Арне Слот кечаги ўйиндан кейин интервю бераётиб, “Ноттингем Форест”ни “МЮ”га қиёслади.
- Мураббий шогирдларининг кучли жиҳатларини юзага чиқариши керак ва бу борада “Ноттингем” устози тахсинга лойиқ. Жамоа узун паслар билан ўйнайди ва ушбу услубга мос футболчилар ҳам етарли. Биз тўпни эгаллаганимизда эса қуйи блокда 11 футболчиси бўлади. Бундай рақибга қарши ҳужум қилиш қийин. “Манчестер Юнайтед” билан ҳам шундай бўлганди, уларда ҳам узун паслар билан ўйнашга мос бўлган футболчилар кўп эди – деди Слот.
Бу биринчиси эмас. “МЮ” билан ўйиндан кейин у шунга ўхшаш фикрларни айтган, яъни “МЮ” узун паслар билан қуйи блокда ўйнаганини таъкидлаб, сентябрдаги “Ноттингем” билан учрашувни (0:1) эслатганди.
Аслини олганда параллеллар ўринсиз кўриняпти. “МЮ” айнан “Ноттингем”га ўхшаб ўйнаганини айтиш жуда қийин. Ҳар икки учрашувни томоша қилган бўлсангиз ҳам, ўхшашликларни топа олмайсиз. “Ноттингем” сентябрдаги ўйинда 30, кечагисида 29 фоиз тўпга эгалик қилди. “Манчестер Юнайтед”нинг бу борада кўрсаткичи 48 фоиз эди, деярли “Ливерпул” билан тенг.
Энди узун пасларга келсак. Ҳа, “МЮ”да ҳам, “Ноттингем”да ҳам узун пас уринишлари тенг – 62 тадан. Аммо “МЮ” бу кўрсаткични 48 фоиз тўп назоратида, “Ноттингем” эса 29 фоиз тўп назоратида амалга оширган. Яъни, “Ноттингем Форест”нинг узун паслари жами узатмаларида 26.5 фоизни ташкил қилса, “Манчестер Юнайтед”да бу 15.9 фоизни ташкил қилган. Мисол учун “Ливерпул”нинг “МЮ” билан ўйинда 12.6 фоиз узатмаларини узоқ масофага амалга оширган. Яъни бу рақамлардан “МЮ” ва “Ноттингем”да узун паслар бўйича ўхшашликни қайд этиш ўринсиз.
Қуйи блок ҳақида ҳам шу. Сентябрдаги ўйинда рақиб жарима майдонида тўпга тегинишлар бўйича “Ливерпул” “Ноттингем”дан 34-5 ҳисобида устунлик қилган. Кечаги ўйинда ҳам “Ливерпул” яққол устун – 52-17. “Манчестер Юнайтед” билан ўйинда фарқ деярли бўлмаган: 33-31.
Слот “МЮ” билан ўйин тугаши билан қандайдир ўхшаш тасаввурда бўлиши мумкин, аммо вақт ўтиб, аслида бошқача ўйин бўлганини англагани аниқ. Агар фарқни сезмаган бўлса, у мураббий эмас, чунки жамоани тайёрлаш учун ҳар бир ўйин ҳақида аниқ хулоса керак бўлади. Албатта, фарқни билган. Лекин нега яна такрорлаяпти? Балким “Ливерпул”нинг икки омадсиз ўйинини солиштириб, гўёки конкрет бир услубга қарши қийин бўлганини айтиб, қандайдир босимни олиб ташламоқчидир.
@aslanov_futbol