☑️
Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини юзага чиқарадиган муҳим ташаббус амалга ошмоқда Президентимиз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланишига бағишланган маросим иштирокчиларига мурожаат йўллади. Мазкур темирйўл қурилишига асос солиниши дўст мамлакатлар қарийб 30 йил илгари босиб ўтган тарихий воқеа экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасини Хитой билан энг қисқа қуруқлик йўли орқали боғлайдиган халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уч давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.
Яна бир муҳим жиҳат – ушбу лойиҳа ҳамкорликда барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида кўплаб мамлакатларни бирлаштириб келаётган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги эзгу мақсадларга тўлиқ мос келиши айтилди.
Таъкидланганидек, ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.
Келгусида ушбу темир йўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратади.
Умуман олганда, ушбу магистрал йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.
@a_xaitov