📝Иймонсизлик балоси
(Афсуски, бўлган воқеа, ҳеч қандай бадиий тўқимасиз ёзилди)Дилором эшикма- эшик юриб сут- қатиқ сотади. Отаси ташлаб кетгач, онаси ва иккита укаси билан анча қийналиб қолдилар. Сигири бор хонадонлардан сут йиғиб, кўп қаватли уйларга олиб бориб сотади. Харидорлари ҳам қош кўзлари қоп-қора, хушбичим, дилдор, овозлари қўнғироқдек қизни яхши кўрадилар.
У Мирмақсуд билан ҳам сут-қатиқ юриб танишди. Дилором ўн саккиз ёшда эди. Йигит йигирма бешда. Мирмақсуд унинг зил-замбил юкларини кўтаришар, баъзан унга "Дилор, бунақа оғир кўтарма, касал бўлиб қоласан", —дер, қиздан" ўрганиб кетганман",-деган жавобни олгач, бошини сарак-сарак қилиб қўярди.
У йигитга ўрганиб қолди. Мирмақсуд ҳам уйланишга ваъда берди. Турмуш ташвишларидан эрта чарчаган Дилором бир мард эркакка зор эди. Шунданми, йигитга ишонди. Туғилган кунида юмшоқ ўйинчоқ олган қиздан бахтлироқ одам йўқ эди бу оламда. Секин-аста йигит уни уйига ҳам кузатиб келадиган бўлди.
—Дилор,—деди бир куни йигит,-кел, ўзингга гўзаллик салони очамиз, сут-қатиқ сотиб юрмайсан, яхши сартарошларни ишга оласан, салонни юргизасан!
Қиз бунақа иш қўлидан келмаслигини яхши биларди, аввалига унамади, кейинчалик йигитнинг гапларига қандай кўнганини ўзи ҳам сезмай қолди. Энди Мирмақсуд Дилоромга ўхшаган мухтож оилаларга ажратилган кредитлар ҳақидаги янгиликларни айтиб уни банкдан кредит олишга ундай бошлади. Ўзи ҳаммасига бош-қош бўлди. Бир неча ойлик югур-югурдан кейин ва ниҳоят банкдан ўттиз миллион миқдордаги суммани олишга эришдилар.
Шинам қаҳвахонада севимли, ишонган инсони билан олам-олам орзуларга берилиб ўтирган Дилоромнинг кўнглида қандайдир ғашлик бор эди. Буни йигитга сездирмасликка уринди.
Шу уларнинг охирги учрашувлари бўлди. Йигит пулни олди-ю, ғойиб бўлди. Телефони ўчирилган, турар жойида эса ҳеч ким уни танимади. Орадан бир ой ўтиб кетди. Дилором, аввалига йигитга нимадир бўлган деб ўйлади. Бир ой ўтиб банкдан кредит тўлаши лозимлиги ҳақидаги хабарни олганда эса алданганини тушунди.
Иймонсизларга тўлиб кетган жамиятда худди онасини бебахт қилиб қочиб кетган отасига ўхшаган яна бир номард эркак уни алдаб кетганди.
Шу куни ухламади. Шусиз ҳам умри ўзгаларнинг эшигида чўрилик билан ўтаётган онасининг кўзига қараш ҳаммасидан оғир эди унга.
Оғилхонага қўлида арқон билан кириб келганида ҳам, ўз бўйнига сиртмоқ солганида ҳам ўша номардни бир марта кўришни истади.
—Ман келдим, Дилор, ҳазиллашгандим,-дейишини орзу қилди...
Мирмақсуд қаердадир, орамизда юрибди, аммо икки дунёсини хароб қилгани— гулдек бир қизнинг уволи тутадиган кунга қанча қолганини ҳали билмайди...
Феруза Салходжаева
#ҳикоя
🌸☘️🌸☘️🌸☘️🌸☘️🌸☘️🌸☘️
。゚゚・。・゚゚。
゚。реакция қолдиринг💕
゚・。・
Улашинг, Кузатинг ва Яқинларингизни таклиф қилинг 🔜 Фойдали канал ➖⬇️
┄┄┅┅✿🍃❀🌺❀🍃✿┅┅┄
@UDDABURON_AYOLLAR
┄┄┅┅✿🍃❀🌺❀🍃✿┅┅┄
@SARAMASLAHATLAR