Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га ўтиши ҳақидаги хабарлар бир пайтлар Кореяда машҳур бўлган бир иборани эслатиб юборди – “Лидс даври”. Бу ибора шу қадар оммалашдики, футболдан ташқари мавзуларда ҳам ишлатилар, шу билан бирга ҳамма маъносини тушунарди. Бирор ишни эплолмаётган одам эътирозлар эшитганда шунақа дейди – “эҳ, Лидс даврида кўрмагансан-да мени”.
Бу иборанинг келиб чиқиши Пак Жи Суннинг “Манчестер Юнайтед”га ўтиши билан боғлиқ. 2005 йилда манчестерликлар кореялик футболчини “ПСВ”дан трансфер қилишади. У пайтларда бу корейслар учун жуда катта воқеа, корейс футболчилари бу қадар топ-клубда тўп суриши кузатилмаганди. Табиийки, ҳамма, шу жумладан футболга унчалик қизиқмаганлар ҳам бошида “who is Pak?” деган бўлиши мумкин, аммо кейинчалик бутун мамлакат футбол мухлисига айланиб, “МЮ” ўйинларини кузата бошлайди.
Бир йил олдин “МЮ” “Лидс”дан Алан Смитни сотиб олганди. Смит “Лидс”да ҳужумчи сифатида тўп сурган, АПЛ нинг энг яхши футболчиларидан бири эди. Аммо Манчестерда унинг ишлари юришмади. Ван Нистелрой ва Руни билан рақобатда у ютқазди, Рой Кин жамоани тарк этгач эса Фергюсон Смитни яримҳимояда синаб кўра бошлади. Айни ўша пайтда Пак ҳам таркибга келиб қўшилган, бу икки футболчи бир позиция учун деярли рақобатчи эди.
Ҳар ўйинда севимли ватандошини кўришга қизиққан корейсларга табиийки, Алан Смит ёқмай қолди. Мураббий баъзида Пакни эмас, Смитни танлагани учун танқид қилишар, Смитнинг ҳар бир хатосини муҳокама қилиб, чатларда қизғин иштирок этишарди. Ўз навбатид Смит ҳам у қадар ёрқин ўйнамаган, қайсидир маънода шундай корейсларга имкон берарди ҳам.
Ана шу пайтларда футболни, Англия чемпионатини аввалдан кузатиб юрган, ҳақиқий футбол мухлисларини тасаввур қилаверинг. Албатта, янги пайдо бўлган “пакчи” мухлислар армияси уларни ғашига тегар, қаерда бўлса шундай муҳокамаларда орада пайдо бўлиб, “Сен Смитни “Лидс” даврида кўрмагансан” деб жавоб бериб юрардилар. Айнан шундай аргумент жуда кўп ишлатилганидан, алоҳида маъно касб этадиган иборага айланиб кетди.
@aslanov_futbol