YURIST MASLAHATI


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Huquq


Мурожаат учун: @yuristgamurojaat
Фаолиятимиз 2021 йилда Адлия вазирлиги томонидан эътироф этилган.
Канал № 0003337171-сонли гувоҳнома асосида фаолият юритади.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Huquq
Statistika
Postlar filtri


Ипотека фоиз ставкалари пасайтирилди

Ўзбекистонда ипотекани қайта молиялаштириш компанияси талаблари асосида ҳамкор банклар томонидан тақдим этиладиган ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари пасайтирилди. Энди янги уй-жойларни аввалги 21,5 фоиз ўрнига 19,5 фоиз ставкада сотиб олиш мумкин.

Бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари пасайтирилди. Бу ҳақда Президентнинг 21 февралдаги (ПФ-26) фармонига таяниб, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси хабар берди.

Эндиликда фуқаролар ҳамкор банклар томонидан таклиф этилаётган янгиланган ипотека дастурлари орқали уй-жойларни янада қулай шартларда сотиб олишлари мумкин, дейилади хабарда.

Ипотека кредитининг янги шартлари:

👉 Кредит муддати — 20 йилгача;
👉 Уй сотиб олиш учун кредитнинг максимал миқдори: Тошкент шаҳри учун — 800 млн сўмгача, бошқа ҳудудлар учун — 500 млн сўмгача;
👉 Бошланғич тўлов — камида 25 фоиз;
👉 LTV, loan-to-value — кредит суммаси ва таъминот қиймати нисбатининг максимал чегараси 75% дан кам бўлмаслиги керак;
👉 қарз юки кўрсаткичи (кредит бўйича ўртача тўловларнинг қарз олувчининг ўртача ойлик даромадига нисбати) — кўпи билан 50 фоиз;
👉 Қарз олувчиларнинг ёши — 18 ёшдан 60 ёшгача.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Меню ўзбек тилида бўлиши керак!

Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш масканида тайёр таомлар тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчига давлат тилида тақдим этилмаганлиги билан боғлиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаш ҳолатларини аниқлаган.

Албатта, бу каби айниқса пойтахт Тошкент ресторанларида кўп учрайдиган ҳолатлар қонун бузилиши бўлиши билан бирга тижорий ўлчовларга кўра ғирт мантиқсиз ва ҳатто абсурд ҳам. Чунки қарийб 95% мижозлар ўзбек тилида гапирадиган ва тушунадиган мамлакат бозорида мижозларга ўзбек тилида мурожаат қилинмаслиги ёки ахборот берилмаслиги бу сотувлар ҳажмини камайтиради, фойдани қисқартиради. Яъники, қайсики тадбиркор Ўзбекистонда касод бўлишини истаса, шу йўлдан юради.

Шу маънода мен айрим пўрим банкларни, калон суғурта компанияларини тушунмайман (номини келтириш шартмас). Уларнинг ўзбек тилидаги тарифларини топа олмайсиз ёки интернетда асосий саҳифаси, тармоқлардаги муҳим коммуникация каналлари ўзбек тилида эмас. Худди шу каби айрим меҳмонхона ва бизнес марказларнинг мижоз сиёсатини қабул қилиш қийин. Прейскурант ва сотув баҳолари билан қизиқсангиз, сизга ўзбек тилида бирон маълумот тақдим этилмайди (чунки ўзи йўқ). Бу ташкилотларнинг эгалари зудлик билан маркетинг ва сотув тизимини ўзгартиришлари керак бўлади, агарда бозорда ўз ўринлари ва мавқеларини йўқотишни исташмаса.
Манба

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


⚡️Қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда ташаббускорларга қулайликлар яратиш мақсадида 2025 йил 11 мартдан бошлаб янги тартиб жорий этилмоқда:

👉 Биринчи аукцион 5 кун муддатда ўтказилади. Агар биринчи аукционда ер сотилмаса, такрорий савдо бўйича аукцион 1 кун муддатда ўтказилади.
(Олдин: электрон аукцион савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарнома 15 календарь кун олдин, такрорий савдо учун эса 5 календарь кун олдин эълон қилинган.)

👉 Такрорий савдоларда бир нафар иштирокчи бўлганда ҳам савдо ўтган деб ҳисобланади.
(Олдин: аукцион фақат камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилган.)

