📝
Ўзига ҳукм ўқиган келин... Ёзнинг жазирама кунлари. Cоат миллари тобора югургилаётгани, вақт эса алламаҳал бўлганига қарамай, Улуғбекдан ҳамон дарак йўқ эди. Маржона қизларини ухлатиб, барча юмушларни тугатди ҳамки, дарвоза очилиб, остонада Улуғбек кўринди.
— Ассалому алайкум! Бунча ҳаялладингиз? — эрига пешвоз чиқди Маржона.
— Роса чарчадим. Бугун чойхонам бор эди, болалар қўйишмади, — деди Улуғбек костюмини хотинининг қўлига тутқазаркан. — Ойим қани?
— Ухлаб қолди ойим.
Эр-хотин у ёқ-бу ёқдан бирпас гаплашган бўлишса-да, аммо чарчоқ, барибир, ўз кучини кўрсатиб, Улуғбекнинг кўзлари юмилди. Тун ярмида Улуғбек қўрқинчли туш таъсириданми ёки алаҳсирадими, хуллас, бақирганча уйғониб кетди.
— Маржона, сув олиб кел! — деди Улуғбек кўксига туф-туфлаб қўйгандан сўнг.
Бироқ хотинидан жавоб бўлмади.
— Маржона, турақол, сенга айтяпман!
Тағин жавоб бўлмагач, ёнбошига эгилиб, кўрпани кўтарди. Аммо Маржона ўрнида йўқ эди. Улуғбек уни ошхонага чиққандир, деб хаёл қилди ва бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун ўзи ошхона томонга ўтди. Бироқ ошхонада ҳам хотини йўқ эди. Сўнг у болаларнинг хонасига борди. Йўқ, болалари пишиллаганча ухлаб ётишарди. Дастлаб Улуғбек ҳайрон бўлди. Кейин ҳаммаёқни айланиб чиқиб ҳам хотинини тополмагач, кўнглини ваҳима, хавотир, ғулғула эгаллади.
Ахийри онасининг хонасини тақиллатишдан бошқа чораси қолмади.
— Ойи… ойи…
— Ҳа, болам! Нима гап? Тинчликми?! — хавотир аралаш сўради ичкаридан бошига рўмолини илиб чиқаётган онаси хавотирланиб. — Ўтакамни ёрай дединг-ку, ваҳиманг қурсин!
— Маржона йўқ!
— Нега йўқ бўлади? Ҳаммаёқни қарадингми?
— Қарадим. Йўқ, ойи, йўқ-да…
— Вой ўлмасам! — дея шўрлик онанинг ҳам ҳайрати ваҳима билан қоришди. — Қаерда бўлиши мумкин? Шошмасдан ҳаммаёқни қара. Хаёл ёки чарчоқ билан бирор ёқда ухлаб қолгандир.
Шу пайт оғилхонадан сигирларнинг мўрагани эшитилди-ю, Улуғбек онасига ўгирилди.
— Балки, молхонададир. Сигирларни соғишга ўтдимикин?
— Соат уч бўлди. Маржона сигирларни бешларда соғарди.
Улуғбек онасининг изоҳига ҳам қарамай, оғилхонага қараб юрди.
Улуғбекнинг бақиришидан Мастона ая чўчиб тушди ва оёғини қўлга олганча оғилхонага югурди. Эшикка суяниб қолган ўғлининг елкаси оша келинини кўрди-ю, турган жойида ҳайкалдек қотди.
Марҳумани пешинга чиқаришди. Жанозага йиғилган тумонат одамнинг бари ёқасини ушлаган, ҳамма ҳайрон эди. Тўғри-да, ўзини энг бахтли инсонлардан санайдиган аёл ўз жонига қасд қилиб ўтирса, ким ҳам ажабланмасин?
Маржонанинг онаси Нафиса аянинг йиғиси оламни ларзага келтирди.
— Болам, жоним болам! Гулдай қизларингни, ота-онангни кимга ташлаб кетдинг, жоним болам?!
Маржонани олиб чиқиб кетишаётганида Нафиса ая жудоликни кўтаролмай ҳушидан кетиб йиқилди. Уни тезда шифохонага олиб кетишди.
Маржонани тупроққа қўйиб, расм-русумлар адо этилгач, йиғилганлар қабристонни бирин-кетин тарк эта бошлади. Фақат Улуғбеккина кетишни хаёлига ҳам келтирмас, ерга мук тушганча хотинининг қабрига термилиб, унсиз йиғларди. Хаёлида «Нега? Нима учун?!» деган саволлар ғужғон ўйнар, аммо жавоб йўқ эди. Оғайнилари уни зўрға уйига олиб келишди.
— Ўғлим, бир пиёла чой ичиб оласанми? — остонада туриб ҳайиққанча сўради онаси.
— Ойи, нега бундай бўлди, нимага?! — йиғламсиради Улуғбек ичкарида хотинининг суратига тикилиб ўтирганча.
Шундоғам юраги тилка-пора она ўғлининг саволига жавоб беролмай, рўмолининг учига кўз ёшларини артганча ортига қайтди. Ўша оқшом Улуғбекнинг кўзига уйқу келмади. Аччиқ кўз ёшлар-у, аламли дарди билан тонгни қарши олди.
Эртасига тағин одамлар йиғилди. Улуғбек эшик олдида турганча келиб-кетганларни қарши олаётган бўлса-да, аммо хаёли олисларда, миқ этган товуши ҳам чиқмасди. Шу тоб Маржонанинг укаси Азиз поччасининг олдига келди.
— Ойим яхшими? — деб сўради Улуғбек қайнукасидан.
— Ҳозир бироз яхши. Юраги кўтаролмаган экан. Жонлантириш бўлимида ётибди.
— Аллоҳ шифо берсин!
— Почча, нимага бундай бўлди-а? Бирон нарса денг, нима деб ўйлайсиз? Ҳар қалай, опам ҳаётидан мамнун эди. Оилаларингиз ҳавас қилгудек эди, почча!
Давоми бор
👉@farishtalar_14|#ҳикоя
➖1➖