Савдонинг турлари
1. Байи муқоязаҳ (Barter Sale – айрибошлаш савдоси), яъни бирор нарсани пулдан бошқа нарса эвазига сотиш. Масалан, буғдойни материал эвазига, шакарни ун эвазига сотиш ва ҳаказолар шулар жумласига киради.
2. Байи салам (Sale on advance payment), яъни нақд пул ёки тиллани олдиндан бериб, унинг эвазига бошқа нарсани келгусида бир аниқ бўлган муддатда олишдир. Масалан, бир деҳқонга юз минг сўм бериб, «Шу пул эвазига уч ойдан сўнг бир тонна буғдой берасан», дейилади.
3. Байи сарф (Exchange of money), яъни нақд пулни нақд пул ёки нақд тиллани нақд тилла эвазига алмаштириш ёки нақд тиллани нақд кумуш эвазига алмаштириш кабиларни саррофлик савдоси, дейилади.
4. Байи мусовамаҳ (Bargaining Sale – савдолашиб, тортишиб савдо қилиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олгани ёки устига қанча фойда қўяётганини айтмасдан, ўзаро розилик билан савдо қилишидир. Ҳозирги вақтда бозорларда шундай савдо қилинади. Чунки сотувчилар харидорларга сотаётган нарсаларини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб ўтирмайди. Балки ўзаро бир нархга келишиб савдо қилаверадилар.
5. Байи муробаҳа (Sale on cost plus – баҳо қўйиб сотиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини ҳамда устига қанча фойда қўйганини айтиб савдо қилади. Масалан, сотувчи харидорга «Мен сенга бу материални харажатим устига ўн фойиз қўйиб сотаман», дейди.
6. Байи тавлияҳ (Sale at Cost – тан нархига сотиш), яъни сотувчи харидорга сотиб олган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб, ўша олган ёки харажат қилган нархига сотади.
7. Байи вазиъаҳ (нархни тушириб сотиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб, ўша олган ёки харажат қилган нархидан камига сотади.
"Тижорат ва ишлаб чиқариш ҳақида тасаввур"
@wwwUsmon_ibn_Affon