#ЭРТАКЛАРДА_ЯШАГИМ_КЕЛАР
12- ҚИСМ
Дилафрўз ўз-ўзига шундай деб таъкидлаганча оҳиста қадамлар билан хоналарига кирди.
Усмон ётоқхонада диванга ёнбошлаганча қандайдир чет эл фильмини кўриб ётарди.
Дилафрўз индамай диваннинг бир четига омонатгина ўтирди.
- Овқатингни қовуриб сувини солиб қўйдингми ? - сўради Усмон экрандан кўзини узмай, - роса қизиқ кино бўляпти . Кел бирга кўрамиз. Бошлаганига ҳали кўп бўлмади.
Дилафрўз индамади . Унинг телевизорга бир бор бўлса- да назар солмаганига ҳайрон бўлган Усмон ўрнидан туриб қўлидаги пульт билан телевизор овозини пасайтирди- да хотинига жиддий боқди:
- Менга қара Дилафрўз, кейинги пайтларда сал бошқачароқсан- а ? Бир , икки пул сўраганингда топиб беролмаганимга хафа бўлдингми ? Ота - онангни соғинганингни билиб турибман. Озгина чидагин , пул топишим билан уйингга бориб келасан.
Агар шунчалик хафа бўлаверсанг бугуноқ бир иложини топишга ҳаракат қиларман.
- Энди шарт эмас ... - ерга қараганча жавоб қайтарди Дилафрўз.
- Бўлди энди , бунча хафа бўлаверма. Рўзғорда бирда - бир шунақа етишмовчилик бўлиб туради- да...
- Мен ҳеч нарса деяпганим йўқ- ку,- Дилафрўз эрига янгиликни қанақа қилиб айтишни била олмай қийналарди.
- Уфф ...
- Нега уфлайсиз ?! Мен сизга нима қилдим ? Ана кинойингизни кўринг. Сизга бир нарса деяпманми ?! Бўпти , - Дилафрўз шундай дея ўрнидан тура бошлади ,- яхшиси бориб овқатни пиширақолай.
- Вой ҳали ҳам овқат солмаганмидинг? Мен ўйлабман- ки... - Усмон Дилафрўзга таажжубланганча назар ташлади.
- Ҳаа , ҳали қозонга овқат солганим йўқ . Ойижон менга ... Сизга ... Мени сизга айтишимни ...
- Дилафрўз , нега довдирайсан? Нима учун гапларинг бир тоғдан бир боғдан келяпти ?
Усмон телевизорни шарт ўчирди. Дивандан тушиб айланиб Дилафрўзнинг пешонасига қўлини босди :
- Иссиғинг йўқмасми , мабодо ?
Дилафрўз "йўқ" дегандек бош чайқади.
- Усмон ака... Мен ...мен ...
- Нима сен ? Эшитаман,- Усмон Дилафрўзнинг оғзига илҳақ тикилди.
-Мен ҳомиладор эканман,- Дилафрўз ва ниҳоят юкли эканлигини айта олгач , енгил тортди.
- Дилафрўз ...- Усмон аёлига анграйиб қаради ,- нима дединг ?! Яна битта қайтар- чи ?!
- Мен ҳомиладор эканман ...
- Демак , мен ота бўламанми ?! Ота ...?
Усмон ўрнидан турди . У довдираганча бирон бир мақсадсиз хонанинг у бошидан , бу бошига икки қайта бориб келди.
- Дилафрўз , бу ҳақда ойимга айтиш керакдир...
- Ойижон уйда йўқлар . Улар Адажон билан бозорга кетишди ,- Дилафрўз бўшибгина жавоб қайтарди.
- Бозорга ?! Шу пайтда-я ? Адамлар бозорликни эрта сахар қилардилар- ку ?
- Улар узумга кетишди,- маълумот берган бўлди Дилафрўз, сўнг ўз гапини ўзича тўлдириб қўйди ,- мени егим келгани учун .
- Майли , энди мен бориб овқат тайёрлай , - деди Дилафрўз "Бўлди , айтдим . Энди ишимдан қолмай" деган оҳангда писанда қилиб,- кун совиганига газ ҳам анча пасайиб кетган.
Дилафрўзнинг назарида Усмон ўзининг ҳомиладор эканлиги ҳақидаги хабарни бутунлай бошқача кайфиятда кутиб олиши керакдек эди. Эри осмонларда учиши , ўзининг ота бўлиши ҳақида бутун дунёга жар солиши , дунёнинг бор қувончини Дилафрўз билан баҳам кўриши керак эмасмиди?!
Дилафрўзнинг ўзи сезмаган ҳолда эридан дили оғриди.
У ўрнидан турди, эшикка қараб аста юра бошлаган ҳам эди- ки, Усмон икки одим билан унга етиб олди . Усмон Дилафрўзнинг йўлини тўсганча уни аста бағрига босди :
- Дилафрўз ... Мен сени ... яхши кўраман, - у Дилафрўзнинг сочларига оҳиста лаб босди,- раҳмат ...
Дилафрўз сал кеч бўлса ҳам Усмондан ўзи кутган меҳрга муносиб кўрилгани учун кўнгли таскин топгандек бўлди. Эрига бир сўз демай чуқур - чуқур нафас олди.
- Усмон ака ... Фарзандли бўлиш қизиқ бўлса керак- а ? - деди у хаёлчанлик билан ,- мен ҳали ўзимни она сифатида тасаввур қила олганимча йўқ ...
Усмон табиатан оғир - вазмин , мулоҳазали йигит бўлганлиги учун Дилафрўзга сокин овозда тушунча беришга ҳаракат қила бошлади :
- Менимча оналик ҳиссини қачонки она бўлсанггина яққол тушунсанг керак...