Тизим ҳақида
Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги № ПКМ-847 сонли қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар тармоғини бошқариш маркази” мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими оператори сифатида танлаб олинди.
Мазкур корхона базасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди. Ушбу тизим Ўзбекистон Республикасининг барча алоқа операторлари тармоқларига уланди ва мобил қурилмалар ишини алоқа операторларининг тармоқларида “онлайн” режимида назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек бу тизим четдан кириб келувчи мобил ускуналарни қайд этиш вазифасини ҳам бажаради.
1 апрелдан Ўзбекистон GSM-операторлари тармоғидаги барча мобил ускуналарни автоматик тарзда қайд этиш ишлари бошланади. Автомат рўйхатга олиш учун ҳақ ушланмайди.
Ҳозиргача ўз мобил ускуналарини ҳудудий GSM-операторлари тармоғида ишлатаётган абонентлар ўзига тегишли ускуналарни қайддан ўтказишлари бўйича ҳеч қандай хатти-ҳаракат талаб қилинмайди – рўйхатга олиш ишлари алоқа тизими ва алоқа операторлари томонидан бажарилади.
Ускуналарни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидаги ҳолатларда бу ускунадан фойдаланишни чеклаш имконини беради:
контрафакт ускуналардан фойдаланишни – яъни, амалда ускунанинг IMEI-коди унинг моделига мувофиқ бўлмаганда,
ўғирлик ёки йўқотилгани сабабли “қора” рўйхатга киритилган ускуналар,
божхонада тозалаш муолажасидан ўтмаган ускуналар. Харид қилишдан аввал ускунани www.uzimei.uz тизими расмий сайтидаги статус орқали текшириш тавсия қилинади.
Ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими шунингдек ускуналарни рўйхатга олишда зарур бўлган маълумотларни ва ўғирланган ёки йўқолган ускуналарнинг рўйхатини олиш борасида GSMA уюшмаси билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш имконини яратади.
Ҳозирги вақтда GSMA базасига 43 та мамлакатнинг, шу жумладан: Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Мальта, Норвегия, Португалия, ЖАР, Швеция, Великобритания, Венесуэла каби давлатларнинг 118 нафар мобил операторлари уланган.
GSMA ассоциацияси билан ахборот алмашинуви Ўзбекистонда бошқа давлатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқотиб қўйилган ускуналардан фойдаланиш имкониятини чеклайди. Ва аксинча, Ўзбекистонда “қора” рўйхатга киритилган мобил ускуналарнинг GSMA уюшмасига аъзо мамлакатлар ҳудудида ишлатилишига йўл қўймайди.
Мобил терминалларни ҳисобга олиш ва қайд этиш тизими қуйидагиларга имкон беради:
Абонент ускуналардан фойдаланишдаги ва уларга оид ўғирликлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва уларни фош қилишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасига абонентлик ускуналарининг ноқонуний (контрабанда) тарзда олиб кирилиши олдини олади.
Сотиб олувчиларга харид қилишдан олдин сифат кафолатини билиш мақсадида абонент ускуналарининг мақомини текшириб кўриш ва сервис хизматлари ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган контрафакт абонент ускуналардан фойдаланишни камайтириш ҳисобига фуқароларнинг саломатлигини сақлашга кўмаклашади.
Контрабанда йўли билан олиб кирилган контрафакт абонент ускуналари савдосига чек қўйиш воситасида телекоммуникация бозорида соғлом рақобат ўрнатилишини таъминлайди.
@uzimei