Блогерлар ва мемчиларнинг севимли қаҳрамони – КарлБугун бирор блогернинг ёзганларида Карл исмли номаълум қаҳрамонга мурожаат учраса, бу ерда киноя, ҳайрат, ҳаяжон, луқма борлигини яққол сезамиз. Узнетда бу қаҳрамон қатнашган мемлар камроқ. Бизда у асосан матнда кўпроқ эсланади. Интернетнинг инглиз ва рус тилли фойдаланувчилари орасида эса Карл қатнашган мемлар анча машҳур. Хўш, у ким? Нимага унга мурожаат қилинади?
Бу мемнинг келиб чиқиши ҳажвий китоб, кўрсатув ёки фильмга эмас, зомбилар ҳақидаги сериалга бориб тақалади. Карл – америкалик киноижодкорлар суратга олган “Юрадиган мурдалар” (
The Walking Dead) сериали қаҳрамони. Фантастика жанридаги бу сериал глобал ҳалокатдан сўнг яшаб қолиш илинжида юрган одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Фильм илк бор 2010 йили экран юзини кўрган.
Кейинчалик мемга айланган сюжетда икки қаҳрамон бор: Рик Граймс исмли ота ва унинг Карл исмли ўспирин ўғли. Сериалнинг учинчи фаслидаги бир эпизодда Рик Граймс ўғлининг сукут сақлаб турганидан хотини туғуруқ пайти вафот этганини англайди ва инграб-ўкириб, бир неча марта ўғлининг исмини айтади ва охири ҳушидан кетади. Бу аслида фильмнинг энг қайғули, трагедик саҳнаси.
Дастлаб ота ва ўғилнинг суҳбати лавҳасини видео кўринишида машҳур қилишга уринишади. Лекин бу вариант унчалик шуҳрат қозонмайди. Шундан сўнг фильм мухлислари ушбу драматик саҳнани ўзларича талқин қилиб, у орқали кулгили сюжетлар яратишади. 2013 йили бир юмористик сайт ана шундай ҳажвлардан иборат “Рик Граймснинг энг яхши ҳазиллари” номли тўплам эълон қилади. Унда сериалдаги ана шу кадр умуман бошқа маънода, юмористик мазмунда талқин қилинади. Мем қолипи бундай: ота ниманидир куюниб тушунтиради, ўғил эса сукут сақлаб тураверади. Шундан сўнг ота сўнги иборани ҳаяжон билан такрорлайди ва охирида “Карл!” деб ўғлига мурожаат қилади. Ана шу қолип кейинчалик турфа хил мемлар яратилишига асос бўлди.
Кейинчалик ҳар қандай жумла охирига “Карл!” мурожаатини қўйиш урф бўлди. Бу усулдан рекламачилар, блогерлар ва ҳатто сиёсатчилар ҳам фойдаланди.
Ушбу мурожаат шакли совет даврида ишланган “Сиз билган Мюнхаузен” фильмидан олинган деган қараш ҳам бор. Лекин бунинг эҳтимоли жуда
кам.
@oriftolib