Ўзбекистон Олимпиадага тайёргаллик учун қанча маблағ сарфлаганини ўрганишга қарор қилдим. Очиқ маълумотларга қараганда уч йил давомида тайёргалликка 600 миллиард сўм сарфланган. 2022 йилда – 135 миллиард сўм, 2023 йилда – 216 миллиард сўм. 2024 йилда – 250 миллиард сўм.
Доллар курсининг ўртача қиймати ҳисобидан ҳар йилги ҳаражат $50,55 миллион долларга тўғри келяпти. Марказий банкнинг 15 августдаги курсига кўра – бу $47,6 миллион доллар дегани. Медал соҳиблари учун берилган пул мукофоти 1,95 миллион долларга тенг, мураббийлар мукофоти $487,5 минг долларни ташкил қилди.
Спортчиларга совға қилинган Tahoe, BYD Song Plus EV Champion вa BYD Song Plus DM-i Champion машиналарининг умумий қиймати 10,27 миллиард сўмга етди.
Медал соҳибларига икки қаватли коттеджлар ва квартиралар совға қилинди. Бу совғалар қиймати номаълум. Шундай қилиб ҳар бир олтин медали учун Ўзбекистон бюджетидан 4,14 миллион АҚШ доллари сарфлангани маълум бўлмоқда.
Қозоғистонда Олимпиада учун 980 млн тенге (25,77 миллиард сўм) ажратилган. Бу сумма Ўзбекистон сарфлаган маблағдан 23,3 баробар кам. Қозоғистонда бир медални олишга сарфланган барча ҳаражатлар қиймати 423,7 минг ақш долларига тенг бўлди. Бу Ўзбекистондан деярли ўн баробар кам дегани.
Буюк Британия эса олимпиадага тайёргаллик учун 245,84 млн фунт стерлинг сарфлаган. Ҳар бир медал 4,86 миллон доллар ҳаражатга тушди.
Таққослаш учун: Қозоғистон ялпи ички маҳсулот қиймати 259,7 миллиард АҚШ долларига тенг.
Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти қиймати 90,9 миллиард АҚШ долларига тенг. Бу Қозоғистондан 2,8 баробар камроқ. Британиянинг ялпи ички маҳсулот қиймати 2,27 триллион АҚШ доллари. Бу Ўзбекистоннинг кўрсаткичидан 25 баробар кўпроқ дегани.
Бу рақамлар нега керак?
Мен Олимпиадада қатнашган спортчилар меҳнатини чиппакка чиқармоқчи эмасман, уларнинг барчаси улкан машаққатларни енгиб ўтишди. 16 кун давомида барча спортчилар муваффақиятини ёритиб, уларни қўллаб-қувватладим. Бу ҳисоб-китобдан мақсад ҳукуматни рационал бўлишга чорлаш, солиқ тўловчиларнинг пулини ўйлаб-ўлчаб сарфланг дейишдир.
Биз нисбатан қашшоқ давлатмиз, 87 фоиз мактабларимизда канализация йўқ. 47 фоиз мактабларимизга сув етиб бормаган, 21 фоиз мактабларимизда спорт зали йўқ. 2019 йилдан бери Тошкентда онкологик касаллар учун хоспис қуриб битказилмаяпти.
Шу билан бирга бюджет дефицитини унутмайлик. Бюджет дефицити сабаб инфляция кўтарилмоқда. Ташқи қарз, гарчи ёмон нарса бўлмаса ҳам, бу маблағлар рационал сарфланаётганига шубҳа бор.
Бюджет маблағини оқилона сарфлайлик. Бизнинг мукофот пулларимиз ривожланган бой давлатларникидан ҳам кўпроқ бўлиб чиқяпти.
Йирик мукофотларсиз ҳам спортчиларимиз Олимпиадада жон-жаҳди билан қатнашиши муқаррар. Чунки бу турнир ҳар қандай спортчи карьерасининг чўққисидир.
Агар дунёда энг зўр спортчи бўлсанг бу шон-шуҳратни давлат кўмагисиз монетизация қилиш мумкин. Рекламалар, компаниялар билан шартномалар, хусусий бизнеслар билан ҳамкорлик қилиш энг яхши ечим. Ҳозирданоқ ғолиб бўлганларга хусусий бизнеслар квартира ва машина совға қилаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Масалан, боксчи Баҳодир Жалолов маҳаллий маҳсулот рекламаси учун йирик гонорар олган. Қолган спортчилар ҳам ўрнак олиб шундай келишувлар имзоласин.
Балки, ҳукумат бундай мукофотларни яхши ниятда, ёшларни спортга жалб қилиш учун бераётгандир. Бироқ спортга пул билан қизиқтириш ўрнига муносиб инфраструктура яратиш, спорт майдончалари қуриш, фойдали ва сифатли овқатланишга шароит яратиш тўғри ечим бўлади. Биргина мотивация билан узоққа боролмаймиз.
© Нозима Маҳмудова
👉
@Uzanticor