👉 Такрорий савдоларда бошланғич нарх 10 фоиздан босқичма-босқич пасайтирилади.
(Олдин: аукционга қўйилган ер участкалари такрорий савдога қўйилганда ҳам нархни пасайтириш амалиёти қўлланилмаган.)

Шунингдек, пахта-ғаллачилик ва чорвачилик йўналишидаги ер участкаларининг аукцион савдолари фақат ер участкаси жойлашган ҳудудда доимий рўйхатда турган юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ўтказилади.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


#Кадровик
Ташкилотлар иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллилар масаласини жамоа шартномасига киритишлари керак.

Кеча бир фуқаро билан мулоқотда айни шу масалага дуч келдим. Иш берувчи рози, ходим рози, корхона кадрлар бўлими бошлиғи жамоа шартномасида бу тартиб бўлмагани сабабли ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил беришни рад қилибди.

Гарчи бу ҳолатда корхона кадрлар бўлими бошлиғининг фикри нотўғри бўлса-да иш берувчи кадровик ёки ҳуқуқшунос бўлмагани сабабли кадрнинг гапига кўпроқ қулоқ солади, натижада қонунан берилиши мумкин бўлган таътил берилмай қолади.

Меҳнат кодексининг 240-моддасига асосан жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги белгиланиши мумкин.

Яъни жамоа шартномаларида иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳолатлар, уларнинг давомийлиги ва тўланадиган иш ҳақи миқдорлари белгиланиши лозим деб ҳисоблаймиз. Шунда мазкур норма МКсидаги қуруқ норма эмас, амалий аҳамиятга молик нормага айланади.

Жамоа шартномасида қисман иш ҳақи сақланадиган таътилни бериш назарда тутилмаган бўлса, қандай қилиб таътилни расмийлаштириш мумкин?

МКнинг 240-моддасига эътибор берган бўлсангиз, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллар берилиши назарда тутилган. Иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига киритилиши белгиланган (МК-12-м)

Меҳнат кодексининг 18-моддасига асосан иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида муайян ходимга (ходимларга) ёки жамоага йўналтирилган ва бир марта қўлланилиш учун мўлжалланган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар — буйруқлар, фармойишлар, қарорлар қабул қилиши мумкин.

Яъни бундай ҳолатда иш берувчи якка тартибдаги алоҳида буйруқ чиқариш орқали ходимга қисман иш ҳақи сақланадиган таътил беришга ҳақли. унинг давомийлиги ва иш ҳақи миқдори жамоа шартномасида аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли иш берувчи ва ходим ўртасидаги ўзаро келишувга асосан белгиланади.

Саволингизни: @yuristgamurojaat ga қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


#маънавий_зарар

Маънавий зарарни қоплаш номоддий бойликларни ва номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади.

Шунга кўра Фуқаролик кодексининг 163-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ этилмайди.

👉 @yuristlar_maslahati


Chiroqchi tuman adliya bo‘limi dan repost
Savol! Vafot etgan хodimning ish haqqini undirish mumkinmi? agar mumkin bo‘lsa kimlar undirish huquqiga ega.

Ha, mumkin!
– Mehnat kodeksining 255-moddasiga muvofiq хodim vafot etgan kunga qadar olinmagan ish haqi uning oila a’zolariga yoki хodim vafot etgan kunda marhumning qaramogʻida boʻlgan shaхsga beriladi.

E’tibor bering!!!
Ushbu qoida sud tomonidan хodimning vafot etgan deb e’lon qilinganligi holatida ham qoʻllanilishi kerak.

Oila kodeksining 5-moddasiga muvofiq oila a’zolariga quyidagilar kiradi: er-хotin, ota-ona va bolalar (farzandlikka oluvchilar va farzandlikka olinganlar). Bunda fuqarolik holati dalolatnomalarini qayd etish organlarida roʻyхatdan oʻtgan shaхslar er yoki хotin deb hisoblanadi. Tegishincha, diniy rusumlarga binoan tuzilgan nikohda boʻlgan ayol marhumning maoshini talab qila olmaydi.
Shuningdek, nikoh rasman bekor qilingan sobiq хotini, agar u vafot etgan kunga qadar хodim bilan birga yashagan taqdirda ham, «vafotidan keyingi» ish haqini olishga haqli emas.

