БИР ҚЎЛИМ ҚОРА, БИРИ ОҚ...Кеча "Дада, нега бир қўлиз қора, бири оқ?", деб савол бериб қолди қизим. Сизнинг-ча, у нима ҳақида сўраяпти?
Агар қизимнинг ёши бешда бўлмаганида фалсафий савол берган, яъни “Сиз икки хил инсонмисиз” қабилида савол берган, деган бўлардингиз. Ёшига қараб эса реал бир сабабга кўра изоҳ берасиз!
Қизим офтобда қорайган ва қораймаган қўлим ҳақида сўради.
НИМА ДЕЙ?Қўлим қораймаслиги учун, машинани тонировка қилишим керак. Яъни ойнасини қорайтиришим керак. Бу қонунга зид! Шунақа қилсам, илк маротаба 25 та энг кам иш ҳақида миқдорида (5 068 250 сўм) жарима тўлайман. Бу ҳолат такрорланганда эса 40 та ЭКИҲ миқдорида, яъни 8 109 200 сўм жарима тўлайман, дейми?
Ёки ўтган йили 1 августдан ойнани қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўлов жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари, юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари ва хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари этиб белгиланди, дейми?
Ёки ёзнинг иссиқ кунларида қуёшдан сақланган ҳолда юришим учун 20 миллион сўмдан ортиқ харажат қиламан ва 1 йил “крутой”га ўхшаб тонировкада юраман, дейми?
Ёки ЎзА деган сайтда ёзилишича, жорий йилнинг беш ойи давомида рухсатномасиз машина ён ойналарини қорайтирган ва пардалар билан ёпган 1072 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, чора кўрилган. Рухсатномасиз машина ойналарини қорайтириш энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдоридаги жарима билан жазоланган, дейми?
Ёки юртимизда 8-9 ой қуёш чарақлаб, ёз чилласи одамни беҳузур қилади. Аксарият автомобиль ҳайдовчиларининг бир қўли офтобда куйганидан ҳам ажратиб оласан. Қолаверса, сен қўрқадиган дўхтирлар қуёшнинг ультрабинафша нурлари тери саратони касалига олиб келишидан огоҳлантиради, дейми?
Ёки пулини тўласанг – қонунга итоаткорсан, тўламасанг – ҳуқуқбузарсан. Ана шунақа антиқа мантиқ бор, қизим, дейми?
(Кошкийди, ҳозир қизим буни тушунса. Ўша таклифни берганлар, тасдиқлаганлар тушинмаяптию, сен қайдан тушинардинг халқ дардини, болам)
Хуллас, унга “Чап қўлим меҳнаткаш, шу учун қора, ўнг қўлим дангасалардек салқинда “ётгани” учун оппоқ”, дедим.
У бўлса, “енги узун куйлак кийинг – қораймайди”, деди. Ҳақиқатданам нега шу эсимга келмади-я! Осон экану!
Уланинг: 👉
https://t.me/joinchat/AAAAAFDZMZmBgQxdHdKkNA