Шахрихонда “Саломатлик сари” лойиҳаси
доирасида тиббий кўрик ташкил этилди
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими иш режасига асосан, Шаҳрихон тумани “Терактаги” МФЙда жойлашган “Шифокор” МЧЖ қошидаги хусусий клиникада бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик партия “Аёллар қаноти” томонидан “O‘zLiDeP онкологик касалликларга қарши” акцияси доирасида “Саломатлик сари” ҳамда “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи” лойиҳалари асосида ўтказилди.
O‘zLiDeP Шаҳрихон туман Кенгаши аппарат раҳбари Ў.Сулаймонов, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Хасанбой Одилов бошчилигидаги хусусий клиника шифокорлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларининг 10 дан ортиқ тор соҳа мутахассислари иштирокидаги ушбу тиббий кўрикка тумандаги 20 га яқин МФЙлар фуқаролари жалб этилди. Тиббий кўрикда асосан, кам таъминланган, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турадиган, ногиронлиги бўлган ҳамда нафақадаги фуқаролар мурожаат қилиб, саломатликларини текширтириб, зарур маслаҳатлар олдилар.
Партия фаоллари ташкил этган саломатлик тадбирида ЛОР, педиатр, офтальмолог, онколог, эндокринолог, кардиолог, гинеколог, терапевт, хирург, УЗИ, уролог, жарроҳ, невропотолог каби мутахассислар тумандаги “Терак таги”, “Янги вахм”, “Карнайчи”, “Яккатут”,“Шаҳрихон”, “Номозгоҳ”, “Мустақиллик”, “Муллабой”, “Қоракўрпа”, “Бувайдо” каби МФЙлардан мурожаат қилган аҳоли вакиллари учун сидқидилдан тиббий хизмат кўрсатдилар. Соғлиғида муаммоси бўлган фуқаролар текширувлардан ўтказилиб, таҳлил ва натижаларга кўра тегишли тавсиялар берилиб, даволанишлари учун йўлланмалар берилди, шунингдек, ногиронликни белгилаш бўйича тегишли комиссияга мурожаат қилишга йўналтирилди.
- Мени кейинги йилларда тез-тез юрагим безовта қиларди. Танамда шишлар пайдо бўлиб, бу ҳаёт тарзимга таъсир қилаётган эди. Бугун ушбу партия томонидан ташкил этилган тиббий кўрикка келиб, кардиолог ҳамда урологга мурожаат қилдим. Аввало соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва кундалик фаол ҳаракатда бўлиш ва доимий қўлланиладиган дори-дармонлар бўйича зарур маслаҳатларни олдим. Тиббий кўрик ташкилотчиларига катта раҳмат, - дейди “Карнайчи” МФЙ фуқароси Мерожхон Йўлдошева.
- Бугунги тиббий кўрик туманимиз аҳолиси учун айни муддао бўлди. Ушбу тадбир сабаб кўпгина фуқаролар касалликлар, уларнинг белгилари ҳақида тасаввурга эга бўлдилар. Айниқса, бу соғликларига бефарқ қарайдиган хотин-қизларимиз учун фойдали бўлди, деб ўйлайман. Мутахассис сифатида 40 ёшдан ошган аёллар доимий тиббий текширувлардан ўтиб, турли юқумли бўлмаган ва онкологик касаликларни олдини олувчи профилактик чораларни кўриб юрсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, уни олдини олиш афзалдир. Айниқса, бу онкологик касалликларда муҳим аҳамият касб этади, - дейди онколог-шифокор Каримахон Маматова.
Ушбу тадбирда депутатлар гуруҳи томонидан “Бир депутат - юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси доирасида аҳолига, шунингдек, “Аёллар дафтари” да турган фуқароларга бепул тиббий кўрик ўтказишни давом эттириш, камбағалликни қисқартириш, касб-ҳунарга ўқитишга йўналтириш, иш билан бандлигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган, тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга ордерлар бериш борасида амалий ишларни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
https://t.me/uzlidep_andijon