Qaramogʻida boʻlganlar – bu хodimning toʻliq ta’minotida boʻlgan yoki undan olib turilgan moddiy yordam uning hayot kechirishi uchun asosiy va doimiy manba boʻlgan mehnatga qobiliyatsiz shaхslar. Qaramogʻida boʻlganlik fakti fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi, ish (хizmat) joyi ma’muriyati, ijtimoiy ta’minot boʻlimi tomonidan berilgan hujjatlar, shuningdek guvohlarning koʻrsatuvlari bilan tasdiqlanish mumkin.

Marhumning ish haqini olish uchun qarindoshi ish beruvchiga quyidagilarni taqdim qiladi:
- erkin shaklda yozilgan yozma ariza;
- vafot etganligi toʻgʻrisidagi guvohnomaning asl nusхasi (ish beruvchiga koʻrsatilganidan keyin qarindoshida qoladi) va vafot etganligi toʻgʻrisidagi guvohnomaning koʻchirma nusхasi (ish beruvchida qoladi);
- marhum bilan qarindoshlik yoki uning qaramogʻida boʻlganligi faktini tasdiqlovchi hujjat (tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma, nikoh toʻgʻrisidagi guvohnoma va boshqalar.);
- pasport yoki oluvchining shaхsini tasdiqlovchi boshqa hujjatlari;

E’tibor bering☝️☝️☝️
Ish beruvchi vafot etgan хodimning ish haqini qarindoshiga tegishli ariza berilgan kundan e’tiboran yetti kalendar kundan kechiktirmay berishi kerak.

Ish beruvchi arizani ko‘rib chiqishi va ariza tushgan kundan e’tiboran o‘n kunlik muddat ichida tegishli qaror qabul qilishi shart.
Xodim yoki manfaatdor shaxslar ish beruvchining qaroriga rozi bo‘lmagan yoki belgilangan muddatda javob olmagan taqdirda, ular mazkur nizoni hal qilib berish uchun sudga murojaat qilishlari mumkin(asos: O‘zbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 556-moddasining birinchi va ikkinchi bandlari).

https://t.me/chiroqchi_adliya_uz
https://t.me/chiroqchi_adliya


#Бизнес_солиқ
"Сирли мижоз" қурбонлари ҳақида


Солиқ органлари томонидан "сирли мижоз" шаклида назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш юзасидан тадбирлар ўтказилади.

Бундай тадбирларда "Қўлга тушган" тадбиркорларга нақ 5 млн сўм молиявий жарима қўлланилади. Бироқ солиқ органининг мазкур тадбирларни ўтказишда қонун ҳужжатларига риоя қилмаслиги улар томонидан рамийлаштирилган молиявий жаримани бекор қилинишага сабаб бўлади.

Масалан, кеча бир қизиқ суд иши билан танишдим унга кўра, суд томонидан тадбир ўтказишдаги қонун қоидаларга риоя қилинмаганлиги натижасида расмийлаштирилган молиявий жаримани бекор қилган.

Солиқ органи томонидан қандай ҳатоликлар қилинган?

Биринчидан, тадбир ўтказиш учун пуллар солиқ органи кассасидан олиниши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январъ кунидаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган "Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 83-бандида, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс назорат харидини ўтказиш учун нақд пул маблағларини тегишли солиқ органи кассасидан олиши, нақд пул маблағларини сайёр текширувини ўтказиш учун мансабдор шахсга беришда уларнинг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари алоҳида варақда қайд этилиб, чиқим касса ордерига илова қилиниши,
мазкур варақ нусхаси сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга берилиши қайд этилган. (Ўз чўнтагидан олинган пул билан тадбир ўтказиб бўлмайди)

Иккинчидан, тадбир тўлиқ видеотасвирга олиниши керак.
Ўзбекистан Республикаси Солиқ кодексининг 153- моддасига кўра, солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатларнинг холислиги видеотасвирга олиш қурилмаларидан фойдаланиш воситасида амалга оширилади, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса — холислар иштирокида амалга оширилади.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январь кунидаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган "Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 86-бандида, жисмоний шахслар томонидан солиқ органларига тақдим қилинган солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тўғрисидаги видеоёзувлар қуйидаги талабларга мос бўлиши кераклиги, видеофайлнинг намойиш этиш имконияти 720хХ480 пикселдан кам бўлмаслиги, видеоёзув давомийлиги 30 секунддан кам бўлмаслиги ва 10 дақиқадан ошмаслиги, видеоёзув маълумотларида сана ва вақт кўрсатилиши лозимлиги қайд этилган.

Юқоридаги асослар молиявий жаримани бекор бўлишига асос бўлиб ҳизмат қилган. Маълумотни "сирли мижоз" қурбони бўлган тадбиркор дўстларимизга улашиб қўямиз.

