Шунга ўхшаш
кўп янграётган фикрларга менинг-да эътирозларим бор:
Йигитлар Катанецсиз ҳам ўйнай олишини Юсупов КХДР билан ўйиндан кейин беихтиёр "гуллаб" қўйди.Бирор бир жамоа мураббийсиз ўйнай олади деб ўйламайман. Тўғри, футболчилар фундаментал илмга эга. Лекин бошқарувчи бўлмаса, ҳамма учун аниқ топшириқ берилмаса, майдоннинг ўзида тушунмовчилик бўлади. Катанец Ашурматовни 5-ҳимоячи қилиб туширганида, жамоа буёғига қандай ўйнашини биляпмизу, демакки, Катанец ўйиннинг дирижёри, унинг ишораси билан “музика” туғиляпти. У кимгадир ёқимсиздир, лекин ўша ишорадан сўнг юзага чиқяпти. Яъниким, Ўткир “борини бериш”га урғу қўйишда шу гапни ишлатди деб ўйлайман.
Кейин бизда ғалати тушунча бор: ҳимояга ётаётганимизда, гол ўтказиб юборганимизда мураббий айбдор-да, олдинга ўтсак, ҳаммасини футболчилар қилган бўлади. Йўқ, футбол бу жамоавий ўйин, унда мураббийнинг икки натижада ҳам улуши бор, футболчилар билан тенг камида. Вазиятлар яратилаётган бўлса, шунга мураббий ундаган бўлади, футболчилар кетдик олдинга деб ўзидан ўзи югуриб кетмайди. Ҳужумга ўтаётганда ҳам шу гап.
Хорижлик мураббий кетса, ишсиз қолиши мумкинлигидан қўрқадиган бошқа одам(лар) ва жойини йўқотиш хавфи бор лидерлар ҳақидаги гап ҳам кимнингдир тасаввури деб ўйлайман. ЎФА бу терма жамоаларимизга оид мусобқаларни ўтказиб берадиган ташкилот, ундаги ҳодимлар Катанецдан олдин ҳам ишлашган, кейин ҳам ишини қилаверади, бу мураббийнинг қолиши билан боғлиқ жараён эмас.
Лидерлар ҳақидаги гап янада ғалати. Улар ўзи лидер бўлса, нимасидан қўрқишади? Қайтанга ўртамиёналар қўрқадику одатда. Лидер қўрқса лидер бўлармиди?!
Яна бир машҳур гап:
айни пайтда термада рақобат йўқ!
Анчелотти Ла Лигада энг кам футболчи алмаштирадиган мураббий экан. Демакки, бу муносабат натижа келтирувчи ўринда яшашга ҳақли.
Кейин, бировнинг ўрнини кутиб ўтирган ортдаги ўйинчилар тушган пайтларидан фойдаланиб максимал соф рақобатни ушлаб туришаётгани кўп-да сезилмаяпти. Буни нега кўрмаяпмиз?
Мен бир пайтлар ёшлар термасида Жалолиддиновни Аббосдан кўра лидерроқ дегандим. Нима деб ўйлайсиз, турли термаларда асосий таркибда тушиб, кулибгина фақат ўз ишини қилиб юрган Файзуллаев нега бирдан лидер бўволди? Ҳа, уни айни шу рақобат пиширди. Ўзини кўрсатиши кераклигига ундади.
Хуллас, рақобат ташқаридан олиб келинадиган футболчилар билан ҳам, ичкаридаги ўйинчилар билан амалга ошириш мумкин бўлган жараён.
@xayrulla_hamidov