Шундай бир ривоят бор. Бир одамнинг уч дўсти бошқа-бошқа шаҳарларда яшар экан. Кунларнинг бирида у дўстларининг садоқатини синаб кўрмоқчи бўлибдида, хизматкорини биринчи дўстининг олдига жўнатибди. Хизматкор у ерга етиб боргач, хожасининг иши юришмай, қарзга ботиб қолганини айтибди. Дўсти хизматкорни юпатибди ва у айтган қарзни тўлашга етгулик пул бериб, ортига қайтарибди.
Навбат иккинчи дўстига келибди. У ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб, қайғурибди. Хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йиллик тирикчилигига етадиган пул бериб, кузатиб қўйибди.
Икки дўстининг саховатидан хурсанд бўлган одам хизматкорини учинчи дўстининг олдига жўнатишдан олдин унга бу дўсти олимлиги, аммо бадавлат эмаслиги, унда илмдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини айтибди. Шунингдек, аҳволидан шикоят қилмаслигини, «Ишлари ёмон эмас. Фақат беш тангагина қарз бўлиб қолган. Худо хоҳласа яқин орада қарзидан қутулади дегин» деб тайинлабди.
Хизматкор олимнинг олдига бориб, хожасининг гапларини етказибди. У бу гапларни эшитиб, ўйланиб қолибди. Кейин ташқарига чиқиб кетибди. Хизматкор унинг уйига разм солибди. Хонада йиртиқ гилам билан эски кўрпачадан бошқа нарса йўқ экан. «Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир» деб ўйлаб ўтирганида уйга нотаниш киши кириб келибди-да, «Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан?» деб сўрабди. Хизматкор тасдиқ ишорасини қилгач, унга беш танга узатибди ва хожасига бериб қўйиш учун уй эгаси бериб юборганини айтибди. Хизматкор уй эгаси қаердалигини сўраган экан, «У ўзини қул бозорида менга беш тангага сотди» деган жавобни эшитибди.
Бу гапни эшитган хизматкор ҳам ҳайрон бўлибди, ҳам даҳшатга тушибди. Нотаниш одамга эргашиб унинг уйига борибди. Хожасининг дўстини кўргач, ундан бундай қилмаслигини ўтинибди, пулни қайтариб беришини сўрабди. Олим эса қулдор билан шартлашгани, беш танга эвазига унга беш йил ишлаб беришни ваъда қилгани, дўстини муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш ўзи учун ҳеч гап эмаслигини айтиб, сўзида туриб олибди.
Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, инсонга берилган энг яхши неъматларнинг бири муносиб дўст экан.
Энди вақт синовидан ўтган дўстлик, ёру биродарлик ҳақида олиму уламоларнинг асрлар оша бизгача етиб келган фикрларига эътибор қаратсак. Чунончи, Луқмони ҳаким ўз ўғилларига шундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғлим беш тоифа инсонлардан ташқари хоҳлаганинг билан дўст бўл, аммо бу беш тоифадаги кишилар билан дўстлашишдан тийил. Ёлғончини дўст тутма, чунки ёлғончининг сўзи сароб каби яқинни узоқ, узоқни яқин кўрсатади. Аҳмоқни дўст тутма, фойда бераман деб зарар келтиради. Тамагирни дўст тутма, чунки у егулик ва ичимликни сотади. Бахилни дўст тутма, чунки у керак бўлганда ёрдамини бермайди. Қўпол билан дўстлашма, чунки у сени ҳам, ота-онангни ҳам сўкади. Қўполлик қилаётгани эса унинг хаёлига ҳам келмайди».
Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» асарида дўстликни уч мартабага бўлади. Биринчи, энг қуйи мартабадагисида дўст ўз дўстига худди қулига қилгандек муомалада бўлади. Яъни, хожа қулини худди ўзи каби таъминламаса ҳам оч-яланғоч бўлиб қолмайдиган даражада ўртача ейиш- ичиши ва ўртача кийиниши, ётоғи ва касал бўлиб қолса даволанишини таъминлаганидек дўстини оч ва юпун ҳолда қолдирмайди, касал бўлганини эшитгач, билиб туриб ўлиб кетишига қараб турмайди.
Иккинчи мартабадаги дўстликда ўзига қандай қараса, дўстига ҳам шундай қарайди. Ўзи учун яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади. Бу биринчи мартабадан юқорироқдир.
Учинчи, олий мартабадаги дўстлик киши ўз дўстининг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйишида акс этади. У ўзи истаб турган, яхши кўрган нарсасини дўстига беради.
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, «Беайб парвардигор» деймиз. Ҳар ким ҳам хато қилиши мумкин. Шундай пайтларда дўст дўстининг айбини бошқаларга айтмасдан, иложи борича унинг камчилигини яширишга ҳаракат қилиши лозим экан. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, Ҳадиси шарифда «Кимки дўстининг ҳожатини раво қилса, унинг ҳожатини Аллоҳ таоло раво қилади. Кимки бир дўстининг ғамини кетказса, унинг ғамини Аллоҳ таоло кетказади. Кимки бир дўстининг айбини беркитса, унинг айбини Аллоҳ таоло беркитади» дейилиши ҳам бежиз эмас.
@temurpoyonovv