Саволингизни: @yuristgamurojaat ga қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Бугундан “Ташаббусли бюджет” жараёнида овоз бериш бошланди.

Жараёнга Cенат қарори билан қуйидагича ўзгартиршлар киритилган.

Унга кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланди. Бунда 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

Ҳозирги кунда лойиҳаларнинг энг юқори чегаравий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этади. Шунга кўра, туман ва шаҳар буджетидан ажратиладиган маблағларнинг энг кам миқдори 15 млрд сўм, энг юқори миқдори эса 45 млрд сўм этиб белгиланди.

Бундан ташқари, молиявий мустақилликка эга олий таълим муассасалари “Ташаббусли бюджет”да иштирок этмайди.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


#Кадровик
Ходимга хизмат текшируви тайинлангандаги муҳим масалалар (Иш берувчиларга)

Хизмат текшируви қачон ўтказилади?

Хизмат текшируви ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, унинг содир этилишида ходимнинг айбини, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни, иш берувчига етказилиши мумкин бўлган моддий зарарнинг хусусияти ва миқдорини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган текширишдир. (МК 302-м)

Хизмат текшируви ўтказишга нималар асос бўлади?

Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун оммавий ахборот воситаларининг хабарлари, ходимнинг бевосита раҳбарининг билдиргиси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилган деб тахмин қилиш учун асос берадиган бошқа маълумотлар асос бўлади. (МК 303-м)

Хизмат текшируви ким томонидан ўтказилади?


Хизмат текшируви ўтказиш учун иш берувчининг буйруғи билан хизмат текшируви ўтказиш бўйича комиссия тузилади (бундан буён матнда комиссия деб юритилади). (МК 304-модда)

Хизмат текшируви ўтказиш муддати қанча?

Хизмат текширувини ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.
Хизмат текширувини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда, объектив сабабларга кўра тугаллаш мумкин бўлмаган алоҳида ҳолларда, иш берувчи комиссиянинг асослантирилган важлари асосида хизмат текширувини ўтказиш муддатини яна ўн беш иш кунигача узайтиришга ҳақлидир. (МК 308-модда)

Қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади?

Аввало, Иш берувчи хизмат текшируви ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисидаги қарор тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади. (МК 303-м, 2-қ) Иккинчидан, Хизмат текшируви ўтказиш учун комиссия тузишга иш берувчининг буйруғи қабул қилинади (МК 304-м, 1-қ). Учинчидан, Хизмат текшируви натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади (МК-310-м)

Юқоридаги қоидаларга риоя қилинмаслиги суд томонидан хизмат текширувини ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлиши мумкин.

Саволингизни: @yuristgamurojaat ga қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


#Кадровик
Постдан кейин қисқартиришга тушган ходимни иш берувчи ходимдан розилик олмай огоҳлантириш муддатини компенсацияга алмаштириши мумкинми деган саволлар келган

Меҳнат кодексининг 165-моддаси 3-қисмига кўра, иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ходимни огоҳлантириш муддатларини огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир.

Яъни иш берувчи огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш иш берувчининг ҳуқуқи. Бунда ходим билан келишиш талаб қилинмайди. Бу вазиятда иш берувчи огоҳлатириш муддатини исталган вақтда пулли компенсация билан алиштиришга ҳақли.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Меҳнат кодексининг 144-моддасига кўра, агар меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасига доир ишни холисона сабабларга кўра давом эттириш имкони бўлмаса, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.

Саволингизни:
@yuristgamurojaat ga қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Бумеранг қонуни!

20-асрнинг бошларида шотландиялик фермер ишдан уйга қайтаётган эди. Бир ботқоқлик олдидан ўтаётганда бир болакайнинг ёрдам сўраб бақираётганини эшитиб қолади. Фермер дарҳол югуриб бориб болани жуда катта қийинчилик билан қутқаради.

Фермер болани уйига олиб кетмоқчи бўлиб уни уйига таклиф қилади, лекин бола уни отаси кутаётганлигини, хавотир олиши мумкинлигини айтиб тезда уйига кетади.

Эртаси куни тонгда фермернинг уйига жуда ҳам кўркам от аравада бир одам келади ва:

- Менинг ўғлимни сиз кеча қутқариб қолдингизми?

- Ҳа, мен - дея жавоб берди фермер!

