Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда
Президент томонидан 13.02.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1030-сон Қонун имзоланди.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинмаган исми бўйича татбиқ этилади.
Шунингдек, ҳомиладорлик ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ходимни ишдан бўшатиш тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, меҳнат шартномасини электрон шаклда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида расмийлаштириш тартиби жорий этилмоқда.
Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилишда ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи ID-картаси, меҳнат дафтарчаси тўғрисидаги маълумотларни мустақил равишда, шу жумладан идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олади.
Илгари иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак эди. Ўзгартиришларга кўра, эндиликда ушбу таътилнинг давомийлиги 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча тизимларидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги 12 календарь ой учун ходимга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар суммасининг 1/12 қисми миқдорида белгиланади.
Аниқлик киритилишича, якшанба ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда ва меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўлашда ҳисобга олинмайди.
Олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида кечки ёки сиртки таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари:
I ва II курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида камида 20 календарь кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида -камида 10 календарь кун, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларидаги сиртқи таълим шакли бўйича эса камида 30 календарь кун;
III ва ундан юқори курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида камида 30 календарь кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида камида 20 календарь кун, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларидаги сиртқи таълим шакли бўйича эса камида 40 календарь кун муддатга ҳар йили берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.02.2025 йилдан кучга кирди.
@ulugbekalimov