“Жиноят кодекси”нинг 73-моддасида назарда тутилган, озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин. Шахс ижро этилмаган қўшимча жазодан ҳам озод қилиниши мумкин.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкумга:- ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
- оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини;
- ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан уч қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:- ишга ёки ўқишга жойлашиш;
- муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
- муайян жойларга бормаслик;
- алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
- Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади.
Telegram