, ёшликдаги орзулари янада кучайиб, тиниқлашиб орзулар орзулигича қолиб кетмаслик учун амалда ҳам бой бўлиш йўлларни қидиришга тушибди.
Ўйлаб-ўйлаб икки дўст икки йўлни танлабди, танлаган йўллари сабаб, иккиси икки томонга айриладиган бўлибди.
Бири ўқиб, илм олиб келажакда яхши лавозимнинг эгаси бўлиш учун харакатини бошлаб юборган бўлса, иккинчиси айнан ўзи хавас қилган бой қўшниларининг хизматига чопибди.
"Бойларнинг ёнида юрсам, хизматида бўлсам, уларнинг ўзлари менга бой бўлишнинг сирларини ўргатади, келажакда ўртоғимдан анча аввалроқ бой бўламан" деб, хаёл қила бошлабди.
Биринчиси ўз танлаган йўлида олға қадам ташлар экан, бир зум қўлидан китобни туширмай, тинмай илм олишда давом этаверибди.
Иккинчиси эса, бадавлат "ака"ларининг хизматларини қилиб чарчамас, отларига ем берар, молхонасини тозалар, машиналарини ювар, томорқаларини чопар хамда рўзғорига керакли харидларни ҳам ўзи қиладиган бўлибди.
Ўз хизматлари эвазига бой акалари яхшигина пул билан сийлай бошлабди. У эса, танлаган йўли тўғри эканлигидан, тез орада китоб қучоқлаб юрган ўртоғидан ўз мақсадлари учун анча илгарилаб кетишини ўйлаб қувонибди.
Кунларнинг бирида ота-онасидан хабар олиш учун шахардан келган биринчи ўртоқ, махаллада "бой" акаларини машинасини миниб юрган болаликдаги ўртоғини учратиб қолибди.
Икки дўст саломлашибди, ўзаро хол аҳвол сўрагандек бўлибди.
Акаларининг хизматида юрган ўртоғи, дўстига тинимсиз мақтана бошлабди.
- Ана кўрдингми? Мен сендан аввалроқ бойишни бошладим, орзу қилганимиздек, ўша бой акаларнинг доимо ёнларидаман, одамлар менга хавас қилади, мана машинада ҳам юрибман, хозирча бу машина ўзимники бўлмаса ҳам, лекин тез орада менга ҳам худди шунақасидан олиб беради, бунга ишончим комил! Сенчи сен, хали ҳам китоб қучоқлаб, худди мактабдагидек, ўнг қўлингни тепага кўтариб, "устоз мен айтай, мен айтай" деб юрибсанми? Бу юришингда биринг икки бўлмайди, мактабда аъло бахога ўқиб мендан олдинда юрганинг билан, хақиқий хаётда, мендан анча ортда қолиб кетдинг! Хали кўрасан, сен нари борса бир ўқитувчи бўласан, ана ўшанда мен казо казолар билан юрган бўламан ва сен фарзандларимга алифбедан дарс бериб юрган бўласан! -деб, устидан мазах қилди.
***
Кунлар ўтди, кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан эса йиллар.
Илмни танлаган ўртоқ, ўқишни тугатиб, бошқасига ўтиб ўқиди, бирини тугатиб, иккинчисини бошлади, чет элларда ўқишини давомлатди ва ниҳоят кун келиб ўзи яшайдиган туманга хоким этиб тайинланди.
Энди ёшлигида орзулар қилган, хаваси келган ўша бой инсонлар, унинг хизматига ошиқди. Учрашганда, кўришганда қучоқлаб, бағриларига босиб кўришадиган бўлди.
Тўй қилди. Ўша худуддаги барча бойлар, у билан бир қаторда, бир сафда туриб хар томондан келган меҳмонларни кузатди.
Бойларнинг хизматини қилишни ва шу орқали бойишни истаган болаликдаги дўсти эса, ўша бойларнинг машинасини миниб, ўша бойнинг топшириғига биноан, дўстининг тўйида ҳам хизматкор бўлди.
https://t.me/joinchat/AAAAAFCGRHMSMORVycYt4g