📚#Марғилон_алломалари ✏️ФОЗИЛЖОН МАХДУМГА ҚЎШНИ ЭКАН «1952 йили мени ҳарбийга чақирди. Табиблар мени кўриб, бемор экансан, Чортоққа (Наманган вилоятидаги сиҳатгох) бориб муолажа олиб келасан, дейишди.
Чортоққа бордим сиҳатгоҳга жойлашдим. Бир куни пешин пайти масжидда намоз ўқиётсам, бир паст бўйли кекса киши келиб — кейин билдим исми Сайид Аҳмад экан, — ўғлим, мен билан бирга юр, ўғлим ҳарбийга кетган эди, кампирим йиғлаб кўзи кўрмай қолди. Сен кириб, онажон мен қайтиб келдим, десанг шояд кўзи очилиб кетса, деди ва меҳмонхонам бор, истасанг ўша ерда ётишинг мумкин, деб мени ўзи билан олиб кетди.
Бирга ҳовлисига кириб бордик. Кира солиб кампирига, онаси, суюнчи бер, боланг қайтиб келди, деди. Мен, онажон, мен қайтиб келдим, деб кампирнинг қучоғига ўзимни отдим. У болам, деб мени қучоқлаб туриб йиғлаб, боламга ўхшайсан-у, аммо у эмассан, майли сен ҳам боламсан, деб йиғлади. Шундай қилиб у ерда бир ой турдим.
Сиҳатгоҳда мени чаққонлигимни кўриб ошпазга ёрдамчи қилиб қўйишди. Уларга қарашиб юрдим. Бир куни бир ошпаз мендан, қаерликсиз, деб сўраб қолди. Марғилонликман, дедим. Фозилжон махдумни танийсизми, деди. Ҳа, у киши бизга қўшни бўладилар, дедим. Эй шунақами, улуғ зотга қўшни экансизда, бўлмаса, эртага мен сизни бир жойга олиб бораман, деди.
Эртасига бир хонадонга олиб борди. У ерда катта анжуман бўлаётган экан. Икки уй тўла одам йиғилган. Бир пайт мени уларга кўрсатиб, бу бола марғилонлик Фозилжон махдумнинг қўшнилари бўлар экан, деди. Шундай дейишига ўтирганлар бирданига ўринларидан туриб мен билан қучоқ очиб кўриша кетишди. Ҳай-хай, Фозилжон махдумга қўшни бўлсангиз, хурматингиз бизга лозим, дея зиёрат қилишар эди. Уларни нима учун бундай қилишаётгани сирини билмас эдим. Кейин қўй суйиб бир кун мени меҳмон қилишди. Қайтаётганимда бош-оёқ кийим, қўлимга бир мунча ҳадя бериб кузатиб қўйишди. Фозилжон махдумнинг ҳурмати баландлигини ўшанда кўрган эдим. Кейин билсам, у зот улар мезбонлигида бир неча вақт турган эканлар».
📖 Устоз Раҳматуллоҳ Файзуллаевнинг:
"ФОЗИЛЖОН МАҲДУМ МАРҒИЛОНИЙ" китобидан.
✈️
Telegram |✅
Facebook🌐 Instagram |📹
YouTube🌐 Umma life |
✅ Tik tok