ҲИЖОБИНИ ЕЧГАН РАШИДАФранцияда президент сайловларига ҳаракатлар бошланди, бир неча сиёсатчилар ўзларини номзод деб эълон қилдилар.
Бу йилги сайловларда машҳур бир полемист, провакатор, исломофоб, ирқчи, миллатчи ва ҳоказо бир журналист-Эрик Земур ҳали ўз номзодини эълон қилмасдан президентлик сари шаҳдам қадамламоқда.
Шахсан мен унинг президент бўлишига ишонмайман, аммо сўровномалардаги айрим натижаларга кўра у бир неча марта ўзининг тўғридан-тўғри рақиби Марин ле Пенни ортта қолдирди. Аммо мен ҳозир бу ҳақда эмас, бошқа бир воқеа ҳақида ёзмоқчиман.
Земур бир шаҳарчада ҳижоб ўраган Рашида деган аёл билан ислом, ҳижоб, аёллар ҳуқуқлари борасида баҳслашиб қолади. Рашида Земурга ўзининг муслима эканлигини, шу билан бирга эркин муслима аёл эканлигини ва ҳижобни ўз хоҳиши билан ўраганлигини айтади.
Хуллас гапдан гап чиқиб, Рашида ўзининг эркин аёл эканлигини исботлаш учун ўз ҳижобини ечиб кўрсатади.
Бу воқеага нисбатан ҳар ким ўз қарашидан келиб чиқиб фикр билдириши, олқишлаши ёки танқид қилиши мумкин. Аммо Рашида ўша лаҳзада бир провакатлрнинг провакациясига учган бўлса ҳам эркин аёл, эркин инсон ва эркин муслима сифатида ўзи тўғри деб билган ишни қилади.
Умуман олганда воқеа шу ерда тугаши мумкин эди. Аммо бироздан сўнг ҳижобини ечгани учун Рашида ижтимоий тармоқлар орқали ўлим таҳдидларини ола бошлайди. Ким билади унинг манзилини топишса, балки ўлдиришар ҳам.
Шахсан менга Земур ҳам, Рашида ҳам, уларнинг ўртасидаги оташин баҳснинг қизиғи йўқ. Аммо ўзининг эркин эканлигиги исботлайман деган, яъни ўзини ҳақиқатдан эркинман деб ўйлаган Рашида ўзининг эркин эмаслигини ўз ҳаётини хавф остига қўйиб билиб олгани ачинарли.
Ундан ҳам ачинарлиси, энди Франциядаги 6 миллион мусулмонларни Франциядан ҳайдашга ваъда берган Земур бу воқеадан кейин бутун Франция олдида "ҳақ" бўлиб чиқаяптими? Муслима аёл ўзи хоҳлаган ишини қилолмайдиган, ҳижобни ўзи хоҳласа ўрамайдиган, аксинча уни ўрашга мажбур бўлиб чиқяптими?
Мен бўлиб ўтган воқеани баён этдим. Шахсий фикрларимни ўзимга қолдирдим. Шахсий хулосаларингизни эса ўзингизга қолдираман.
"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола👉 https://t.me/uchzamon