“Фабрикованный” жиноятлар
Айрим ҳолларда “фабрикованный” жиноят деган сўзни эшитиб қоламиз. Бу нима дегани? Бу сунъий йўл билан яратилган жиноятлар дегани.
Масалан, Собир деган одам уйида тинчгина чойини ичиииб ўтирибди. Шу пайт бир узоқроқ таниш аёл телефон қилади. Аёл жияни иш билан Собирни шаҳрига борганлигини, жияни билан бирга тадбиркорлик қилаётганлигини, жияни бир бизнес шеригига пул топшириши кераклиги, аксига олиб, шанба куни бўлгани учун банклар ишламасдан пулини АҚШ долларига алмаштира олмай қолганлиги, пулни топшириш душанбага қолиб кетса товар ололмай қолиб, иши орқага кетиб қолишини обдон тушунтирадида, сўмдаги пулини 3 000 АҚШ долларига кўчадаги валютафурушлар орқали алмаштириб беришда ёрдам сўрайди.
Собир ҳозир буни иложи бўлмаса керак, деса, аёл қаттиқ илтимос қилишни бошлайди, агар таниш валютафуруш билан иш битирилмаса, бегоналар пул бервориши мумкин, бир марта ишим тушибди, ўлсин энди, бирорта валютафуруш танишингиз бўлмаса, деб туриб олади. Собир ноилож савоб учун ёрдам берсам бера қолай деб ишга тушади.
Собир ўйлаб кўрса, Акмал деган таниши валютафурушлик билан шуғулланарди, ҳозир ҳам шуғулланяптимикан? Акмалга телефон қилса, йўқ ака, ташлаганману бу ишни деб турибди. Нодир яна қайта аёлга телефон қилади, танишим шуғулланмай қўйипти, иложи бўлмаяпти, дейди. Аёл эса кўчадаги нархдан қимматроқ нархни айтиб, шунчадан бўлса ҳам олаверамиз, ўша танишингизга айтинг, илгари шуғулланган бўлса, танишлари бўлса керак, дейди. Нодир яна Акмалга телефон қилиб, шунчадан бўлса ҳам олавераркан, бир иложини қилиб бер энди, уялтирма, дейди.
Акмал қараса, қимматроққа оладиган тайёр харидор бор, эски валютафурушмасми, бекор ўтиргандан кўра озгина пул ишлаб олай деб, валюта сотадиган эски танишларига алоқага чиқиб, бирпасда ҳаммасини келишиб олади.
Нодир аёлни жияни билан кўришиб, Акмалга учраштириб, шу бола ишига ёрдам беришини айтади, Акмал эса жиянни тўғри эски танишларини олдига олиб боради.
Пул алмаштирилаётган пайтда бирданига тадбир ўтказилди деб тезкор ходимлар чиқиб келиб, ҳаммасини ушлашади, жиян эса департамент ходими бўлиб чиқади.
Савоб учун танишини жиянига ёрдам бермоқчи бўлган Собир ҳам, уни гапига кирган Акмал ҳам валютафурушларга шерик бўлиб жавоб беришига тўғри келади.
Бу бир неча йиллар аввал ҳақиқий ҳаётда бўлган воқеа. Аслида бу ягона шунақа ҳолат эмас. Бу ҳолатда жиноят таркиби йўқ деб бўлмайди, лекин иккинчи тарафдан, агар тезкор ходимларнинг ўзлари бошламаганда, ушбу жиноятнинг ўзи ҳам мавжуд бўлмасди.
Бу ҳақда ёзганимни сабаби ҳозир шунақа “фабрикованный” жиноятлар ЖК нинг 130-моддаси (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан айблашда қўлланиляпти. Охирги икки ҳафтада деярли бир хил ҳолат билан иккита одам мурожаат қилди.
Сценарий оддий. Эркак киши ижтимоий тармоқда битта қиз билан “тасодифан” танишиб, иноқлашиб кетади. Қизи тушмагур шаддодроқ чиқиб, бир иккита уятлироқ видеолардан ташлаб беради. Эркак киши ҳам қолишмаслиги керакку, қизга тоза порно видеолардан ташлайди. Қиз ҳам қизиқтириб яна бўлса ташланг деб сўрайди. Орада болаларники йўқми, бўлса улардан ҳам ташлангчи, ҳеч кўрмаганман дейди. Эркак ҳам илгари ўзи кўрмаган бўлса ҳам интернетдан топиб, юклаб, қизга жўнатади.
Кейин учрашишга келишишади, эркак қиз билан учрашаман деб борса, уни иккита “опер” кутиб турган бўлади.
Шунинг учун эҳтиёт бўлинг. Агар озгина содда бўлсангиз, шунақа “фабрикованный” жиноятларда иштирокчи бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.
Каналга уланиш 👇
👉
@advokatqosimov 👈