РАМАЗОН-САХОВАТ ОЙИСахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган:
“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).Қуръони каримда хайр саховат фазилати борасида жуда кўп оятлар мавжуд. Ушбу рамазон ойини ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ хайр саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.
Ундан ташқари қилинган садақалар касалликка шифо бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “
Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деб айтганлар. Ҳақиқатдан ҳам, сиз кўнгли синиқ, бироз иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Менинг олдимга Жаброил келди ва эй Муҳаммад, алайҳиссалом ҳоҳлаганингизча яшанг, албатта бир кун вафот этасиз, ҳоҳлаган инсонингизни яхши кўринг, албатта, бир кун ундан ажраласиз, ҳоҳлаган амалингизни қилинг албатта, бир кун унинг эвазиги жазо ёки мукофот оласиз. Шуни билинки, мўминни шарафи кечалари қоим бўлишлигидадир. Ва унинг азизлиги инсонлардан беҳожат бўлишлигидадир”-дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Рамазон ойида инсонларнинг қалбига ҳурсандчилик улашишга интилайлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир”. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар билан зийнатлайлик. Зеро, бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмон эса қадрламоқ олий фазилатдир.
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло айтади:
“Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).Эзгуликка ташна халқимиз Рамазон ойида янада саховатли бўлишади. Ҳадиси қудсийда (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар) Аллоҳ таоло:
“Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шавҳатини ва таомини Мен учун тарк қилур” деди
(Имом Муслим ривояти).Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган эҳсонларимизни қабул этиб, барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин!
Мухамадали домла Ўсканов
Бўстон туман бош имом хатибиhttps://t.me/bostonziyo