- Мен сизга қанча беришиб керак, деди ҳалиги одам.

- Мени хафа қиляпсиз, мени ўз бурчимни бажардим, менинг ўрнимда ҳамма шундай қилар эди, - деди фермер.

- Йўқ, мен буни шундай қолдира олмайман, мен сизга пул бермоқчиман, миннадорчилик юзасидан.

- Мен бу мавзуда сиз билан гаплашишни хоҳламайман дея ҳалиги фермер энди бурилиб кетмоқчи бўлиб турганда унинг ўғли уйдан югуриб чиқади.

- Бу сизнинг ўғлингизми, - деб сўради ҳалиги меҳмон.

- Ҳа, - ўзгача бир ғурур билан айтди ҳалиги фермер.

- Унда бундай қиламиз, мен сизнинг ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб кетаман, унинг барча ўқиш харажатларини қоплайман дея таклиф билдирди меҳмон.

Фермер рози бўлди, орадан йиллар ўтди, фермернинг ўғли мактабни битирди, кейин тиббиёт олийгоҳини битирди. Ўша болакайнинг исми Александр Флемминг эди, у тарихга пенициллин ихтиро қилган шахс сифатида кирди.

Биринчи Жаҳон урушида ҳалиги бадавлат жаноб оғир ярадор бўлиб шифохонага тушади, у айнан пенициллин туфайли омон қолади. Унинг исми Рандольф Черчилл эди, ҳалиги чўкиб кетишига бир баҳя қолган болакайнинг исми Уинстон Черчилл эди. У кейинчалик Буюк Британия премьер-министри бўлади.

Балки Уинстон Черчилл “нимаики қилсанг, албатта, у сенга қайтади” деганда айнан бумеранг қонуни назарда тутган бўлиши мумкин.

Ҳаётимизда кўпроқ яхшилик қилиб қолайлик, азизлар. У бир кун албатта сизга қайтади, ҳеч бўлмаганда фарзандларингизга қайтади.

👉 @yuristlar_maslahati 👈


#Суд_амалиёти
Суд сизнинг иштирокингизсиз сиртдан қарор чиқариб юборган тақдирда сизда шу судга шикоят қилиш ҳуқуқи бор

Фуқаролик процессуал кодексининг 285-моддасига асосан Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.

Аризангиз суд томонидан қабул қилинган тақдирда иш шу суднинг ўзида қататдан кўриб чиқилади.

Саволингизни: @yuristgamurojaat ga қолдиринг

👉 @yuristlar_maslahati 👈


Chiroqchi tuman adliya bo‘limi dan repost
Субсидия бўйича келаётган кўплаб саволларга жавоблар.

Субсидияни яшаш жойидан қатъий назар барча худуддан олиш мумкинми?

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ажратилган субсидия ушбу ҳудуддаги аҳоли томонидан белгиланган тақсимот доирасида туман ёки шаҳардан олиши мумкин.

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган фуқаро субсидия дастури доирасида Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ипотека кредити асосида сотиб олишга ҳақли. Бунда ипотека кредити Тошкент вилояти учун белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори доирасида ажратилади ҳамда бошланғич бадал бўйича субсидия тўлови уй-жой жойлашган туман (шаҳар) молия бўлими томонидан амалга оширилади.

Субсидия учун иш ҳқани аниқлашда агар иш ҳақи белгиланган мезонга етмаса фарзанднинг даромади қўшилиши мумкинми?


Агар ариза берувчининг ва унинг турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари миқдори ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, унинг даромадлари ҳисоб-китобига уларнинг турмуш қурмаган фарзандларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин.

Талабгаор нечи бал тўплаганда субсидия олишга ҳақли ҳисобланади?


Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

Қайси ҳолатларда субсидияга ариза рад қилинади?


Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:
👉 тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
👉 тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
👉 илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
👉 жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
👉 ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.

Агар талабгорлар сони ошиб кетса, субсидия кимга берилади?


Субсидия ажратиладиган талабгорлар сони Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ажратилган субсидия параметрларидан ошиб кетган тақдирда, календарь тартибга кўра ҳужжатларни биринчи бўлиб топширган ариза берувчи талабгор сифатида тан олинади. Яъни хужжатни вақтлироқ топшириш ҳам муҳим рўл ўйнайди

Субсидия миқдори қанча бўлади?


2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 12 фоиздан ошган қисмига тўланади.

Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ

https://t.me/chiroqchi_adliya_uz


Чирчиқ давлат педагогика университети негизида Чирчиқ давлат университети, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали негизида эса Олмалиқ давлат техника институти ташкил этилади - президент қарори лойиҳаси


7421680.pdf
1.6Mb
⚡️ Энди чиқинди қарздорлиги 5 кун ичида бартараф қилинмаганда қарздор электр энергиясидан вақтинча узилади.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 07.03.2025 йилдаги ЎРҚ-1044-сон

#Янги_ҳужжат
Саволингизни:
@yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Азиз аёллар!
Сиз бор жойда меҳр ва эзгулик барқарор! Юзингиздан табассум, қалбингиздан бахт аримасин! Байрамингиз муборак! 🎉

👉 @yuristlar_maslahati 👈


#Кадровик
Бугун 1 соат вақтли кетиш мумкин!

Меҳнат кодексининг 187-моддасига кўра, байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.

Эртага 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни, яъни ишланмайдиган байрам бўлгани сабабли бир соат вақтли кетиш мумкин.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Навоий, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи хусусий тадбиркор ўзганинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 1 гектар бўш ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, унга сотиш ва мансабдор танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 2 млрд. сўм талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағидан 1 млрд. сўмни Навоий шаҳрида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Хўжаобод туманида яшовчи, 1992 ва 1994 йилларда туғилган ака-ука давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Лекин, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, улардан бири сўралган пул маблағидан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 50 сотих суғориладиган ер майдонини харидорга 55 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 45 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Бошқа ҳолатда эса Қува туманидаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖнинг 10 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтда яшовчи, 1964 й.т. фуқаро Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 16 сотих ер майдонининг ҳар бир сотихини 22 минг АҚШ долларидан жами 352 минг АҚШ долларига харидорга сотишга келишиб ҳамда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – Тошкент туманида яшовчи, 1952 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳам ушбу 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Кадастр агентлиги хорижий фуқароларга ерлар хусусий шаклда эмас, фақат ижара асосида берилишини эслатмоқда.

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) талаблари Ер кодекси билан белгиланган ҳамда унинг 17-моддасига мувофиқ чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ИЖАРА ҲУҚУҚИ АСОСИДА эга бўлиши мумкин. 24-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ер участкалари ИЖАРАГА БЕРИЛАДИ.

"Хўп ижарага берсагу хусусийлаштириб олсачи, унда нима қиламиз?" - деб ваҳимага тушманг. Хавотирга ўрин йўқ, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди, яъни чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈


Тўғри даъво талабини қўя олиш муҳим.

Адвокат сифатида мижоз билан суҳбатлашгандан сўнг вазиятда мижознинг ҳуқуқларини қайси йўл билан ҳимоя қилиш, қайси йўл мижоз учун энг мақбул экани ҳақида бош қотириб оламиз. Жараёнда суд учун қўйиладиган даъво талабини маслаҳат қиламиз.

Нима сабабдан даъво талаби муҳим?

Кўплаб низоларда гувоҳ бўламиз ташқаридан қараганда осондек туйилган ишлар даъво талабининг тўғри танланмагани натижасида ҳатто Олий Судгача етиб борганини, бир нечта инстанцияларда ҳал бўлмай сарсон бўлинаётганлигини ёки олиш имконияти бўлган маблағни даъво талабида талабнинг етишмаслиги оқибатида ололмай қолганлигини. Ҳуқуқингизни ҳимоя қилувчининг ҳам маҳорати шу ерда даъво талабини тўғри танлай олишида.

Масалан, фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси туфайли жиддий жароҳат олади. У судга мулкий зарар етказилгани учун товон пули ундириш ҳақида даъво киритади, бироқ у соғлиғига етказилган зарар учун маънавий компенсация талаб қилмайди. Суд фақат моддий зарарни қоплаш бўйича қарор чиқаради, маънавий зарар эса талаб қилинмагани сабабли кўриб чиқилмайди. Натижада жабрланувчи олиши мумкин бўлган катта миқдордаги компенсациядан маҳрум бўлади. Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.


Суд жараёнида низоларни тезкор ва самарали ҳал қилиш учун даво талабининг ҳуқуқий асослари мустаҳкам бўлиши лозим. Даъво талабни тўғри шакллантириш учун нималар муҳим? Аввало, талабга асос бўладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, далилларни тўплаш ва тизимлаштириш, суд амалиётини ўрганиш муҳим ҳисобланади.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

👉
@yuristlar_maslahati 👈

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.