#yangisi
Ой мусулмон, Қуёш мусулмон,
Ер мусулмон, осмон мусулмон,
Он мусулмон, замон мусулмон,
Фақат инсон қайсар негадир?
Тоғ виқори Аллоҳу Акбар,
Субҳаналлоҳ ҳар ёнда сарвар,
Сано сочган заминга заргар,
Фақат инсон қайсар негадир?
Муножотда йиғлагуси най,
Қамиш найга айланмиш атай,
Зикри узра тинмас лафзи Ҳай,
Фақат инсон қайсар негадир?
Ҳар ўлимда қиёмат бошлар,
Ҳар қабрда кичик бир маҳшар,
Тупроқ ичра тан ёниб-қақшар,
Фақат инсон қайсар негадир?
Ғор оғзида пойлайди Қитмир,
Тиғ бўғзида қўчқору сигир,
Жаннат учун туя ҳам дилгир,
Фақат инсон қайсар негадир?
Дўзах юлар ҳар куни юзин,
Фарёд урар қамчилаб ўзин,
Ёқар уни бир жуббул ҳузн,
Фақат инсон қайсар негадир?
Замин қанча зўрларни ютди,
Замон умру ёшин унутди,
Дунё қариб, асолар тутди...
Фақат инсон қайсар негадир?
Ўткирбек Муҳаммад Собир